Ризобек Воскресенье, 2025-07-27, 01.13.55
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Август » 16 » Нуқтаи назар
    23.11.42
    Нуқтаи назар

    ТЎҒРИ ТАРАФГА ЭГИЛИШ САНЪАТИНИНГ УСТАЛАРИ

    Ҳеч кимга сир эмас, АҚШ ҳамма вақт у ёки бу давлатда инсон ҳуқуқларининг паймол қилиниши, бўлиб ҳам унинг нақадар хунук кўринишга эга бўлиб бориши ҳақида бонг уриб келувчи давлат ҳисобланади. Айнан шунинг учун бўлса керак, дунёнинг истаган бурчида яшовчи фуқаро, ҳуқуқлари бузилгани ҳамон ўша АҚШ томон юзаланади, ундан ҳеч бўлмаса маънавий, руҳий мадад кутади. Анча-мунча давлатларнинг гапини тийинга олмайдиган режимлар ичида ҳам АҚШга суянган ва унинг кескин чиқишидан умидвор яшаганлар бўлган, ва ҳатто маълум ютуқларга эришган ҳам.

    Инсон ҳуқуқларининг паймол бўлиши, Туркияда ўтган саммит пайтида ҳақли таъкидланганидай, маълум бир давлатнинг ички иши эмас, умум жаҳон масала. Шу боис ҳам инсон ҳуқуқлари топталган пайт, бўлиб ҳам ҳуқуқларнинг топталиши алоҳида қўпол тарзда амалга оширилаётган пайт, дунё қалқиб оёққа туриши шарт эди. Ўша дунёларга қарашли матбуот эса, жағи тинмасдан шу мавзуга барчанинг эътиборини қаратиши шарт эди! Акс ҳолда бутун дунё, шу жумладан АҚШ ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида майнавозчиликка ўтган бўлиб қолади. Зеро, ўша эслаганим саммитда АҚШ ҳам, бошқа, ўзини маълум маънода демократ санайдиган давлатлар ҳам иштирок этган, бу муҳим ҳужжатга имзо чеккан. Худди демократия деса шахсий манфаатини тушунадиган давлатчалар раҳбарлари сингари.

    Имзо чекканми, демак зиммасига олгани мажбуриятни бажармоғи ШАРТ! Ўзининг молиявий қарамоғида бўлган радиосига ҳам жиддий талаб қўйиши ШАРТ! Негаки, радио сўнгги пайтда АҚШнинг дунё жамоатчилиги олдидаги нуфузига эмас, Ўзбекистон ҳукуматининг жаҳон оммаси олдидаги тўкилган обрўсини тиклашга хизмат қилаяпти. Ахир буни тушуниш учун ўзбек бўлиш шарт эмас. Наҳот америкаликлар аҳмоқ қилинишни севишса? Афтидан севишади. Унда жуда ҳам табиий савол туғилади, аҳмоқ қилинишликни ҳуш кўрувчи аҳмоқлардан умид қилиш нақадар ақлли иш? Ўзбекларда (мен бугунги замон ўзбегини эмас, ҳақиқий ўзбекларни, мард, жайдари, бир сўзли ўзбекларни назарда тутаябман) бир томонга тиржайиб, иккинчи томонга билагини тутадиганларга нисбатан айтилувчи зўр гап бор. Уни бу ерда келтириб ўтириш шарт эмас. Зеро, бугун ўша номга муносиблар ҳам, муносибларга қарата шу сўзни айтаётганлар ҳам, уни яхши англашади. Айтмоқчи бўлганим, шунақанги бўлишни ҳуш кўриш кайфиятига эгалар билан тиллашиш шартми?

    «Туронзамин»да шоир Юсуф Жуманинг ўғли Алишер айтган сўзларни ўқиб, юрагим эзилди. Тавба, шу Юсуф Жумага ҳам қойил қолмадим. Шоир, ахир сиз пикетга Озодлик радиоси эътибор қаратсин учун чиқмагансиз-ку, нима кунингиз шу тутуруқсиз лаганларга қолдими? Ақли расо инсонларнинг аксари, аллақачон бу радиодан юз ўгириб бўлди-ку, наҳот билмайсиз? Сиз Машраб учун, ўша ногирон, бутун дунё унинг ҳолидан хабар топиб қалқиб кетиши шарт бўлган Машраб учун пикетга чиққансиз, буни унутманг. Озодликнинг ўша пайтлари жим тургани, наҳот сизга бу пайт кимлар жим туришини англатмади? Айтингчи, ўша пикет бошланганидан буён ҳукуматга қарашли нечта идора лаббай деб ёнингизга югуриб келди? Нечтаси сизнинг ҳолингизга бонг урди? Шундай экан, Озодлик ҳақида ҳам хулоса қилаверинг! Ахир бугун ҳамма бу радио кимнинг ўйнашига айлангани, унда кимнинг ҳезалаклари ишлашини биладику. Шоир билинг, сизнинг тоза кўнглингиз бошқаларда ҳам шундай, деган гумонга боришга асос бўлолмайди.

    Аслида шоирга, мана шу халқнинг оғриғини ўзида ҳис қилиб, нидо қилаётган шоирга бу сўзларни айтиш оғир. Шоир сиз қанчалар бу халқ ҳақида куюнманг, у барибир номард, ўлгудай қўрқоқ, сотқин, хойин, фитначи ва лаган, дейиш жуда ҳам оғриқли. Аммо ҳақиқат шу эрур.

    Биз кўпдан бери қойил қоладиган бир аёл бор. Ўзи ғирт ўрис, бир қарашда бу миллатни, бошқа ўрислар ва бугунги омади чопган ўзбеклар қатори илиб қўйиб юриши мумкин. Йўқ, ким билади, унга Жаҳонгирлар, Тўмарис ва Нажмиддинлар руҳи сингганми, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфий руҳлари сингганми, нуқул ўзбек учун курашга чиқади, тепилса ҳам, урилса ҳам, ҳатто жиннихоналарга тиқилса ҳам. Мен ўзим эшитганман бир неча бор мелисаларимиз, давлат идораларидаги казоларимиз, ўрис ҳамюртларимиз ва айрим журналистларимиз, «сенга шу нарса зарурми, ўлиб кетишмайдими нима ишинг?», дейишган. Шунда бу аёл, «йўқ, мен бу халқни бутун қалбим билан севаман, бутун борлиғим билан севаман», деган. Ана шу аёл ҳўв бир ёқларда ўтириб олиб, виски симирганча, бир бирига суқланиб қараётган мухбирчалардан мардроқ чиқди. Қаранг, шартта Қоракўлга етиб бориб, Юсуф Жуманинг ўғли учун пикет қилмоқчи бўлди.

    Минглаб бошқа ўзбеклар ҳатто ҳўв Европада бўлишса ҳам, қўпол айтганда тупугини ютиб ўтирганида, у шартта борди, мелисасига ҳам, ҳокимига ҳам очиғини айтиб огоҳлантирди. Нима бўлди? Ўлдиришмади, уришмади, ҳайрон қолишди ва ҳатто қалбан у аёлга тан беришди. Ўша мелисалар ҳам, прокурору МХХчилар ҳам, чунки аёл бир бордию,ғалабабилан қайтди. Ана, кимлар учун шоир кейинчалик шеърлар битмоғи керак, ана, кимлар учун шоир ўз кишиси бўлмоғи керак. Шоир, сиз ўзбекка эмас, сиз ана шу шўрлик рус аёлига муҳимроқсиз, сизнинг ҳар бир ҳужайрангизда пайдо бўлувчи оғриқ учун, ўша рус аёли жонини фидо қилишга тайёр, бош эгмай бўладими, унга? Йўқ, бўлмайди, бош эгайлик! Ўзбек-чи, ўзбек одати бўйича рухсат беришса севади, беришмаса жим ўтиради, Озодлик шунга яққол мисол. Тилининг эгаси бошқа ёқда. Нафақат тилини, аслида шоир тўғри айтдингиз, бошқа жойларини ҳам эгаллаб олишган Озодликдагиларнинг.

    АҚШ-чи, мутлақо гўл давлат экан, тавба. Энг теппасидан, то энг пастигача гўллар йиғилган экан. Нега? Яқинда уч-тўрт журналистлар АҚШнинг катталаридан бири билан суҳбатда бўлдик. Аслида мутлақо бошқа мавзуда гаплашар эканмиз бояги мулозим бирдан, «Озодлик радиосига бироз ножўя одамлар йиғилиб қолгани ҳақида хавотирли хулосаларга эга бўлдик. Сизлар бу борада нима дейсизлар?», деб қолди. Индамай елка қисдик. Чунки Озодликдаги вазият учун биз масъул эмас, бизга халқ ибораси билан айтганда, бугунги Озодликни сув босса тўпиғимизгача. Шунда бояги меҳмон, «бизда шундай маълумот бор ва биз бу масала устида ишлаябмиз», деди. Кўпроқ назаримда бу сўзни у ўзи учун айтди. Зеро, бизга ишлаётгани ҳам, ишламаётгани ҳам бир тийин эди. Ўзига айтганда ҳам қандайдир ишончсиз оҳангда айтдики, радиодаги вазият уларга ҳам «по» экани англанди.

    Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонга тўда-тўда бўлиб келаётган АҚШ мулозимлари, уч-тўртта бекорчини йиғволиб, «биз ундай, биз бундай» деб уқтирар чоғи, нақадар кулгу бўлаётганини билмайдими? Зеро, улар ундай, бундай эмас, аллақачон ундай эмас. Ҳаммаёқда уларни ундай ва айнан уларни бундай-ку! Озодликда ўтирганлар биласизми, ҳар куни радио раҳбариятини ундай-бундай қилишади. Ахир соғлом ақл эгалари бўлганида эди, кимдир уларни нимадир қилаётганини сезармиди? Сезмаганидан кейин, қўл силтайсизда, ахир. Аслида гўл ҳам деб бўлмас экан, чунки гўл ҳам маълум вақт кимдир уни нимадир қилаётганини сезиб қолиши мумкин, булар сезмайди, «ок» деб тураверишади, керакли томонга эгилиб. Ҳой, сени анча эгиб қўйишди, мундоқ ақлингни йиғмайсанми, десангиз, тиржайиб «сорри» дейишади. Бу худди, ҳалиги, қўявер, менга маъқул нарсага нега аралашасан, дегандай, тавба.

    Хулоса қилинг шоир, уларга шу маъқул, Озодлик бу ёқдагиларга эгилиб турса, у ёқдагилар эса (ҳўв ёқдагиларчи, денгиз ортидагилар), Озодликдагиларга эгилади. Қўяверинг, уларга маъқул ишга хафа бўлиб нима қиласиз. Ана, Москвада ҳезалакларни уришса ҳам, тепишса ҳам барибир парад қилишди-ку. Озодлик учун ана шундай мавзулар долзарб, маънавияти учун яқинда бундай мавзулар, шоир. Сизнинг иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ўғлингиздан нима фойда уларга?

    Яратганга шукур. Шоир ёлгизланмади, бизнинг сайт бу ҳақда гапирди, Қозоғистондаги “Голос свободы” деган сайт гапирди, Қирғизистон гапирди, муҳими эса Қоракўлга Тошкентдан одам етиб борди. Нима бўлса бўлсин деб етиб бориб, шоирни қўллади. «Правозащитный альянс Узбекистана» деган жамият етиб бориб қўллади, баракалла!

    Шоиримизни ҳам асраб бермасанглар ўзимиз буни эплай олмаймиз, ҳеч кимга айтмангу, ўлгудай қўрқоқмиз… Фақат тссс, ҳеч ким билиб қолмасин, ҳўп?

    Нидои Мазлум
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz