Болалигимда катта кишилардан кўп эшитардим: "яхшиларга ёндошиб,ёмонлардан йироқ юр",деган нақлни.
Кейинчалик ёшим сал улғайиб ўзимча ўй қила бошладим.Яхшиям, ёмон ҳам ахир бир инсон.Камчилиги бўлса айтиб-деб тузатишга ёрдам бериш керак.У яхши эмас экан,дея ундан йироқлашишдан нима наф?,
Мана энди салкам ярим аср ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ҳар доим ҳам, ҳаммани ҳам яхшилик сари етаклаб бўлмас экан,деган фикрда тўхтаяпман.
Шундан келиб чиқиб, "ёмонга ёндошсанг қораси юқади" каби нақллар бежиз айтилмагани гувоҳи бўлиб турибман.Ҳалиги айтмоқчи, болага: "ҳой, бу олов, унга талпинма куйиб қоласан",дея ҳарқанча куюнманг, у ўша чўғ-оловни ушлаб, ўзи куйиб кўрмагунча интилгани каби айримлар ҳам ўзи билибми-билмайми унчалик яхши бўлмаган гуруҳлар таъсирига тушиб қолишаётганини кўрдик ва яна кўриб турибмиз.
Ўша кўҳна китобларда неча минг йил аввал билмадим ёзилганлар бугунги даврга келиб бўй кўрсатяпти.Яъни кичик фирқачаларга бўлиниш.Бу фирқачаларга қараб,унга аъзо бўлаётганлар айримлари аллақачон олчоқ номини олганлари ҳам,айримлари эса йиллаб обрў-эътиборга етишаётган бир паллада ҳаммасини бир баҳяда йўқотиши мумкинлигини ўйлаб юрак ҳапқиради.
Эҳ,эссизгиная бир чиройли,бир гўзал ҳаёт йўлини танлаб одамларга озми-кўпми ишқилиб нафи тегиб турувдия,дея чин кўнгилдан ачинасан.
Ҳозирги замонда худбинлик кучайиб кетгандай туюлади кишига.Ҳамма ўзича ақлли,доно,доҳий,даҳо.
Очиғи шундайин буюклар теграсида мендайин ватангадо,телбанамо сўзчи борлигимдан жуда афсусланаман.Қанийди мен ўша донолар,доҳийлар саноқли,кам ва аксинча мен каби тўпорилар кўп бўлган замонда туғилиб ўтиб кетган бўлсам эди.Бугунги даҳоларни билмаган бўлармидим,дейманда.
Очиғи одамларни кўп кузатаман.Нима билан машғул бўлишаётгани кўз ўнггингда бўлгандан кейин қарамай,кузатмай илож йўқ.Энди одамзот бўлганингдан кейин баъзиларини йўқлаб ёҳуд ёқлаб:"шу дурустга ўхшайди",дея ихлос билан қарай бошлайсан.Аввалига айтган сўзига,ҳаракатига боқсанг бинойидай туюлади.Яхшилаб синчиклаб кузатиб у эришаётган ютуқлардан қувона бошладингми,тамом бошланади-да.
Энди айтаётган сўзи ҳам маҳлиё қилмайди.Чунки у энди қандайдир ном,мартаба,мансабга интилаётгани яққол сезилиб,аввалги самимият ила йўғрилган сўзлари софликдан йироқлашиб сунъийлик касб эта бошлайди-да.Лекин унинг ўзига бугун айтишдан фойда йўқ.Унинг кўзини худбинликнинг қуюқ пардаси қоплаган.Вақти келиб қайта очилганда кеч бўлиши мумкин.Эҳтимол тез очилар.Буниси энди аввалдан айтиш қийин ҳол.
Энди ҳаракатлари ҳам бежо ва бежо кишилар даврасида чаппар ураётганидан:"Эҳ,эссиз шу ҳам увол бўлди-я",дея куюниб қўясиз.