Васила Иноятова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси
Мурувват эмас, адолат керак!
Шу
йилнинг 24 июль куни Бухоро вилояти Қоракўл тумани Човли қишлоғида
яшовчи фуқаро Машраб Жумаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг
169-моддаси (Ўғирлик) ҳамда 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни
аксилижтимоий ҳаракатга ундаш) сингари айблов билан ҳибсга олинганди.
Дастлабки тергов ва суриштирув чоғидаёқ гумондорга нисбатан қийноқлар
қўлланилгани, унинг процессуал ҳуқуқ ва манфаатлари топталгани маълум
бўлди. Ишда даъвогар сифатида кўрсатилган фуқаро Бургут ва Эргаш
Ризаевлар сўнгра ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг тазйиқи
остида даъво қилганини тан олишди. Машраб иккинчи гуруҳ ногирони
бўлиши, қилмишида ижтимоий хавф бўлмаганига қарамай тергов давомида
унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқ жазоси қўлланилди.
Ваҳоланки,
Машраб Жумаев ва Бургут Ризаев ўртасида муайян миқдордаги олди-берди
бўлган ва Машраб ҳамқишлоғидан қарзини тўлай олмаса қўйини беришни
сўраган. Мазкур ҳолат ўзаро соф ҳалол ижтимоий муносабат бўлиб,
фуқароларни бу ўринда жиноий жавобгарликка етаклайдиган мотив мавжуд
эмас. Аммо Машрабни ҳибсга олиш замирида маҳаллий кўламдаги коррупция
ва уюшган жиноятчилик, мамлакатдаги нодемократик вазиятни аёвсиз танқид
қиладиган шоир Юсуф Жумага зарба бериш истаги ётгани маълум. Ҳарқалай,
воқеалар ривожи шуни кўрсатдики, Машраб билан боғлиқ ҳодиса тўла-тўкис
ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг провакацияси экан.
Демократик
ҳамжамият ва мухолифатчи шоир Юсуф Жума хонадонининг тўхтовсиз
норозилик ҳаракатлари, ҳатто даъвогарларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш
идоралари провакациясига қаршилик кўрсатишга жасорат топа билгани
туфайли Машраб кеча, 14 августда суд залидан озодликка чиқарилди. Бироқ
унга нисбатан қўлланилган қийноқ ва маънавий-руҳий босимларнинг ўлчови
йўқ. Отадан қасд олиш мақсадида уюштирилган провакация натижасида
Машрабнинг соғлиғига зарар етди, 20 кунлик ҳибс жараёнида ота-она,
қариндош-уруғлар чеккан заҳматларнинг ҳисоби йўқ.
Ўзбекистон
инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Машраб Жумаев иши мисолида мамлакатда
ҳурфикрлилик, демократия ва ўзгача илғор қарашдаги шахсларга нисбатан
амалга оширилаётган зуғумларни таассуф билан эътироф этади. Отанинг
сиёсий фаолияти учун болани жавобгар қилиш ёхуд мухолфат вакилининг
қарашлари учун қариндошларини жазолаш тенденцияси шаклланаётганини
қоралайди. Зеро, ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли қамалиши, таниқли
инсон ҳақлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ўғли узоқ муддатли
қамоқ жазоси олиши, таниқли имом Руҳиддин Фахрутдиновнинг балоғатга
етмаган қизининг зўрланиши сингари далиллар жамиятдаги зўровонликка
асосланган бошқарувнинг жирканч башарасини фош этади.
Жамиятимиз
таниқли мухолифатчи шоир Юсуф Жуманинг мунтазам тайзиқ ва таъқиблар
остига олишини, хусусан, 2001 йилда унинг Ўзбекистон Республикаси
Жиноят Кодексининг 158-моддаси (Президент шахсига тажовуз қилиш) билан
айблангани ҳамда Машраб Жумаев ишини бир-бирига алоқдар ҳисоблаб,
Республика Бош прокуроридан мазкур ҳолатлар бўйича изоҳ беришни талаб
қилади. Машраб Жумаев ишини олиб борган Қоракўл тумани ИИБ ва
прокуратураси ходимларини гумондорнинг қилмиши исботланмагани, ишнинг
тўлиқ провакацион характердаги экани туфайли жавобгарликка тортиш
лозим, деб ҳисоблайди. Мамлакатимиз қонун ва меъёрий ҳужжатлари,
Парламентимиз томонидан ратификация қилинган халқаро Конвенцияларга
мувофиқ, Жумаев хонадонига келтирилган моддий ва маънавий зарар миқдори
компенсация қилиниши лозимлигини эслатади.