Ўзбекистон Ҳукуматига
Фуқаро Юсуф Жумаев томонидан
Таклиф
Шу кунларда бутун мамлакатимизда Президентимизга кўз тегмасин шиори
остида компания бормоқда. Маҳаллаю, мактабларда, ҳатто болалар
боғчаларида ҳам, бироқ фақат сўзда мажлис, мажлис, мажлис…
Президентимизга кўз тегмасин!
Фақат сўз билан ёмон кўзни қайтариб бўлмайди. Агар сўзлар самимий бўлса амалий ишга ўтиш керак.
Маълумки, исириқ ёмон кўздан асрайди. Шунингдек итнинг ахлати ҳам ёмон кўзни кесади дейди, момолар.
Таклифим шулки, 1 сентиябрь байрам кунида кўп миллионлик митинглар
ўтказиш керак, митингда бутун халққа мурожаат қилиш керак. Аёллар кўзни
кесадиган нарсадан туморлар тикишсин. Президентимизга бесаноқ туморлар
осиш керак. Бу қийин эмас. Бу бир амалий чора, иккинчиси исириқ.
Бу ҳам қийин эмас. Ўзбекистоннинг асосий қисми Хизр кезган чўллардан
иборат. Халққа митингда мурожаат этилса ҳашарга чиқади. Чўлларимизда
исириқ мўл. Президентни ёмон кўздан асрашга бел боғлаган эл бор
исириқни йиғнашга қодир. Шотир ҳокимлар тўпланган исириқни Оқсаройга
юборишни йўлга қўя олади. Алқисса Оқсаройда исириқ тутаб туриш пайти
аллақачон келди.
Оқсаройдан тутун чиқса яхши бўларди.
Юсуф Жумаев