69.ТАРИХЧИ ОЛИМ
У билан бир гаплашган одам унинг билими қандайлигини дарҳол ҳис
қилиб оларди. Аммо унинг безбетлигига қойил қолиш керак. Ҳар бир айтган
гапи ёлғон бўлиб чиқаверса ҳам яна тиржайиб бошқасини айтаверарди. У
ҳамма жойда ўзини тарихчи олим, деб таништириб юрган экан. Бир икки
гаплашиб кўрдим, тарих у ёқда турсин, Турон, Туркистон, Ўзбекистонни
фарқлай олмайди.
Бир куни менга телефон қилди:
-Сиз шу нарсаларни яхши биласиз, ишхонамизда сўрашган эди, билмадим,
эртага билиб келаман, деб айтдим. Туркистон деганлари бугунги
Туркманистонми, ёки бошқа жойми? Кимдир Туркистон Қозоғистонда бўлган,
деб айтувди-да,-деб сўради.
Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмадим деганларидек, нафасимни ичимга ютиб унга тушунтириб берган бўлдим.
-Йўғ-е,-деди у.- шу Қозоғистондаги Туркистон аввал ҳам шу бўлган
бўлса керак. Илгари одам ҳам кам бўлган, жойлар ҳам кичик бўлган.
Туркистоннинг ичига бугунги Марказий Осиё ҳам кирса, Афғонистоннинг,
ҳатто Хитойнинг бир бўлаги кирса… Йўқ, бунга ҳеч ким ишонмайди!- у
одатдагидек ўз “билимдонлигини” кўрсата бошлади.
-Ишонмасангиз ишонманг, лекин бу тарих,-дедим мен.
Кейин Шарқий ва Ғарбий Туркистон ҳақида гапириб бердим.
- Ҳа, майли, бир айтиб кўрай-чи,-деб телефон гўшагини қўйди у.
Эртасига телефон қилиб׃
-Сиз Мозори Шариф Жанубий Туркистонда деган эдингиз, лекин нотўғри
айтибсиз, Шимолий Туркистонда экан. Ҳатто афғонлар бу жойни “шамол”дер
эканлар,-деди.
Кулиб юбордим ва׃
-Агар Покистон томонда турган бўлсангиз Мозори Шариф шимолда бўлади,
агар Ўзбекистон томонда бўлсангиз жанубий Туркистонда бўлади,-дедим.
-Жойнинг номи ҳам шунақа ўзгарадими?-дея ажабланди у.
Бу Ўзбекистондан келган “тарихчи олим” эди. Менимча у ҳаммани
тарихчиман, деб лақиллатиб юрганди ёки диплом сотиб олган эди ёки
меннинг тарихдан ҳеч хабарим йўқ.
Бунинг қизиғи йўқ экан. Чунки у Америкага келиб ўзига муносиб ишни топганди.
70. КИМДИР СУЛТОН…
Истанбулдан Америкага кетадиган кунларимизда Зайтунбурни маҳалласида
истиқомат қиладиган ўзбек танишларга “хайр-хўш” дейиш учун борсам,
Америкада яшаб қайтган бир киши билан таништиришди. Гаплашиб тургандик,
икки аёл келиб қолишди, унинг сингиллари экан.
Табиийки, табиб табиб эмас, бошига тушган табиб, деб бундай кезда
уларга қулоқ тутасиз. Чунки Америкадаги ҳаёт бизга мутлоқ нотаниш
бўлгани учун ҳар қандай одамнинг ҳам айтганлари қизиқ эди.
-Истанбула гелмакла бир янглиш ёпмишсин, қардашим, деди,- ҳалиги
киши.- Шимди, Амрикая гетмакла икинжи катани япиюрсин. Балалар ўз эна
тилларини кайб етиюрлар, юқатиюрлар, ватандан айрилиб қолажаклар…
Унинг ўзи ҳам на ўзбекча, на туркча, балки уйғурчага яқин бир аралаш
тилда гапирмоқда эди. Лекин она тилининг аҳамияти, бу тилни сақлаб
қолиш муҳимлиги ҳақида анча насиҳат қилди.
Гапи тўғри эди. Биз Истанбулга келганда болаларнинг кичиклари,
экизлар 5 ёшда эдилар. Улар мактабга бориб Туркия туркчасида ўқидилар
ва биз уйда ҳар қанча ўзбекча гапирмайлик, улар Туркия туркчасида жавоб
қилар эдилар. Бунинг олдини олиш мушкул эди. Аммо ўзбек тилини тўла
тушунар эдилар. Катталари эса, ўзбекчани ҳам йўқотмаган ҳолда туркчани
ҳам ўргандилар. Лекин ўзбекча гапирганда Туркия туркчасининг таъсири
сезилиб турарди.
Ҳалиги одам, Америкага борсак, болалар издан чиқиб кетишини,
душманга айланишини, бошқа бир маданиятнинг хизматчиси бўлишини узоқ
тушунтирди.
Америкага келиб кўрдик-ки, вазият кўп ҳам ҳалиги одам айтгандек эмас
экан. Бу ердаги мактабларда болаларга ўз маданиятини сақлаб қолишга йўл
кўрсатилар ва болалар қайси мактабларда ўқиган бўлсалар ҳаммасида
муаллимларнинг талаби билан Ўзбекистон бурчаги ташкил қилишди, миллий
кийимлардан олиб бориб қўйишди, Ўзбекистон ҳақида махсус лойиҳалар
тайёрлашди, китобдай келадиган ҳикоялар ёзишди.
Америка мактаби болаларимизга Ўзбекистонни биздан ҳам кўпроқ
севдирди. Улар ўзбек бўлганларидан фахрланишар, турли маросимларда
ўзбек куй- қўшиқларини эшиттиришар ва бошқаларда ҳам қизиқиш
уйғотишарди. Ўзбекчалари ҳам ривожланиб қолди. Улар ўзлари қизиқиб
ўзбек алифбосини ўргана бошладилар. Бир сўз билан улар ҳам, биз ҳам
манун эдик.
Яқинда Туркиядан келган бир кишига бизга насиҳат қилган одамнинг гапларини айтсам, у кулди-да:
-Зап одамига учраган экансиз,-деди.- У оила деган нарсадан нафрат
қилади. Оёғи гўрга етиб қолди, уйланган эмас, боласи йўқ. Аммо
бировларнинг боласи ҳақида гапиришни ёқтиради, масхара қилади, кулади.
Унинг сингиллари ҳам умуман турмушга чиқмадилар. Улар ҳам акаларига
ўхшаб бошқаларнинг болаларини гапиришдан бўлак ишлари йўқ. Уларга сен
аввал бир болани вояга етказ, ана ундан кейин маслаҳат бер, дейдиган
мард йўқ,-деди.
Дунё шунақа, қўлидан иш келмаган одам ишини билганнинг устидан
кулади, порахўр, ўғри ўз йўлига тўғри юрган одамни ҳақорат қилади, оила
нима, бола нималигини билмаган “яккалар” эса, ўз ҳолига эмас,
бошқаларнинг ҳолига куладилар, олмани қандай қилиб иккига бўлиб ейиш
кераклигидан дарс бермоқчи бўладилар, бир сўз билан айтганда, кимдир
султон элнинг базмида, кимдир султон ўзин наздида!
(Давом этади)