ҚАМОҚДАГИ КУНЛАРИМ
-Чексиз азобдан айбим йўқки,-деб бақиришга мажбур бўлдим ва опер бўлими бошлиғи Отабек Бадалов мендан сўради:
- Отангнинг исми нима?
- Юсуф Жумаев—деб жавоб бердим.
- Яна қанақа айбинг бўлиши керак. Шу айбинг етмайдими?! Юсуф Жуманинг ўғли бўлганинг сенинг айбинг, уринглар!-деб чиқиб кетди.
Мен Машраб Юсуфжон ўғли 1985 йилда туғилганман. Миллатим ўзбек.
Оилаликман. Икки нафар фарзандим бор. Муқаддам судланмаганман,
маълумотим тугалланмаган олий, ҳозирги кунда Оллоқули фермер хўжалигида
иш юритувчи бўлиб ишлайман.
2007 йил 25 июль куни Қоракўл туман Марказий поликлиникасига тиббий
кўрикдан ўтиш мақсадида борган эдим. Соат 9 30 лар чамасида мени
Қоракўл туман ИИБ ходимларидан тузилган 17 кишилик гуруҳ калтаклаб
беҳуш ҳолда ИИБ га олиб борганлар. Ўзим билан олиб борган барча
нарсаларни олиб қўйиб мени подвалга ташлашди. Бир оздан кейин мени
қилмаган ишимга иқрор бўлишимни сўраб уч икши Жалол Муҳаммедов,
Абдулатиф Матрасулов ва Акмал исмли кишилар калтаклашди. Қаттиқ уришди,
ҳушимдан кетганимдан кейин мени камерага ташлашган эканлар. Ҳушимга
келганимда бутун таним зирқираб оғрирди, деворларга қараганимдан қаерда
ётганимни англаб етдим. Қоракўл туман ИИБ подвали, оёқ ости зах. Қоп
қора деворлар инсонни ваҳимага солади. Деворлар шундай ғадир
будирлардан иборатки, одамни ҳар тамондан сиқиб келаётгандек ишланган.
Том бетон плита билан бостирилган. Қоронғу ва зах хона.
Қанча вақт ётганимни билмайман, менинг камерамга яна ўша уч киши кириб
келди, Жалол Муҳаммедов, Абдулатиф Матрасулов ва Акмал. Биринчи бўлиб
Абдулатиф гапира бошлади:
- Барча ёпилмаган ишларни бўйнингга оласан, дадангдан ёрдам кутма. Энди
сенга даданг ҳам, Даданг ишонадиган Америка ҳам ёрдам бера олмайди.
Андижолндаги воқеаларни эшитгандирсан, Президентимиз юзлаб одамларни
қириб юборди. Давлат учун сенинг оиланг ҳеч нима, керак бўлса бир
соатда ўлдириб юборамиз. Тушундингми?!!! Дадангни ҳам, онангни ҳам,
улардан келадиган ёрдамни ҳам унут. Ёз! Иқрорман деб ёз!—деб гапини
тугатди.
Мен «йўқ» деб жавоб бердим. Шунча тушунтиришлари, дўқ уришлари зое
кетган Абдулатиф Матрасуловшериклари Жалол ва Акмаллар билан урди. Ҳеч
бир жонзотни, ҳаттоки эшакни ҳам бунчалар уришга инсоннинг юраги
чидамайди. Мени улар икки соатлар боғлаб қўйиб урдилар. Мен ҳам бир
дақиқа бўлсада бу золимлар билан кўчада олишсам деб ўйлардим. Улар
ҳаттоки менинг қаршилик кўрсатишимдан ўз зиндонларида ҳам қўрқардилар.
Мен ичимда буларнинг отасини ўлдириб қўйдиммикан деб ўйладим, шунда ҳам
бунчалик урмаслиги керакэди. Ҳушимдан кетганимдан кейин ташлаб
кетишган. Ҳушимга келганимда улар чиқиб кетган экан. Мен улар ҳақида
ўйлай бошладим. Абдулатифни ўйларканман, катталари ўлдир деса Мирзо
Улуғбек ўғли Абдулатифдек нафақат отасини, керак бўлса онасини ҳам
зўрлаб ўлдиришга қодир манфур эди.
25 июль туни менинг зиндондаги биринчи туним эди. Мен бунга қадар бир
сония ҳам тутқун бўлмаганман. Озодлик буюк неъматлигини билардим, лекин
бунчалар қадрини ҳеч қачон бу тунчалик ҳис қилмаганман. Бу тун менга
яна инсон умри қанчалар узун эканлигини ҳам англашимга сабаб бўлди. Ҳар
сония мен шу пайтгача яшаган 22 йилдан узун эди. Мени – зиндондаги
калтакланган оч сувсиз ётган маҳбусни ўнлаб қуролли соқчилар
қўриқлашарди. 26 июль куни эрталаб яна терговчи Жалол Муҳаммедов келиб:
- Ўйлаб кўрдингми, бўйнингга оласанми, - деб ўнга яқин ёпилмаган жиноят ишлари папкасини кўрсатди.
- Ҳеч қачон жиноят қилмаганман,-деб жавоб бердим.
- Сени шундай жойга юбораманки, керак бўлса 1999 йил 16 февраль
воқеаларида ҳам иштирок этганман деб ёзиб берасан, - деди ва чиқиб
кетди.
Қанча вақт ўтганини билмайман Собир Жумаев исмли ИИБ ходими келиб
3-сонли ҳибсхонагажўнатишларини айтди. 3- сонли ҳибсхонага телефон
қилишиб, менинг исмимни ҳам айтмасдан, Юсуф Жумаевнинг ўғлини олиб
борамиз деб айтдилар. Мен оиламдагилар билан учрашув талаб қилдим,
бироқ мени ҳеч ким билан учраштирмасдан соат 17 00 лар чамасида 3-
сонли ҳибсхонага, тўғрироғи қийноқлари билан ном чиқарган «Отбозор»
турмасига ИИБ учун махсус тайёрланган Отайўл машинасида олиб йўлга
чиқдилар. Мен бу машинани кўчаларда кўп кўрардим, анча ваҳимали қилиб
тайёрланган. Бу машина ташқарисини кўриб диктатор тахтдаги умрини чўзиш
учун халқнинг қора меҳнатидан топилган пулни шу халқни ваҳимага солиш
учун сарфлаяпди, деб ўйлардим. Бу машина ичкарисига кириб унинг инсон
юрагига ваҳима солиши мумкин бўлган томонларига эътибор бердим. Машина
ичкариси кўк рангга бўялган. Тўрт томони темирдан бўлса ҳам ичида яна
темир панжаралар. Панжаралар ва темир деворларида қон излари бор эди.
Қон излари табиий . Кимнингдир қони.
Биз анча йўл юрганимиздан кейин Бухоро шахридаги Отбозор турмасига етиб
келдик. Отбозорни кўришим билан ундаги қийноқларни ҳис қилдим. Совуқ
деворларнинг совуқ дарвозаси тақирлаб очилди, машина биринчи дарвозадан
кирибоқ иккинчи дарвоза олдида тўхтади. Очилган дарвоза ёпилди. Бошдан
оёғигача қуролланган икки соқчи машинани текшириб кўрди, шундан
кейингина иккинчи дарвоза биринчисидан ҳам ваҳималироқ очилди. Машина
ичкарига кириши билан тўхтади. Иккинчи дарвоза тақирлаб, Менинг
озодликдаги кунларимни ортда қолдириб, юрагимни эзиб ёпилди. Мени
қўлимда кишан билан Отайўлдан олиб тушдилар. Мени қабулхонага олиб
кирганларида соат 19 00 эди. Отбозорда мени 30га яқин мустабиднинг
формали оч итлари кутиб турган эди. Мен қабулхона эшиги олдида Отбозор
турмасининг ёзилмаган, бироқ амалда бўлганбиринчи қоидаси билан
танишдим. Кутиб турганлардан бири олдинга чиқди ва мени дубинка
биланикки қўллаб, қулочкашлаб бор кучи билан тўрт дубинка урди. Ёнидаки
қолган итлар эса шу ҳам уриш бўлдими деб туришарди. Отбозорга
киритилган ҳар бир маҳбусга шундай тўрт дубинка уриларкан. Ўн марталаб
сўроқ қилиб мени қабулхонадан турмага олиб ўтдилар.
Турмага Анвар исмли соқчи кузатиб борди. Атрофни кузатдим, соқчи менга
атрофга қараш мумкин эмас, ерга қара деб буйруқ берди. Нега атрофни
кузатиш мумкин эмас экан, деб менда қизиқиш ортди. Атрофни кўзим ости
билан яхшилаб кузатдим. Турма биноси шундай чилип қурилганки, турмада
туриб қуёшга қараб вақтни аниқлаш мумкин эмас эди. Турманинг тўрт
томони турмадан 50 метрга яқин масофада девор билан ўралган. Деворнинг
баландлиги беш метрлар атрофида, деворнинг усти ҳам бир метрларга яқин
тиканли симлар билан ўралган. Тўрт бурчакда девор устида минорачалар
қурилган бўлиб, унинг ҳар қайсида икитадан соқчи туради. Ҳовлининг
ичида девордан 4-5 метрлар масофада тўр томон сим тўсиқлар билан
ўралган. Симга электр токи тўрт жойдан уланган. Ҳар томон девордаги
электр токи билан ўралган сим тўсиқнинг ҳар тарафига тўрттадан соқчи
қўйилаган. Соқчилар тинмасдан юриб турарди.
Турма эшиги олдида икита қуролланган соқчи турарди. Темир эшикнинг ён
томонида қизил тугмача бор эди. Бу фавқулодда ҳолатларда босилар, ҳамма
соқчилар турма эшиги олдига келарди. Мен турма ичига киришим билан
Отбозорнинг яна ёзилмаган иккинчи қоидаси билан танишдим. Туалетга
қўлингни тиқ дедилар, мен кўнмадим аямасдан ўн беш дубинка уришди.
Бутун танам моматалоқ бўлиб кетди. Дубинка суякларимгача ботди.
Танамдаги оғриқни ҳеч ким ҳис қилмасди.
Зинадан юқорига кўтарилдик учинчи қаватга. Ҳар қават ўртасидан катта
зал ўтган. Залнинг икки тараф узун деворларида камералар эшиги
жойлашган. Зал тенг ўртадан иккига темир панжара билан ажратилган.
Панжаранинг ҳар тарафида биттадан поставой—навбатчи соқчи навбатчилик
қилади зинадан ҳар қаватга чиқиш жойида яна фавқулодда ҳолат тугмалари
бор. Бу тугмаларни фавқулодда ҳолатлардагина поставойлар босиб ёрдамчи
соқчиларни чақиради. Ҳар бир поставойда биттадан катта темир калит бор.
Поставойлар қўлидаги бу темир калитлардан қамоқхонанинг барча
эшикларини очиш билан бир қаторда ундан маҳбусларни калтаклашда ҳам
фойдаланадилар.
Ва ниҳоят Отбозорнинг ёзилмаган қонунлари учинчиси қоровул ўзига
бўйсиндириш ва қўрқитиб қўйиш учун ҳар бир қабул қилинган маҳбусни урар
экан. Менинг бошимга Завқий исмли поставой қўлидаги катта калити билан
бешавқат урди. Ҳозир ҳам ўша бесўнақай калит излари бошимда бор. Кейин
кўкрагимга тўрт мушт уриб 344 камерага ташлади. Камерага киришим билан
мени суяклари чиққан, синган, бадани шилинган, кўкариб моматалоқ бўлиб
кетган беш киши кутиб олди. Совуқ ва темир панжаралар билан ўралган
хона қамоқхонани эслатиб турса ҳам у ердаги одамларга қараб касалхонага
кириб қолгандек ҳис қилдим ўзимни. Улар мендан бўлган воқеани эшитиб
ўзлари ҳақида гапириб бера бошладилар. Энг ачинарлиси Холдаров
Назарнинг номаълум тақдири эди. Холдаров Назар 1975 йил Қашқадарё
вилоятининг Муборак шаҳрида туғилган. Уни Қашқадарё вилоят Миллий
Хавфсизлик Хизмати ходимлари қамоққа олган. Назарни Ҳизбу Таҳрир аъзоси
деб айб қўйганлар. Лекин Назар оддий сварчик бўлиб 5 нафар фарзанди
бор. Болаларини эслаб йиғлайди. У ҳеч қандай диний оқимга кирмаган.
Қашақадарё вилоят МХХ ходими мен сени йўлидан қайтардим деб обрў олишим
керак, сени шу учун қамоққа олдим, сенда Ҳизбу таҳрирнинг аъзоларига
ўхшаш бирорта ҳам хислат йўқ. Бироқ званиямни ошириш учун бирор иш
қилишим керакку деб Президент номига «АВФ» хати ёздириб олган. Энди
унинг тақдири номаълум.
Давлат мулкини талон тарожликда айбланган Шамсиддинов Мансурнинг эса
чап оёғининг суяклари чиқиб ётибди. Оёғинггизга нима бўлди, деб
сўраганимда Мансур шундай деб жавоб берди:
– Мен камбағалман, оиламиз катта, ўн саккиз киши еб ичади. Мен
буларнинг туҳматларини бўйнимга олсам оиламдагиларнинг ҳоли не кечади.
Булар эса мени бўйнингга ол деб қийнадилар, тергов қийноғи пайтида
шундай бўлди.
Бунга ўхшаган юзлаб кишиларни учратиш мумкин. Қайси камерага қараманг
50 % одам айбсиз дўззах азобида ётибди. Ҳар лаҳзада тергов фарёдлари
эшитилади. Бу азоблар секин аста менинг ҳаётимга ҳам кириб кела бошлади.
27 июл тонгда, соат 6 00 да уйғотди. соат 7 00 да қуруқ чой беради.
Букун соат 8 00 да эса Отбозор турмасининг 4-қоидаси билан танишдим ҳар
кун шу пайтда хонага навбатчи қоровул—постовой кириб келарканда ҳар бир
маҳбусни уч дубинкадан ураркан. Буни постовойдан поёк деб айтишаркан.
Шу кун бу поёкни мен ҳам қабул қилиб олдим. Тўғри келган жойингга уч
дубинка. Бераҳмликларидан инсонга ўхшамайди, қутурган итлар. Соат 9 00
да проверка, 10 00 да прогулка. Прогулкада бешинчи қаватдаги томи очиқ
хонага олиб чиқишади. 11 00 дан 13 00 гача тергов қийноқлари бошланади.
Икки соатлик қийноқлар махсус хоналарда ўтказилади. Қийноқ хоналари
деворларига мачалка ўралган. Мачалка устидан чарм қопланган. Қийноқ
хоналари турли хилдаги қийноқларни ўтказиш учун қийноқ асбобларига бой.
Мени соат 11 00 дан кейин 5 та опер гурухи ходими махсус қийноқ
хонасига олиб киришди, бўйнингга оласанми йўқми деб роса калтаклашди.
Ўтирғизиб қўйиб тиззамга эса битта опер гуруҳи ходими ўтирди. Биттаси
эса оёқларим остига аёвсиз дубинка билан урди. Дубинка ҳар бир текканда
товондан тортиб бошгача зирқираб кетади. Қийноқлардан таним зирқираган,
қадам босолмайдиган ҳолда хонага келтириб ташлашди.
00 дан тушлик. Тушликда буғдой ёрмасини қайнатиб беришади.
16 00 дан 17 00 гача яна тергов қийноқлари. Бу ерда терговни терговчи эмас опер гуруҳи ходимлари қилади.
Соат 20 00 да кечки овқат, буғдой ёрмаси ва ярим бухонка нон—кунлик нон нормаси.
Соат 22 00 да ҳамма ухлаши керак.
28 июлнинг мен учун 27 июлдан фарқи бўлмади. Танамдаги оғриқлар икки ҳисса ортди холос.
29 июлнинг ҳам илгариги кунлардан фарқи бўлмасди агарда қийноқлар
кучайтирилмаганда. Букуни менинг ўнг қўлимни бошим устидан орқага чап
қўлимни белим устидан орқага қайириб қўлларимни бир бирига яқинлаштириб
кишан уришди ва дубинка билан аёвсиз калтаклашди. Букунги қийноқ
оғриқлари суякларимдан ўтиб кетди. Бироқ ҳеч нарсани бўйнимга олмадим.
3 августга қадар кунларим шу зайлда ўтаверди. 3 августдан бошлаб эса
мен билан беш нафар опер шуғуллана бошлади. Мени кечқурунлари ҳам
махсус қийноқ хоналарига чиқарадиган бўлишди. Кундузлари бўйнингга ол
деб уришса, кечқурунлари ҳеч нима демасдан уришарди. Тўрт кун бир хил
такрорланди. Камерадошларим ҳайрон бўлишарди:
- Ҳатто Ҳизбу Тахрир аъзоларини ҳам бунчалик қийнашмайди, сен нима қилгансан ўзи,-деб сўрашарди.
7 август куни соат 19 00 ларда Отбозор Опер бўлими бошлиғи Отабек Бадалов 5 та опери билан ҳар кундагидан икки баробар кўп урди.
Чексиз азобдан айбим йўқки, деб бақиришга мажбур бўлдим опер бўлими бошлиғи Отабек Бадалов сўради:
- Отангнинг исми нима?
- Юсуф Жумаев—деб жавоб бердим.
- Яна қанақа айбинг бўлиши керак. Шу айбинг етмайдими?! Юсуф Жуманинг ўғли бўлганинг сенинг айбинг, уринглар!—деб чиқиб кетди.
Икки маротаба ҳушимдан кетдим, сув сепиб ҳушимга келтириб яна уришди.
Шу кундан бошлаб мени ҳар куни Отабек Бадаловнинг ўзи калтаклайдиган
бўлди. Унинг ғазабли зарбалари жонимни бўғзимга келтирарди. Мен Юсуф
Жумаевнинг ўғли бўлганим учун калтакланардим. Дадамдан олган тарбиям,
дадамдан ўтган ирода мени бу азобларга чидашимга куч берди. Мени
қанчалар қийнамасинлар улар истаган нарсани ёзиб бермадим. Ҳеч қандай
жиноят қилмаганман деб туравердим. Уриб чарчамадилар. Бир кун
қийноқларнинг якунида мен Отабек Бадаловдан «тамомми командир», деб
сўрадим
- Э отангнинг онасини…, - деди ва мендан:
- Сизнинг онанггизни ман…, -деган жавобни олди.
Отабек Бадалов: «Йўқотинглар буни» деб бақирди.
9 август куни мен 344 камерадан подвалга олиб тушдилар. 118 камерага
олиб тушдилар. Бу камерани КАРАНТИН деб айтишаркан. Бу ерда 3-6
мартагача судланиб қамалган. Ёки зонадан қайта суд қилиниш учун олиб
келинган 2та Ҳизбу тахрир аъзолари ва икита гиёҳванд бор эди. Ҳизбу
тахрир аъзоларининг исми Собир ва Фахриддин эди. Фахриддин 12 йилга
озодликдан маҳрум қилинган, саккиз ярим йил ўтирган. 2007йил 1 август
куни олиб келиб шу хонага ташлабдилар. Унинг баданини кўрган одм боласи
йиғлаб юборади. Унинг уч нафар ўғли бор экан, ўғилларини эслаб
йиғлайди. Собир эса тўрт ярим йил ўтирган, яна уч ярим йил ўтириши
керак. Танаси кўкариб кетган. Унинг айтишига қараганда унинг қўлини
орқасига қайириб кишан уриб калтаклашган. У:
- Биз Оллоҳи акбар деб бақирамиз, бошқа илож йўқ, улар: «қаттиқроқ
бақир Оллоҳинг юқорида, эшитмаяпди», деб урадилар -дейди. Уларни нима
мақсадда Отбозорга олиб келишганини ҳам, кейинги тақдирлари нима
бўлишини ҳам билишмайди.
Бу Ҳизбу таҳрир аъзолари Ўзбекистоннинг барча зиндонларида ётиб
кўрганларини, энг даҳшатлиси, қийноқлар авжига чиққани Отбозор
эканлигини айтадилар. Фахриддининг айтишича у Жаслиқ турмасида ҳам
ўтирган.
- Жаслиқ камералашган тизим, ҳамма нарса ўз вақтида бўлади. Қийноқлар
жуда авжида, лекин бу ердан юз карра яхшироқ,- дейди Фахриддин, Ҳизбу
Таҳрир аъзоси.
Бу ёруғлик тушмайдиган зах хонада атига бир маротаба овқатланиш имкони
бор эди холос. Онам ва акаларим олиб келагн егуликларнинг тўртдан бир
қисмини бериб олдим деб ёздириб, имзо қўйдириб кетарди. Беш сутка оч
калтак едим. Бояги беш нафар опер негадир энди калтак изи қолмасин деб
бошимга текис тахта билан урди. Қўл оёғимдан бир бир ярим метргача
кўтариб бетонга ташлаб юборардилар. Дубинка билан оёғим остига, мушт
билан буйрагим устига урардилар. 20 суткадан кейин 13 август куни
ҳаммомга олиб чиқдилар. Ҳаммомга кириб чиққанимдан кейин доктор чақириб
танамдаги хунук изларни йўқотишга уриндилар, анчасини йўқотдилар ҳам.
Беш опер мени яна 118 камерага подвалга тушириб улардан қутулганимни
айтишди. Улар бизнинг вазифамиз тугади деб кетишди. 14 август куни мени
поставой чақириб эслаб юришинг учун деб қўлидаги темир калити билан
бошимга юз марталаб урди. Бошимда калит излари қолди. Кейин қабулхонага
олиб боришди, билсам Судга чақирган экан. 14 август куни Қоракўл туман
Суд залига олиб боришди.
Суд мажлиси жуда қизиқарли бўлиб ўтди. Судда на даъвогар—жабрланувчи
бор, на гувоҳлар бор. Фақат қораловчи прокурор, суд ва мен панжара
ортида турардим. Судда жабрланувчи ва гувоҳ деб эътироф этилаётганлар
эса менингг айбсизлигимни, менга нисбатан туҳмат уюштирилганини
айтдилар. Суднинг шундай бўлишини билган Қоракўл туман Судяси Тангриев
Бу жиноий ишни кўриб чиқишдан бош тортган. Шу сабабдан Судни Олот туман
судяси Бобур Умаров кўрим чиқди. Менинг айбим йўқлигини ҳис қилб билиб
турган Прокурор юқорининг буйруғи учунгина бир йил муддатда озодликдан
маҳрум қилишни сўради. Судя эса уни тўғри тушунишимизни сўраб олтмиш
икки минг бир юз сўи жарима билан Суд залидан озод қилди. 21 кунлик
айрилиқдан эзилган жисмим зор-зор йиғлаётган онам бағрига отилди.
Ҳар бир инсон боласини бу золимлар қўлидан Оллоҳнинг ўзи асрасин! Айниқса Юсуф Жумаев боласи бўлиб ҳеч ким тушмасин.
Зиндонда ётибди милёнлаб тутқун,
Маҳкумлардан ҳатто чумоли устун.
Кўтармасангиз бошинггиз букун
Зиндон сизларни ҳам «сийлаши» мумкин.
Кўзинггиз очилгай балки ўшанда
Унутманг кеч бўлгай бошга тушганда.
Эслайсизлар мени бир кун кишанда
Зиндон сизларни ҳам «сийлаши» мумкин.
Пайтидир бирлашинг, кўтаринг бошни
Эрларни қутқаринг қулатиб Шошни.
Ғофил халқим ётманг, тўкиб кўз ёшни
Зиндон сизларни ҳам «сийлаши» мумкин.
Нажот сўраб ётар қанча мўминлар
Қийноқда эзяпди мустабид жинлар.
Сизни ҳам кутмоқда золим бединлар
Зиндон сизларни ҳам «сийлаши» мумкин.
Қўзғол! Вақти келди исённинг букун,
Бас, юр, қариндошинг диндошинг учун.
Ярим миллатимиз ётибди тутқун
Зиндон бизларни ҳам «сийлаши» мумкин.
Қамоқхона мадҳияси
“Сер қуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот”
Сен ўзинг душманга доимий макон.
Емрилгай тоабад илму фан ижод,
Устингдан кулади бутун бор жаҳон.
Олтин бу водийлар қон Ўзбекистон
Бағрингда қолмади сенга дўсти ёр.
Бутун халқ душманга қул бўлган замон
Аждодларнинг руҳи қарғайди бедор.
Бағри кенг ўзбекнинг йўқдир имони
Тутқун ёш авлоддир букулган қанот.
Жон бўғзимга келди, қўтир замони,
Яхшидир бағрингда тўхтаса ҳаёт.
Олтин бу водийлар қон Ўзбекистон
Бағрингда қолмади сенга дўсти ёр.
Бутун халқ душманга қул бўлган замон
Аждодларнинг руҳи қарғайди бедор.
Doimiy adres: http://turonzamin.com/2007/09/03/3920074/