Жаҳонгир Муҳаммад
Яхши дўст яхши кунингда қувонади…
Туғилган кун баҳонасида айтилган юрак сўзларига бир назар
Бу ҳақда бир нарса ёзиш ниятим йўқ эди ва самимий табрикларини
йўллаган дўстларимга алоҳида хатлар битиш, телефон қилганларга
раҳматимни айтиш билан бу сафарги туғилган кунни ортда қолдириб,
олдинга-навбатдаги таваллуд кунига томон кетаверамиз деб ўйлагандим.
Аммо шундай гаплар бўлдики, булар мени қалам олишга ва менга келган
мактублардан баъзи жойларини эълон қилишга ундади. Чунки гап кўпроқ мен
ҳақимда эмас, зулм қўйнида қолган Ватанимиз ҳақида бораётган эди.
Туғилганим куним баҳонасида дўстларим ана шу изтиробни бот-бот тилга
олгандилар.
РЕЖИМ
Авропада яшайдиган укамиз Ўктамжон йўллаган мактубда шундай нуқта бор׃
“…Бу ИАК режими ҳали анча йил ўтиради шекилли тахтда. Бу режим билан курашда чарчаманг!”
Наҳотки, бу режимнинг куни битмаётир? Йўқ, менимча кун сайин бу режим
битмоқда. Каримовнинг кетиши ҳам узоқ эмас. Ундан кейин, албатта,
Ватанга қайтамиз ва бугунги режимга қарши сарфланаётган
куч-қувватимизни Ватан истиқлоли йўлига сарфлаймиз.
ЖИЗЗАХ САДОСИ
“Ассалому-алайкум дустим Жахонгир ака!
Устоз, таваллуд кунингиз муборак булсин!
Бахтиёрийлар сулоласи номидан, Сизга омонлик, соглик ва ижодий баркамоллик тилайман. Дунё тургунча туринг!
Жахонгир ака, шу менинг табригим билан бирга жиззахлик мухолифат
аъзоларининг, хамда Жиззах вохасининг куплаб оддий халк вакилларининг
хам табрикларини кабул килгайсиз.
Биз, озчилик колган хукук химоячилари Узбекистондамиз, ичкаридамиз,
халкнинг орасидамиз. Сизнинг хаётингиз хакида, халкимизнинг эзгулиги
учун курашингиз хакида, айникса асаларингизни укиётганлиги хакида
куплаб эшитамиз, гувохи буламиз. Шунча информацион блокадага
карамасдан, энг асосийси Сизни халк унутгани йук. Жабр кураётган
халкимизнинг, Сизни унутмаганлиги энг улкан бойлигингиздир. Буни Сиздан
хеч ким, хеч качон тортиб ололмайди.
АЛЛОХ хамиша панохида узи арасин дея табрик хати йулловчи дустингиз Бахтиёр Ҳамро.
Жиззах шахри «Заргарлик» махалласи”
Жиззахнинг оташин садоси Бахтиёр Ҳамро мамлакатдаги информацион
блокада ҳақида бонг урмоқда. Биз турли йўллар билан бу блокадани
бузишииз керак. Бу ҳам диктатурага қарши курашнинг ва демократияни
устивор этишнинг муҳим қисмидир. Бу мени доим ўйлатадиган ва нимадир
қилишга ундайдиган мавзу.
БАЙРАМ ҚИЛИШГА САБАБ ТОПИЛДИ!
Нидои Мазлум тахаллусини олган ва Тошкентда туриб диктатуранинг
манзараларини маҳорат билан чизадиган қаламкаш дўстимизнинг ярми чин,
ярми химчин қилиб ёзган мана бу мақоласини эса, қайта-қайта ўқидим.
Унда׃ ҳам дард бор, ҳар кулги… ҳам ҳазил бор, ҳам дил асрори… Мана сиз
ҳам бир ўқинг-а!
“Ўзбекистон ичида қолаётганлар яхши билишса керак, мустақиллик
байрамини нишонлаш у қадар тўғри ҳисобланмагани, нишонлаган тақдирда
ҳам гўё бир-биримизнинг устимиздан кулаётгандай туюлгани учун, байрам
деярли нишонланмайди.
Жуда бўлмаганда бирор бошқа сабаб топиладида, байрам қилинади, энг
муҳими ўша, сабаб дегани топилиши учун, санага қадар астойдил ҳаракат
қилинади. Хуллас, ҳаммаси ана шу кўринишда бўларди.
Бу сафар ҳам сабаб қидиришга тушдик, аммо негадир ўхшамади. Ҳамма ўзи
билан овора, боз устига, ҳар хил гап-сўзлар, «кетмасмуш», «бермасмуш»,
«қолармуш» деган башоратлар, ёқмайдида бундай пайтлари.
Кечга яқин уч-тўрт дўстлар билан қупкуруқ дастурхон атрофида йиғилдик,
билган, эшитганларимиз ҳақида фикр алмашдик, тегишли томонларгага
тегишли сўзларни рамзий СМС қилгандан сўнг, бир дўстимиз ёнидан икки
бутилка ҳалигини чиқардию, секин жилмайиб, «аммо зўр сабаб ҳам бор»,
деб қолди.
«Қулт» этиб иштаха билан ютиндигу, «қандай сабаб», дея қизиқдик. Аммо,
дастлаб икки-уч ёшларни анави суюқлик кетидан албатта, ошқозон сари
йўналтириш шарт бўлган қўшимча «сийлов»ларга юбордик. Хуллас, қандай
сабаб экан, а?
-Бугун, Жаҳонгир аканинг туғилган куни экан, ахир буни нишонламасак,
точно гуноҳ иш қилган бўламиз, деган фикр билан, манавиларни ола
келдим, - деди шеригимиз жилмайиб.
Қовоқларимиз осилди. Дўстимиз ҳайрон, ўзбек эмасми, анави бутилкаларни
секин ортига яшириб, нигоҳларини ерга қадади, ҳатто бир нималар деб
мингирлади ҳам. Содда-ей, афтидан кечирим сўради…
-Гуноҳ қилибсану ўрток, -деди даврамиз каттаси, - ахир Жаҳонгир ака
учун ўн киши иккитани ағдарсак уят бўлмайдими, ағдаролмай қолиптию
булар, демайдими? Тамом, сени ўртоқлик судига тортамиз…
Дўстимиз тиржайиб ортга яширганини олдимизга қўйдида, «гуноҳ ўтибди,
узр», деб ерга омонатгина ташлагани попкасидан яна иккита анавиндан
чиқарса бўладими. Завод бўлиб кет-э, дедик кулиб.
Закуска келди, анави қурғурлар йиқитилди. Сумкада қолган яна учта ҳам
(ростдан ҳам нақ заводнинг ўзгинаси) уларнинг кетидан йиқитилди, кейин
яна бир нечта йиқитилгач, ўзимиз ҳам…
Энди ўша куни, «йиқитиш» кампанияси пайтида битилган табрик матнини
ўқиб эшиттирсак. Агар хато учраса кулмайсиз деб умид қиламиз, зеро
қандай ҳолатда битилганини билдириб ўтдик.
«Ҳурматли Жаҳонгир ака!
Ҳиқ, сиззи туғилган кунингиз билан, ҳиқ, табриклаймиз. Умуман олганда
уже табриклаб бўлдик, айримиларнинг ҳатто тили буралмай қолди, афсус
орамизда ана шундай нозиклар бор, ҳиқ.
Аммо, йиқилмай қолган уч-тўрт… вой кечирасиз, тўрт ҳам уже йиқилибди,
демак йиқилмай қолган уч йигит, майдонга келдик. Ўша ерда туриб, мана
шу табрик матнини ёзаябмиз… Одамлар жуда ҳам кўп. Байрам қилгани
келишган, аммо миршабларнинг чуррр-чурри туфайли байрамни тушунмайроқ
юришибди. Ёнимизга чақириб, анави, ҳиқ, дан қуйиб бердик, кўтаришдию,
байрамона кайфиятга эга бўлишди, ҳатто чуррр-чурррлар томонга оғзаки,
аннақа СМС жўнатишди, қойил… руҳлантириб юбордингизда ака, ҳиқ.
Бир соат ичида нақ, ҳиқ, йигирма ё ўттиз кишига қуйиб бердик, қаёқдан
келаётгани ўзимизга қоронғию, аммо, қуявердик, қуявердик… ҳиқ, бирров
мустақиллик монументи ортига ўтиб қайтдик ҳам, кечирасизу, у ер бундан
бошқа сабаб учун ярамайди, ҳиқ.
Хуллас, сиз сабаб анча-мунча одамда байрамона кайфият пайдо бўлди.
Президент сабаб бу кайфият деярли йўқолиб улгурганди, э-э… ҳиқ…ни,
ўшанинг…
Шунча одамга, ҳиқ, кайфият улашганингиз учун ҳам сизни яхши кўрамиз,
ҳиқ… айримлар шу ерда бўлатуриб бу ишни эплай олмаяпти, сиз эса
эпладингиз, қойил, ҳиқ.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, келаси туғилган кунингизни шу ерда,
мана шу майдонда, ўзингизнинг иштирокингизда кайфият улашиб ўтказайлик,
ҳиқ. Таклиф маъқулми? Унда кўтардик…»
Ўша пайтдаги ҳолатимиз ана шундай эди, шу боис матнда ҳам бу кайфият муҳрланиб қолган…
Энди мутлақо жиддий: Юсуф Жума׃
-Ўкинма дунёни уққан,
Бу номард қавмдан зинҳор.
Битта бўлса ҳам эр туққан
Жаҳонгир Муҳаммад бор.
Чида ғаним билан буғса,
Қарғама бу ғаддор халқни.
Битта бўлса ҳам эр туғса
Бундай эл яшашга ҳақли,
деб ёзибдилар. Шоир тўғри айтганидай, миллатни бугунги кўринишидан
мутлоқ тушкунликка тушмаслик керак, чунки унинг Жаҳонгири бор.
Мана шу, у бир маҳаллар умид билан яратган сайт, бугун қанчалар одамлар
учун кўнгил изҳори майдонига айланди. Қанчалар овози бўғилган, бадном
қилинган инсонлар бу минбар орқали ўз сўзини айтиб келаяпти.
Қараб туриб ўйланасан киши, ахир биз орзу қилган кунлар, ана шу майдон
сингари эркин, тирик ва ҳар бир ватандошимиз учун яқин бўлиши керак
эмасмиди?
Мана шу ерда қолиб, минглаб ёлғон ичида яшаб, кичиккина имконият
туфайли, ана шу ҳақиқат минбаридан баҳраманд бўлаётган юртдошлар
номидан Жаҳонгир ака сизни самимий қутлаймиз. Гайратингиз сўнмасин,
қаддингиз доимо тик бўлсин, зеро мамлакат чиндан ҳам аллакимларга
онасининг маҳри ўлароқ тушган эмас, у бизники, ва биз унда албатта
бирга, озод ва эркин яшаймиз. НИДОИ МАЗЛУМ.”
Нидои мазлум айтмоқчи, бу миллатнинг Жаҳонгирлари бор, тарихда кўп
бўлган ва бугун ҳам улар бор. Улар Юсуф Жума, Эврил Турон, Мурод Жўра,
Самандар Қўқон, Бахтиёр Ҳамро… каби номлар билан миллатнинг руҳини
сақлаб қолмоқдалар ва келажакка ишончини асраётирлар! Шунинг учун ҳам
мен улуғ шоир Юсуф Жуманинг шеърини диктатурага қарши курашаётган барча
жаҳонгирларга деб қабул этдим.
Туғилган куним баҳонасида олганим бошқа хатларда ҳам мени ўртаган ва
курашга руҳлантирган, тинмай меҳнат қилишга ундаган сатрлар бор. Мана
айримлари׃
АДОЛАТ УЧУН
“Ассалому Алайкум Жаҳонгир Ака!
Яхшимисиз? Туғулган кунингиз муборак бўлсин, иллоҳим нимани яхши ният қилиб юрагингизга тугган бўлсангиз Оллоҳим ўзи етказсин.
Биламан сизни энг яхши ниятингиз нима, ватанга яхши кун, адолат келиши, илоҳим келсин.
Узр сизни шундай муборак айёмингизда шу нарсани эслатмай дедиму бари
бир бўлмади. Чунки биласиз, бизни Ватанга бир шу етишмайди. Сизга бу
улуғ айёмингизда нима ҳам яхши тилак билдиришга ҳойронман, нимаки
билдирай десам камдек кўринади хаёлимга. Майли сизга Худойим адолат
учун деб нечта ҳарф терган бўлсангиз шунча марта савоблар ёзсин, адолат
учун деб неча марта оҳ урган бўлсангиз шунинг сонича ёш берсин….Табрик
билан Бобур Исоев”.
ҲУРРИЯТ…
“Қадрдоним Жаҳонгир ака! Туғилган кунингиз билан самимий табриклайман.
Ҳақ сўзни айтишдан, разолат ва истибдодга қарши курашдан ҳеч қачон
чарчаманг!
Улуг кунларни - юртимизда ҳақиқий ҳурриятни кўриш ҳаммамизга насиб этсин. Доимо сог-саломат юринг!
Дўстингиз Насрулло Саййид”.
ИЖОДИЙ ЮТУҚ
“Ассалому алайкум Жахонгир ака!
Сизни таваллуд айёмингиз билан чин дилдан табриклаймиз. Хамиша соглик, ижодий ютук ва узок умр тилаймиз.
Сизни билган ва хурматлаган Ватандошларингиз номидан Дилмурод Саййид”.
БИЗНИНГ ЁШИМИЗДА
“Имкониятдан фойдаланиб, сиз билан менинг ёшимда узоқроқ умр кўриш
сирини айтиб ўтсам: ўз оғирлигингизни 20 ёшлик даврдаги даражасига
қайтара олсангиз камроқ касал бўлиб, узоқ умр кўрасиз.
Сизнинг, оила аъзоларингиз ва садошларингиз бахти учун мустаҳкам
соғлик, узоқ умр ва орзу-умидларингиз амалга ошишини тилайман. Шуҳрат Аҳмаджонов”.
ШУКРОН
Раҳматли амаким, “Яхши дўст яхши кунингда қувонади” дер эдилар. Биринчи
Сентябр менинг яхши куним. Шу куни мен билан бирга қувонган яна Муҳаммад
Бобур Маликов, Ризо Обид, Ғайрат Мирзо, Зокир Али, Бобур Холиқназар,
Ҳайит Ғофур Тоҳир Жўшқин, Темур Ҳайдар, Улуғбек Бекиров, Нуриддин
Низом, Жамшид Очил, Баҳром Явидов(Нукус), Ўткир, Шарифжон Ҳамроев,
Фозил Мерган(Навоий), Садриддин Комил(Самарқанд), Меҳрож Аҳмад,
Фахриддин Ота, Эркин… ва бошқа исмларини, мактубларини маълум
сабабларга кўра келтира олмаганим кўплаб сафдошу мухлисларнинг ҳам эзгу
тилакларини тинглаб, ўқиб уларга мингдан-минг раҳмат дейман.
Азизлар, яхши инсонлар, сизларнинг барча тилакларингизни ўз
юрагимдаги орзу ва истакларга йўғириб ўзингизга ҳам йўллайман. Чунки
биз бир элнинг, бир орзунинг, бир курашнинг фарзандларимиз!
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД. 2007 йил.
|