Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.36.26
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 34
    Гостей: 34
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Август » 18 » Мурожаат
    23.27.04
    Мурожаат

    Ўзбек мухолифат фаолларининг ўзбек ёшларига

    МУРОЖААТНОМАСИ

    Қадрли миллат тақдирига, юрт истиқболига бефарқ бўлмаган Ватандошлар!

    Юртимиздаги оғир иқтисодий ва сиёсий шароитлардан барчангиз хабардорсиз.

    Барчамизни бир савол ўртайди.

    Шундай қимматбаҳо бойлик заҳираларига, унумли тупроғига, меҳнаткаш халқига эга маскан нега бундай аянчли аҳволга тушиб қолди?

    Яқин ўтмишга назар ташласак, шўро тузуми, худди шохларимизга тиралган тиргакдай бизни мустақил ва кучли булиб ўсишимизга имкон бермади.

    У тиргакларини олганда эса, тиргакка ўрганган қомат ўз қаддини ўзи кўтаролмади.

    Ўтган 17 йилдан кўпроқ мустақиллик даврида биз эски советлар худудидаги энг қолоқ мамлакат даражасига тушдик. Шундай экан биз хатолардан фориғмиз дейишга хақсизмиз.

    Ўзларини Ўзбекистондаги золим режимга қарши ҳисоблаганлар ўз фаолиятларида, курашларида катта камчиликларга йўл қўйдилар. Аммо хатолар тўғрисида гап кетганида кўпчилик "лидерларимиз" хато қилишмаганларини айтиб, кўкрак муштлайдилар.

    Агар сиз билан биз хато қилмаган бўлсак, унда ким хато қилди?
    Хатолар бўлмаганида бугунги кундаги каби оғир иқтисодий ва сиёсий инқирозга юз тутармидик?

    Бугунги ўзбек мухолифатининг аҳволига қараб тарихда ўрганганимиз "Муз устидаги жанг" ёдимизга тушиб кетади. Гўё бизнинг мухолифат ҳам, уларнинг отлари ҳам керагидан ортиқ қурол аслоҳаларни, оғир темирдан ишланган совут ва дубулғаларни кийиб олгану, жойидан силжишга ҳоли йўқ. Жанг майдонини салобатли фигуралар эгаллаб турибди-ю, аммо улар ғалабага дахлдор эмаслар. Ўша оғир фигураларнинг узун найзалари душманга эмас, бир бирига тегиб отдан ағдараётгандай, отдан ағдарилганлар эса муз устида ўзини ўнглаш билан овворадай.

    Бугун лидерларимиз ўн етти йилдан бери ўз хатоларига ўзлари тинмай сирғаниб йиқилаётганларини тан олиб, орқаларидан келаётган, ортиқча юкдан фориғ, чаққон, пиёда ёшларга йўл беришлари вақти етди.
    Улар ёшлик шашти, билим ва янгича фикр билан муз устида жилолмаётган оғир юклилар орасидан енгил ўтиб, манзилга тезроқ етмоқларига шубҳа йўқ.

    Биз ўн етти йил шу кураш майдонини тарк этмай маҳкам турганларни айблаш ниятимиз йўқ. Улар шу юрт озодлиги учун курашдилар, аммо уларнинг кураш усуллари маккорлик олдида ютқазди. Шундай экан, улар шу юрт озодлиги учун ўзларидан кечмоқлари ва ёшларнинг оқил маслаҳатчисига айланмоқлари керак эди.

    Аммо мухолифат устидаги оғир юк ва "ўзим бўлай"чилик касали буни ҳар қандай йўл билан рад этиб келди. Ўзи етолмаётган манзилни бошқалардан хам қизғанди. Олдидан ўтмоқчи бўлганларга қўлларини чўзиб, манзилни кўрсатиш ўрнига, оёқларидан чалди. Бугун эса биз, яна бир мағлублик олдидамиз.

    Тўғри, Ўзбекистон президенти дунёдаги энг қонхўр ва ваҳший диктаторлардан биридир. Унинг бу даражага етишига биринчи сабаб, биз бу диктаторга қарши муносиб куч қўя олмаганимиз эмасмикан?

    Каримов ҳукумат тепасига келганда унда сиёсий билим бормиди?

    Йўқ. Унинг ўзи "мен сиёсатни билмайман, менга ёрдам беринглар" деб зорланганди ўшанда?

    У шу давр ичида на сиёсий ва на иқтисодий билимга эга эмаслигини исботлади. Бироқ бугунга келиб, ўша ҳеч нарсани билмайдиган Каримов, бизнинг хатоларимиз, аниқроқ айтадиган бўлсак жуда катта хатоларимиз туфайли биримизни ўлдириб, иккинчимизни қамаб, бошқамизни ватангадо қилиб, мамлакатдаги аҳволни дўзахга айлантириб турибди.

    Тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, биз халқнинг ишончини қозониб, уни тўғри кураш йўлига бошлай олмадик.

    Мамлакат ичидаги 28 миллион ўзбек халқи туриб, биз гоҳ Европа, гоҳ Америкага мўлтираб қарадик. Улардан нажот кутдик, улардан хайр, садақа сўрадик. Улар берган садақалар ортидан ўзаро ғийбатларни, хақоратларни, бўҳтонларни авж олдирдик. Берилган грантлар(садақалар)нинг жуда оз қисмигина кўзланган мақсадга ишлатилди.

    Бизнинг найрангларимизни хайр бергувчилар билмайди деб ўйладик-ми?. Минг афсуски, хайр бергувчилар ақлдан озган кишилар эмас эдилар, улар ҳамма кирдикорларимиздан бохабар эдилар. Бугун ўша манбалар бекитилди. Ўзбек мухолифатига бўлган ишонч йўқолди.

    Йўқотилган ишонч фақатгина молиявий кинғирликлар учун эмас эди, албатта. Ғарб дунёси ўтган 17 йил ичида ўзбек мухолифати кучайиш ўрнига пароканда бўлганлигини кўриб, кузатиб турди. Асосий рақиб-тоталитар тузум билан курашиш ўрнига ўзаро даҳанаки жанглар кўпайиб кетди.

    Мухолифат лидерларида бир-бирларига нисбатан душманлик кайфияти шу даражага етдики, юз-хотир, одамгарчилик каби ўзбекларга хос бўлган фазилатлар хам йўқолиб, тамом бўлди.

    Бу гладиаторлик жанги оловига Ватанда сариқ чақалик ҳам хизмат қилмаган, миллат дардини ўз дарди деб билмаган, хавфсиз жойларга келиб олиб "Мардлик" наъмунасини кўрсатаётган баъзи қалам сохиблари мой қуйдилар, уни яхшироқ аланга олдиришга ҳаракат қилдилар. Шу билан бирга ғарб олами, мабодо Ислом Каримов режимининг ўрнига бугунги кучсиз ва тарқоқ ўзбек мухолифати ҳокимият тепасига келган такдирда ҳам, тез фурсатда ҳокимиятни ғарб олами чўчиётган бошқа кучларга бериб қўйишига ҳеч қандай шубҳа қилмайдиган бўлди. Шу сабабдан ҳам улар Каримов режимининг Ўзбекистонда узоқроқ қолиши тарафдори эканликларини унчалик яшираётганлари ҳам йўқ.

    Бугун мухолифат ичида холис фикрловчи ва ўз манфаатидан халқ манфаатини юқори қўя оладиганлар камайиб кетганлиги нафақат мухолифатнинг, балки оддий халқнинг ҳам умидсиз бўлиб қолаётганининг асосий сабабидир.

    Мухолифат ичида тиниқ фикрга эга бўлган ҳали ўзаро фитналар тузоғига тушиб улгурмаган ёшлар етишмайди.

    Бугун ўзларини мухолифат курашида ҳисоблаётганлар, аниқ бир ғоя атрофида эмас, шахслар атрофида ўралашиб қолдилар. Биз миллатни озод қилиш ғоясини деярли эсдан чиқариб қўйдик. Шахслар атрофида йиғилиб олиб, бечора халқни жон-жаҳдимиз билан ҳар биримиз асоссиз, мақсадсиз ўзимиз томон оғдиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Халқ эса, нима қилишни ва кимга эргашишни билмай тушкунлик ботқоғига ботгандан ботиб бормоқда.

    Фикримизча бугун эл-юрт ташвиши билан яшаётган ва ўзини Ватандаги мустабид тузумга мухолифатда ҳисоблаган ҳар бир киши ўз ёнига ёшларни жалб қилиши, уларга ишониши ва улар билан тажриба алмашишлари керак. Ҳеч биримизни бу дунёга боғлаб бермаган ва бугун бўлмаса эртага бу юрт эгалари ёшлар бўлишини унутмайлик. Биз қила олмаган ишлар ичида энг муҳими мухолифатни бирлаштириш эди.

    Мухолифатни бирлаштириш деганда партияларни бир бирига қўшиб юбориш эмас, балки уларнинг кучларини Каримов режимига карши коалицияда туриб курашишлари назарда тутилган эди. Лекин афсуски, ўзларини мухолифат лидерлари, деб ҳисоблаганлар ўз ваколатларини бирлашиш ғоясига қарши ишлатиб, мавжуд тузум яна ҳам кучайишига сабабчи бўлдилар.

    Ваҳоланки, Каримов тузумини қўрқитган, ваҳимага соладиган энг даҳшатли нарса бу - мухолифатнинг бирлашиб, бир ягона кучга айланиши эди. Мухолифат бир сафга мустаҳкам бирлашсагина жамият руҳланиб, мустабид тузумни ағдаришга ишонч туғиларди ва мутлақо шундай бўлиши мумкин эди. Минг афсуски, биз кекса ёки нисбатан кекса авлод бу ишларни амалга ошира олмадик, энди эса, ҳамма умидимиз етишган ва етишиб келишаётган ёшлар, сизларга қолмоқда.

    Сиз ёшлар бирлашсангиз, ўзаро жиққамушт бўлмасангиз, албатта юртни чинакамига озод қиласиз.

    Қадрли ёшлар, сизнинг олий мақсадингиз ким президент бўлиши эмас, балки Ватанимизда адолатли жамият, одил бошқарувли тузум қуришдан иборат бўлсагина кутилган мақсадга эриша оласиз.

    Аллоху таъоло, Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида сизу-бизга буюрадики, "Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг."

    Қимматли ёшлар!

    Сиз ҳақиқатан янги наслсиз, сиз келажагимиз меъмори бўлишингиз лозим.

    Сиз, мазлумликка мажбур ва маҳкум этилган тарихи улуғ бир халқнинг янги умидисиз.

    Биз кексалар замоннинг зайли билан чала коммунист, чала миллатчи,(Оллох бизни ислоҳ этсин) чала мусулмон булиб ўсдик ва шундайлигимизча қолдик, қоламиз шекилли.

    Сиз эса, миллатчиликдан узоқ, тоза ва соф муслим инсон бўлиб, янги давр, янги замон кишилари бўлинг! Ватан, сиздан қоронғи тунларининг машъали бўлишингизни кутади. Ватан умидини оқлаш учун сизда фурсат бор, уни қўлдан чиқариб қўймассиз деб ишонамиз.

    Қадрли ватандошлар, азиз ёшлар!

    Олдимизда биттагина йўл бор.

    Келинг қўлни қўлга берайлик.

    Умри хору-зорлик билан ўтаётган миллатимиз, юраги фарзанд доғидан зардоб бўлган оналаримиз, нокас замон қаддини буккан оталаримиз, кечагина қалбимизга ғурур берган, бугун эса бир парча нон учун динсизларга сотилаётган аёлларимизнинг номуси ва иффати учун, айни билим олиш чоғида рўзғорнинг бир камини бут қилиш учун меҳнатга кираётган ёшларимиз, фарзандларимиз учун бутун кучимизни, имконларимизни ва ғайратимизни бирлаштирайлик!

    Амал ва мансаб учун эмас, дунё ёки бойлик орқасидан қувиш ниятида эмас, балки Ватаннинг чинакамига озодлиги, унинг нуфузи, фаровонлиги, мамлакатимизда адолатли тузум вужудга келтириш йўлида биргалашиб курашга киришайлик!

    Бугун бизнинг бирлашмасликка, ўн етти йиллик парокандаликни давом эттирмоққа хаққимиз йуқ.

    Биз сизга қўлимизни узатдик!

    Биз сизнинг қўлларингизга интилмоқдамиз!

    Келинг, қўлни қўлга берайлик Ватандош!


    ИМЗОЛАР:

    Алибой Йўляхшиев - мухолифатчи, Норвегия.

    Ёдгор Обид- мухолифатчи, Австрия.

    Сулаймон Мурод- мухолифатчи, АҚШ.

    Исмоил Дадажанов- мухолифатчи, Швеция.

    Рафик Ганиев- мухолифатчи, Швеция.

    Дилсора Фозилова -мухолифатчи, Канада.

    Ҳотам Хожиматов- мухолифатчи, Норвегия.

    Бир нечта Ўзбекистонда яшовчи мухолифат фаоллари имзо чекишган, лекин уларнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан исм ва шарифларини очиқламасликга қарор қилдик.

    Азиз Ватандошлар!

    Ушбу мурожаатнома қалбингизда Ватанга нисбатан жўшқин туйғулар уйғотган бўлса ажаб эмас.

    Она Юрт келажагига, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир Ватандош ушбу мурожаатномани қўллаб, ўз имзосини қолдириши мумкин.

    Сизнинг имзоингиз ва email адресингизни шу ерда қолдиришингиз мумкин
    .
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz