Ризобек Суббота, 2025-06-21, 07.30.20
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Август » 25 » АДАБИЁТ
    09.38.06
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МАМАТОВ:Ўзбеклар ва ўзбеклар

    75. ҲАСАД

    “Америка овози”да ҳамкорлар кўпайиб қолган пайт эди. Мен адабий муҳаррир эдим.
    -Ҳамкорларга мустақиллик бериб кўрайлик, уларга ўз истеъдодларини кўрсатишга имкон берайлик,-дедим бир кун раҳбаримиз Нусратилла Лаҳебга.
    -Уларга сиз масъулсиз, қандай ишлатсангиз шундай ишлатаверинг, натижа яхши бўлса, бас,-деди у.
    Шунда мен ҳар бир ҳамкорнинг ўзи бутун бошли эшиттиришни мустақил равишда тайёрлаши, унинг дастури ҳеч қандай таҳрирсиз эфирга узатилиши ҳақида бир лойиҳа ҳозирладим. Бундай дастурга 200 доллар қалам ҳақи белгиланди. Лекин юборилган дастурлар шунчаки вақтни ўлдириш учун ва пулни олиш учунгина тайёрланаётгани аён бўлди.

    Биргина Гулчеҳра Нуруллаева техник имкониятлари бўлмагани учун узрини айтди ва беш дақиқалик материал билан ҳам тингловчини бир соат ўйлатадиган масалаларни ёритишда давом этаверди.

    Қолганлар орасида бир соатлик дастурни мусобақа шаклига ўтказдик ва кимники энг яхши деб топилса бериладиган ҳақни икки бараварга ошириш кўзда тутилди.

    Наманганлик ҳамкоримиз Ризо Обид юборган дастурни эшитиб, унинг фавқулодда ибратли эканига амин бўлдим. Дастлаб ҳамкасбим Раъно Ҳабибни чақирдим. “Вақтим зиқ” деб турган опа дастурни охирига қадар ҳайрат билан тинглади. Кейин Абдулманнон Кескин ва Нусратилла Лаҳебни чақирдим. Улар ҳам тинглаб, қойил қолганларини айтдилар.

    Бир соатлик дастур ҳақиқий радио асари бўлганди. Унда долзарб мавзудаги фелъетон, жойлардаги иқтисодий турғунликнинг илдизи бориб режимбошига тақалиши ҳақидаги таҳлил, суҳбатлар, адабиёт, санъат, маданият мавзулари ва ҳатто юморга қадар бор эди.

    Дастурни эфирга узатдик. Жуда кўп мактублар келди ва кейин талабларни ҳисобга олиб яна такрорладик.

    Бўлимдаги мажлисда Ризо Обидга алоҳида миннатдорчилик билдириш ва ҳамкорларнинг пешқадами эканлигини расман ёзиб юборишни таклиф қилдим. Агар у рози бўлса, уни Тошкентга таклиф этиб, ҳамкорларга раҳбар қилиб қўйиш ҳам сўз мавзуси бўлди. Бу ҳали шунчаки таклиф эди.

    Аммо…

    Совет даврида бировни бадном қилиш учун “ароқхўр”, “хотинбоз” деб ёзишса, бас, ишдан қувиларди ёки ишга олинмасди. Бу зеҳният ўлмаган экан. Мажлисимизнинг эртасидан бошлаб Ризо Обид ҳақида ана шундай хатлар кела бошлади. Ҳам имзоли, ҳам имзосиз.

    Хуллас, ҳаммаёқ қоришиб кетди. Бўлим мудири ҳар куни камида иккита хатни олиб келиб, столим устига қўяди ва “Ўзингиз жавоб беринг” дейди. Шундай бўлди-ки, баъзи гапларга ўзимиз ҳам ишониб қола бошладик.

    Мен билмасдан истеъдодли ижодкорга, халқ жонкуярига зарар қилиб қўйган эдим. Унинг боши бўҳтонлардан, ҳаёти ташвишлардан чиқмай қолди.

    Баъзан яхшилик қиламан деб ёмонлик ҳам қилиб қўяди, киши. Буни кимдир тўғри тушунади, кимдир йўқ. Лекин Ризо Обид мени тўғри тушунгани учун унга ҳурматим беқиёс.

    Демоқчиман-ки, ўзбекнинг ўзлигини ўлдириб келаётган ҳасаддан қутулмасак, диктатура деган қора зулматдан қутулиш осон кечмайди.

    76. ВЕБМАСТЕР

    Солижон Нью Йоркда компютер курсини битириб Интернетда веб саҳифа қилишни ўрганди. Америкада ҳар бир хонадон, ҳар бир ташкилотда Интернет бўлгани ва барча идоралар бу тармоқда ўз саҳифаларини очганлари боис “Вебмастер” деган касб ҳам пайдо бўлган.(Буни ўзбекча қилиб саҳифаловчи ҳам дейиш мумкин. Аммо Интернет калималари бутун дунёда ўз ҳолича ишлатилаётгани боис биз ҳам вебмастер деб ишлатсак хато бўлмайди деган қарашдаман).

    Солижон бир корхонага вебмастер бўлиб ишга ўтди. Бир қарашда бу оддий, техник ишга ўхшайди. Аммо Солижон Америкада анчадан бери яшаётган бўлсада зеҳнияти советчасига ишларди.

    Масалан, Ўзбекистонда одамлар баъзан ҳисобчига қуллуқ қилганларини эслаб қолди, шекилли, қўлида катта имкониятлар борлигидан боши осмонга етди. Ўзини салкам бошлиқ деб ҳисоблади. Чунки интернет ҳар бир идоранинг юрагига айланган Америкада бу “юракни” назорат қилувчи шахс, табиийки катта имкониятларга эга.

    Дейлик, у ташкилотда ишлаганларнинг ҳаммасига келадиган мактубларни назорат қилиши мумкин. Ҳамманинг қўлланадиган “ном” ва “пассворд”( “калит” ўлароқ қўлланиладиган махфий калимаси)ни ўрганиб олди. Бу ҳам етмаганидек, келадиган хатларни олдин ўзи кўриб чиқиши учун умумий бир номга боғлаб ҳам қўйибди.

    Гарчи Америкада бировнинг шахсий дунёсига бурун суқиш жиноят ҳисоблансада у ишни ўзбекча қилиб, ҳамманинг “сир”ини ўрганиб юраверибди. Бундай бўлишини бировнинг хатини ўқишни энг пасткашлик деб қабул қиладиган Америкада ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган.

    Солижон аста-секин бошлиққа келадиган мактубларни ҳам ўз назоратига олди. Бутун идорага келадиган умумий мактублар учун умумий адресни ҳам ўз ҳисобига тўғрилаб қўйди. Мактуб ҳамманинг номига келади, аммо у ўчириб қўяди ва кераклисини керакли одамга ўтказиб юборади. У шу зайл баъзи одамларни ҳам қўлга ола бошлади. Бошлиқнинг сирларини аста-секин уларнинг қулоғига шипшитиб турадиган, бошлиқнинг ўзига ҳам йўл кўрсатадиган, у йўғида эса, идорага раҳбарлик қиладиган, америкача айтганда “муҳим шахс”га айланди.

    Энди у аста-секин бошлиқнинг ўрнига кўз тика бошлади. Бунинг учун мутлоқ ўзига тобе одамлар керак эди. Дастлаб, илгари ўзи билан “ош-қатиқ” бўлган бир жувонни ишга жойлаштирди. Унинг қўлидан бир вақо келмаса ҳам Солижон орқали ахборотга эга эди ва бошлиққа “мен сизнинг одамингизман” дея Солижондан “олган” баъзи гапларни шипшитиб тургани боис у ҳам муҳим одамга айланди.

    Солижоннинг бошлиқни йўқотиш учун яна икки-уч ана шундай содиқ одамга эҳтиёжи бор эди. Бошлиққа яна икки кишини рўпара қилди. Аммо улардан бири Солижон билан “ош-қатиқ” ейишни жиддий деб ўйлаган экан-ми, унинг бошқалар билан муносабатини кўриб, ундан айниб қолди. Бунинг устига унинг компютердан ҳам хабари бор экан. Бошлиқни огоҳлантириб турди, аммо бошлиқ энди Солижондан итдан қўрққандай қўрқадиган бўлиб қолганди. Чунки ҳамма сирларининг калити унда эди-да.

    Бошлиқдан иш чиқмаслигини билган жувон шу ерда ишлаганлардан бирига юрагини очиб қолди. У ҳам компютерни яхши тушунар ва Солижоннинг ишларидан шубҳаланиб юрар экан. Солижонни мактубларни яширган пайтида ушлади, Солижон қўрққанидан назоратни бўшаштириб қўйди. Бошлиқ ойлаб олмаган эски хатларини ҳам бир кунда олишига қарамай Солижонга бир нарса демади.

    Бир куни бошлиқни ёмон вазиятга туширган Солижон энди ўзи курсига ўтираман деганда уни махсус идорадан келиб қўлга олишди. Чунки ушлаганига қарамай бошлиқ чора кўрмаганидан шубҳаланган ходим вазиятни махсус идорага билдирган экан.

    Айтишларича, Солижон энди қамоқда саҳифаловчи экан, фақат вебмастер эмас, балки ахлат қутиларидан терилган қоғозларни саҳифаловчи бўлиб ишлаётган экан.
    (Давом этади).


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz