Одамзот ўта кечирувчан зот. Бирор бир ишда,сўзда ё ҳаракатда адашар экан,унинг хатосини кечиришни бағрикенглик ҳисобланади. Бироқ тарихда шундайин хатолар бўладики, уни ўша давр инсонлари ўз бошларида бало бўлганини эслаб юришади аммо вақт ўтган сайин яна ўша кечириш ҳолати юзага келиб ,одамлар бир-бирларига қўл узатадилар. Лекин тарихчи?Ўша машъум хатони кечирармикан? Бу энди бошқа мавзу.Айримларнинг хатони қилиб туриб ҳам яна такрорлашда давом этиши соғлом фикрлик белгиси,дея билмайман. Яна бир бошқа бир одамлар борки: "ўзим нима қилиб бердим-ку бошқаларни ҳеч нарса қилмаганликда айбласам",дея андиша қилиш у ёқда турсин," бунга маънавий ҳаққим борми",дея ҳеч бўлмаса ўйга толмайдилар. Бундайлар тўй ниҳоялай,деганда даврага кириб келган саёқ отарчиларга ўхшайдилар.Бундайлар улар бу даврага келгунча эҳтимол минг бор айтилган қўшиқни гўё ҳозир ўзлари басталагандай хиргойи қила бошлайдилар.Аслида эса одамлар бу хонишлардан чарчаб, янгисига маҳтал ёки уй-уйларига тарқалишни истаб турган палла бўлади. Бир думалаб ўзига янги бир ёрлиқни осиб олиб,бошқаларни ҳеч нарса қилмаганлигини иддао қилаётганларни ўзининг ким бўлгани-ю ва бугун кимлигини унутган юқоридаги каби отарчилар сирасига қўшса бўлар эҳтимол. Тарих хатоларни кечирмайди.Аммо унга баҳо беришга эса яна бир бор маънан ҳаққим борми,деган саволни қўйиб, кейин бир сўз айтиш жоиз,менинг фикримча.