ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
53.ТУРЛАНИШ
Хорижда яшаётган бир опахонннинг ёшликдаги дугонаси келганда у уни
ҳар куни меҳмонга олиб бориб мақтар, бу дунёдаги энг азиз кишим, деб
айтар эди. Кунлар ўтиб дугонасининг қизини укасининг ўғлига олиб берди.
Қудалар апоқ-чапоқ бўлиб, дугоналарнинг орасига қора мушук оралади.
Опахон ҳамма жойда ўз укасини айблай
бошлади, “келини ҳали Ўзбекистондан келиб тил ўрганган эмасу институтда
ўқияпти деб ёлғон гапиради” дерди.
Дугонаси ҳақида ҳам энг ёмон одам ҳақида айтиладиган гапларни гапириб юрди. Орадан олти ой ўтиб қудаларнинг ораси бузилди.
Энди опахон дугонасини мақтаб юрибди яна. У дугонасини кўкларга кўтариб мақтаркан, у олтин қиз етиштирганини айтарди.
Бир ҳафталик ташвиқотдан кейин опахон радио бўлими бошлиғига учраб
“келинимиз университетда ўқияпти” деди ва уни ишга олишни илтимос қилди.
Уни ўзингиз қоралаб юрган эдингиз, энди мақтаяпсизку, деган саволларга, одам тош эмаску, одам ўзгариб туради деб жавоб берарди.
Ҳа, одам ўзгариб, турланиб турар экан. Бунинг ёрқин мисоли унинг ўзи эди.
54.ТАСОДИФ
Ўзбекистондан келган меҳмонлар иккита совға олиб келишган экан. Бири
хонанда Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари ёзилган CД(диск), иккинчиси эса,
ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари битилган касета.
Дискда президентга ҳамду сано ўқиган сарой фидокорининг тўплами.
Диск қутисининг ҳам ичи, ҳам ташқарисида унинг суврати. Ёзувлар ҳам
зарҳал. Овознинг техник сифати ҳам юксак. Ўзбекистонда ҳар куни кундан
тунга қадар такрор ва таркрор бериладиган қўшиқлар. Эшитсангиз
кўнглингиз бузилади. “Ватан сотқинлари”, “элфурушлар”, “президент
халқнинг отаси”, “шоду хуррамликлар” ва ҳоказо гаплар. Оғзи қийшиқ
бўлса ҳам бойинг боласи гапирсин деганларидек, Юлдузнинг оғзи қийшиқ
бўлмаса ҳам, бойга яқинлиги сезилиб турарди.
Касетада эса, Дадахон Ҳасаннинг Туркистон ва Ўзбекистон ҳақида
ёзилган ва басталанган янги қўшиқлари. Туркистон бирлигини унутганлар,
Ўзбекистонни мардикор бозорига айлантирганлар, зулм занжирини
тутганлар, халқнинг оғир аҳволи ҳақида. Касетадаги ёзув сифати паст.
Ўзбекистонда бир марта ҳам эшиттирилмаган қўшиқлар.
Бу икки ҳадя балки тасодиф эмас, солиштириш учун атайлаб берилган ҳам бўлиши мумкин.
Аммо мени ҳайратга соладигани халқимиз ҳар иккисини ҳам бирдай эшитавериши эди.
(Давом этади).