Шоҳга-пошшога маддоҳ бўлмайман,ҳалқнинг дардини,ҳақнинг сўзини айтаман,деган адабиётчиларга,сўз айтувчиларга ҳеч қайси замонда осон бўлмаган. Лекин шу машаққатни кўра била туриб, шу йўлга кирганлар қанча заҳматлар чекадилар ва бу заҳматларга бардош бера оладилар бу бошқа гап. Бир эшитганим бор.Майдонга ҳар бир суворий от суриб киради.Лекин арғумоғи қай манзил ё қай фурсатда ҳориб қолади ҳар бири ҳам ҳис қилавермайди. Камдан-кам ҳис қилганлари эса тулпори бошини буриб,майдондан ўз иззати билан тарк этишда ҳам гўзал тарзда чиқиб кета билса таҳсинларга сазовор. Инсон ҳам ҳаётда ана шу чавандоз янглиғ.Ҳаётга ҳам чиройли келдингизми,чиройли кета ола билиш керак назаримда. Одам ёлғиз қолганда кўп мулоҳаза,кўп мушоҳада қила бошлайди фикримча. Ёлғизлик аллоҳга хос,дейилади.Мен ёлғизлик деганда инсоннинг ўзи билан ўзи мушоҳада қилаётган палладаги ёлғизлигини назарда тутяпман. Сўздан сўзнинг фарқи бор.Бир сўзни ҳар киши айтиши мумкин, худди бир қўшиқни бошқа ҳар бир қўшиқчи айтгандай.Ўша сўз,ўша оҳанг лекин юракка етказа олиш маҳорати эса ҳар кимга ҳам насиб этавермаса, ҳар ким бошқага ҳасад эмас,ҳавас қилиш керак назаримда. Камолот чўққиси ана шунда,деб ўйлайман.Ўша чўққига кўтарилганлар эса кўз ўнгида яна янги кенгликлар пайдо бўлади.Ва ана шу кенгликларни кечиб ўтиб, янги чўққилар сари интилиш керак. Кўзинг хира тортди.Шууринг ўтмаслашди.Вақтида ўткир эди,вақтида зийрак эдинг.Энди унинг акси.Демак ҳол-қудратинг борида тўхта,тин ол.Зўрма зўраки интилиш эса ёнингдаги йўловчиларга малол келишини фикр қил. Энди Навоий туғилмайди,энди Бобурлар йўқ,Достоевский йўқ,Пушкин туғилмайди.Улар минг йилда бир туғилади,деб кутиб ўтиравермай ёшларга боқ,парвариш қил.Ана улар орасида даҳолар,буюклар қад кўтараётганини кўрасан.Уларнинг униб-ўсишига соя бўлиб эмас,нур бўлиб йўл кўрсат.Ана шундай чиройли ва гўзал кет.Ортингдан ҳавас билан боқсинлар.Қуриган мева дарахти каби кесиб ташлашларини кутиб турма.Кекса, салобатли дарахтлар каби ҳушҳол соя бер. Нурингданда,соянгданда баҳра олсинлар. Бунинг учун эса бошда айтганимдай бардош керак.Бардош... Яхшилаб ўзингизга боқингчи бардошингиз қолганми?
* * *
Кўнгил
О,бу инсон кўнглидай нозик нарса йўқ менимча.Айниқса юмушинг кўнгил иши билан боғлиқ бўлса-чи? Ёнингга келган киши кўнглини оғритиб қўймаслик учун қанчалик санъат керак. Ўзбекистонда
газетлардан бирида одамлардан хат келадиган бўлимда муҳаррирлик қилган
кезларим,бир отахон бир даста қўлёзмалар билан ҳузуримга
келганди.Уларга кўз югуртирар эканман,тишга босгулик бир нима топа
олмадим.Аммо кўнгилда,кекса кишини ранжитиб,дилини оғритиб
қўймай,деб,"раҳмат отахон,ажойиб асарлар экан,мавриди билан
фойдаланармиз",дедим.Лекин отахоннинг ёзганлари матбуот юзига олиб
чиқар даражада эмас эди. Кунда бўлмаса ҳам кунора отахон келиб,
"асарларимни мақтагандинг,нега босмаяпсан",дея гина қила бошлади.Узрлар
сўраб отахонни кузатгач унинг ёзганларидан бирини олдимда, деярли
қайтадан ёзиб,саҳифага тайёр қилиб қўйдим. Кўп ўтмай масъул котиб ва муҳаррир чиғириғидан ўтиб "отахоннинг ҳикояси" газет юзини кўрди. Бошқаларини
эса ҳадеганда қайта ёзишга ҳафсалам бўлавермади.Отахон бир-икки бор
ташриф буюрди.Таҳрир қилиш бошқа,қайта ёзиш бошқа.Очиғи, ҳар бир озроқ
ижоддаги ҳар қандай кишига қайта ёзиш ёқмаса керак.Менга ҳам шундай. Отахон энди мендан шикоят қилиб бош муҳаррирга, ҳатто ҳукумат идораларигача шикоят қила бошлади. Кўп
даккилар эшитдим.Ноилож яна бир "отахон асарлари" эълон қилинди.Аммо бу
кўнгил олиш иши малол келганидан бошқа ижодий жамоага ишга ўтиб кетдим. Янги
жамоада дастлаб иш бошлайдиган куним кўтаринки кайфият билан хонамга
киришга чоғланган палламда рўпарамда ким дерсиз,отахон қўлтиғига бир
папка қистирганча турибдида. Лекин бу гал мен отахонга хатлар бўлимида ишламаслигимни айтиб, узр сўраб қутулдим. Бу воқеанинг давоми узоққа бориб тақалади.Мен унинг бор тарихини айтиб ўқувчининг қимматли вақтини олмоқчимасман. Энди
шу кунларда бир ҳаваскорнинг асарларини мақтаб қўйиб,балога қолдим.Ҳар
куни бир "асар" оламан.Илож қанча тишни-тишга қўяманда.Ахир бу кўнгил
ишида.