Андижондаги Чувама кўчасида жойлашган Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг мўжазгина ҳовличасида хизмат юзасидан бориб,меҳмон бўлганимда асосан у инсон ҳақлари бузилиши ҳоллари хусусида куюниб айтганлари кечагидай қулоғим остида янграб туради. Ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмаган Саиджаҳон Зайнобиддинов Андижон фожеалари ҳақида ер юзига ҳақиқатни етказишда жасорат кўрсатган қаҳрамон,десам муболаға бўлмас. Шундай инсонга уйидан "фалон топилди,пистон топилди ва мана бунча валюта чиқди",деган гап-сўзлар ҳаммаси золим зулмкори бўлган маҳкамаларнинг бўҳтончи хизматкорларининг сохта айбловлари эканига заррача шубҳа йўқ. Бу гапларни ишонч билан айтаётганимнинг боиси унинг хонадонида бўлар эканман у тирикчилиги хусусида сўраганимда, аҳли аёли билан Наманганнинг Чуст шаҳридан дўппи таглигларини олиб келишар, у ҳафтадан бу ҳафтагача Саиджаҳоннинг кекса онаси,аёли ва мактаб ёшидаги қизчаси тунларни тонгга улаб игна устида заҳмат чекиб ўтириб дўппиларни бозорбоп қилиб тайёр ҳолга келтиришар,тайёр дўппиларни эса Саиджаҳон ўзи ва ўғли билан Андижон улгуржи бозорига олиб чиқиб сотишар экан.Бу жараённинг бошидан охиригача шахсан ўзим шоҳиди бўлганман. Бу машаққатли меҳнат эвазига келган маблағ ҳисобидан чегириб, инсон ҳақлари билан шуғулланар,ўша пайтда 40 ёшдан ўтиб 50 ёшни қоралаб бораётганига қарамай олийгоҳда ҳуқуқшунослик бўлимида сиртдан таҳсил олар экан. Менинг гувоҳлигимда неча киши унга телефон қўнғироқлари қилишиб,ҳуқуқий кўмак сўрашди.Кечки пайт эса унинг хонадонига келиб,ариза-шикоятларини топширганлар бўлди. Саиджаҳон Зайнобиддинов бу фаолияти учун ҳеч кимдан моддий тўлов талаб қилмади.У туб маънода инсон ҳақлари ҳимояси фидокори эди. Саиджаҳон Зайнобиддинов билан икки кун хонадонида бўлиб,бафуржа ўтириб суҳбатлашишга вақт-фурсат бўлмади.Ўринга тунги соат 1-2 ларда чўзилгач, бироз ўзи ҳақда сўраб билдим ва кундузлари сўрамасдан ҳам у ҳамиша одамлар ташвишида елиб-югургани гувоҳи бўлдим. Каримов режими Саиджаҳон Зайнобиддинов каби ҳақсевар,одамлар ташвишида елиб-югурувчи фидокорларни ёқтирмаслиги аниқ.Шу боис ҳам Андижон фожеаси гувоҳи бўлган Саиджаҳон Зайнобиддиновни зиндонда тутқунликда сақламоқда. Гоҳ-гоҳда у ҳақда ҳалқаро ташкилотлар тарқатаётган хабарнома,ҳисоботларда Саиджаҳон Зайнобиддинов ноҳақ қамоқда,каби шунчаки матнларга кўзим тушиб қолади. Менимча, судда ҳамкасбларини ноиложликдан сотган айрим сохта журналист,инсон ҳақлари ҳимоячиларидан фарқли ўлароқ Саиджаҳон Зайнобиддинов ўз йўли тўғри эканлигида қатъий тургани учун ҳам озод этилмаяпти. Агар унинг ҳимоясига ҳамма ҳамжиҳатликда курашса ёҳуд ўз сўзини айтса имоним комилки у айримлар сингари сафдошларини сотишга киришмай,балки ҳақ сўзда туради. Шундай экан, чинакам инсон,ҳақ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновдай шерюрак ватандош,миллатдошимиз ҳимоясига ҳамма ҳамжиҳатликда киришиш керак.