-Оиламиз номидан сизга бироз ёрдам қилмоқчи эдим…
-Раҳмат, ўзимизга тўқмиз…
Мен ихлос қўйган миллий шоиримиз, қаҳрамон шоиримиз Юсуф Жума доим мени ҳайратга солади.
Унинг шеърлари бир ҳайрат…
Бир нарсани такрор ўқишни ёқтирмайдиган хуйим бор. Аммо Юсуф Жуманинг
шеърларини қайта-қайта ўқишдан чарчамайман. Ҳар сафар айри бир ҳайрат
мени чулғаб олади.
Унинг топқирлиги, ҳамма кўра олмаган нарсани кўра олиши, ҳамма ҳис қила
олмаган туйғуларни сатрларда чизиб бериши мени ҳайратга солади.
Унинг шеърларидаги гумбурлаган ҳайқириқ, нурафшон ёрқинлик, зулфиқордек
ўткирлик, инсон дардига шериклик, миллат ташвишига ҳамоҳанглик, даврга
ҳамқадамлик айри бир ҳайрат манбаи.
Юсуф Жума мақола ёзса, фикр айтса ҳам гапни айлантириб юрмайди, қисқа
ва лўнда қилиб, шартта-шартта айтади қўяди. Қойил қоламан унга.
Уни қамашларидан олдин эди׃
-Балки четга чиқарсиз,-дедим унга.
-Мен Ватанни ташлаб кета олмайман,-деди у.
“Қизил” гапга ўхшайди. Аммо асл шоир қизил гап айта олмайди.
У зулм зиндонида ётиб чиққандан кейин АҚШ мулозимлари унга сиёсий бошпана таклиф этишди, у қабул қилмади.
-Мен Ватанни ташлаб кета олмайман,-деди.
Унга инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлишни таклиф қилганлар бўлди. У׃
-Бу ишни пулга қила олмайман,- деди ва даладан ер олиб деҳқончилик баробарида қилди бу ишни.
Асл шоир мана шундай ғурурли, мағрур, масрур ва эътиқодли бўлади.
Юсуф Жуманинг шеърларини нашр этар эканман, унга ёрдам тавсия қилгандим.
-Сиз чет элга пул топиш учун кетмагансиз, ўлимни четлаш учун кетгансиз,
аслида биз сизга ёрдам қилишимиз керак,-дея менинг таклифимни рад
этганди.
Унинг ғурурига тегиб қўйдимми дея қайтиб бу ҳақда сўз очмадим.
Аммо яқинда - 2007 йилнинг 25 Июлида унинг ногирон ўғли Машрабжонни
қамашганда ва у оиласи билан ҳар куни пикет ўтказганда ўзимни қўярга
жой тополмадим. Миллат деб ёнган инсоннинг ёнида бўла олмаганим мени
эзиб юборди.
Жуда юмшоқ оҳангда, минг мулоҳаза билан оиламиз номидан ёрдам қилмоқчи эканлигимизни айтдим.
-Биз учун шунча қилаётган ишларингизга раҳмат. Шунинг ўзи ҳам бизга
етиб ортади. Пикетда сизни доим ёнимизда ҳис қилмоқдамиз. Раҳмат,
ўзимизга тўқмиз,-деган жавоб олдим.
Мен яна бир марта ҳайратга тушдим. Чунки биз фидойилик ҳақида кўп
гапириб амалда фидойиликни ҳам пулга ўлчайдиган бўлиб қолдик. Битта
мақола юбориб, орқасидан “пули нима бўлди” деган “ватанпарварларга” кўп
дуч келдим. Негадир улардан ҳам хафа бўлмадим. Тирикчиликка йўйдим.
Аммо Юсуф Жума мени ҳайратга солди ва ҳайратга солишда давом этмоқда.
Балки унинг улуғлиги, буюклиги ҳам ана шунда-одамларни ҳар кун, ҳар
соат, ҳар лаҳзада ўз шеъри, ўз сўзи, ўз фикри, ўз ҳаракати билан
ҳайратга солишидадир?!
ЖАҲОНГИР МУҲАМММАД.