Дунёнинг ишларига ҳайронман. Мана ҳеч кимга сир эмаски ўзбеклар,ўзбекистонликлар дунёнинг тўрт томонига тирқираб кетди.Аммо қаерда бўлсак ҳам Ватан соғинчи,фарзандлардан олисларда улар дийдорига зорлик бирор дақиқа бўлмасин ҳаловат бермайди. Тўғри бу ёқларда инсон учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган.Лекин мени жуда кўп ўйга толдирадиган нарса шуки,нима учун ўта бой табиий заҳираларга эга бўлган Ўзбекистонимизда одамлар чор-ночор кун кечирадилар? Бундоқ ўйлаб қарасам бу ривожланган мамлакатларнинг кўпчилигида дуруст бир тишга босарлик бойлиги йўқку, аммо одамлари тўкин-сочин яшашади. Менимча бу нарсаларнинг нима сабабданлигига бироз ақлим етгандай бўляпти. Менинг назаримда одамларимиз ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик у ёқда турсин оддийгина оқни оқ,қорани қорадан ажратиш у ёқда турсин,бир-бировига меҳр-оқибат фақат мол-дунё устига қурилиб боряпти.Албатта қаердаки моддий манфаатдорлик инсон қадр-қимматидан юқори турар экан ўша жойда қут-барака ҳам бўлмайди. Бугун одамшаванда,қўли очиқ ҳотамтой бўлган,кези келганда анча-мунча алғов-далғов замонларда бошқа миллатларга қучоқ очиб, дастурхонидаги бир бурда нонини баҳам кўрган ўзбеклар орасида бугунги ўзаро муомала-ю,мулоқотларда риёнинг кучайиши кўп таажубимни оширади. Биз Ўзбекистондан чиқиб четда тирикчилик қилиб юрган бир неча ўзбеклар шу ёқларга келиб бироз кўзимиз очилди.Моддий етишмовчиликлар дурустроқ илм олишимизга ҳам имкон бермади.Худонинг буйруғи экан умуман тилини тушунмаган юртларга келиб компьютер нима,интернет нима ўргандик. Дунё биз ўйлагандан кўра кўп карра илгарилаб кетган экан. Доимо Ватанда қолганларни ўйлар эканмиз ўз ҳақлари учун курашиш ўрнига йўқ жойдаги машғулотлар билан бандликларидан ачинамиз. Биз ҳозир яшаётган мамлакат мисолида ўзбекистондагиларга кўп нарсаларни айтгим келади.Шулардан ўрганишни таклиф қилгим келади.Лекин айтаётганларимни уларнинг ҳаммаси ҳам эшитавермаслигини,эшитиб кўрадиганларига ҳам чекловлар,тўсиқлар қўйилганидан куюниб кетаман.Аммо нима бўлганда ҳам ҳозир ўзим истиқомат қилаётган юрт фаровонликка қандай эришгани ва ҳаётни қай йўсинда бир маромга солганликларидан ҳикоя этувчи бир нималар ёзиш ниятим йўқ эмас. Худо ҳоҳласа бу айтаётганларим шу мақсадим йўлидаги уринишларим бўлса ажаб эмас. Ҳамюртимиз айтган шу гапларни оққа кўчирар эканман,унинг "илтимос ака,гапларимни матбуотда берсангиз исми-шарифимни ва манзилимни кўрсатмасангиз",деган гапларидан хомуш тортдим. Бугун Ўзбекистонда юрагингдаги ҳақ гапни айтиш хавфли.Аксар ҳолатларда эса ҳаётинг учун фожеаларни ҳам келтириши мумкин.Ҳамюртнинг "нега оқни-оқ,қорани-қора дейилмайди экан-а",дея ёзғириши аламли ўкинч ҳиссини қўзғатади.Ўз ҳақинг учун сўз айтолмасликдан ортиқ хўрлик бормикан бошқа? Ҳамюрт Эркинжоннинг сўзларини оққа кўчирувчи Ризо Обид.