85. ҲАВАС ВА ҲАЗАР
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, ижод этган Асадулло
Ортиқов (Яккабоғли) ўзбек журналистикасининг бир исёнкор овози эди. У
Ўзбек журналистикаси тарихида икки жиҳати билан ўчмас из қолдирди.
Биринчиси, унинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос услуби бор эди.
Иккинчиси эса, у фавқулодда камтар, камсуқум, ўз манфаатини ўйламайдиган, ростгўй, адолатпеша қаламкаш эди.
Унинг хориждаги ўзбек радиоларидан янграган деҳқончилик, фермерлар
ҳақидаги туркум фелъетонлари Каримов режимининг башарасини очганди.
Унинг бу режимга астойдил хизмат қилган Ўткир Ҳошимов, Абдулло Орипов,
Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби маддоҳлар ҳақидаги жуда кўплаб
мақолалари ҳам асло эсдан чиқмайди. Улардаги уста ижодкорга хос янги
топилмалар ва деҳқончасига содда ифодалар ҳамда дилларни ларзага
солгувчи давомли саволлар ўқиган ёки эшитган одамнинг бир умр ёдига
муҳрланиб қоларди.
Мен “Америка овози”да ишлаган пайтларимда уни тез-тез қидирардим.
Чунки унинг янги-янги асарларини ўқигим, эшитгим келарди. Маълум
кунларда у Яккабоғдан Қаршидаги ҳамкоримизнинг уйига ташриф буюрар ва
биз телефон орқали дардлашардик. У халқнинг охир аҳволидан дод деб фикр
юритарди.
У билан ўтказган ўнлаб суҳбатларим радиожурналистикадаги ўзига хос бир тарих, десам, муболаға қилмайман.
Унинг бошига Каримов режими кўп ишларни солди. Кунларини милиция,
суд остоналарига боғлаб қўйди. Ортидан кузатишди, таъқиб этишди,
калтаклашди, асоссиз қамашди, оиласи, фарзандларини қувғин этишди ва
буларнинг ҳаммаси унинг соғлиғини емирди.
Уни ҳатто Қаршида ва Тошкентда даволанишга қўймадилар.
Касалхонада ҳам таъқиб этдилар, заҳарладилар. Четга чиқиб
даволанмоқчи эди, аммо муттаҳамлар, каззоблару Каримовинг “латта”ларига
очилган йўл ўзбек халқининг дардини елкалаган алпомиш журналистга
очилмади.
Қашқадарёдан қандай қаламкашлар чиққан эди, десалар Абдулла Орипов
кабиларни ҳазар билан, Асадулло Ортиқов сингариларни эса ҳавас билан
тилга оладиган кунлар келишига ишонаман.
86. МУСТАҚИЛЛИК
Америкага келганимда қўлимга ижтимоий таъминот ҳужжатини беришди.
Дўкондан маҳсулот олаётганимизда бир чол-кампир ҳайрат билан қараб
турганини сездим. Улар пулга ва биз бепул олаётган эдик. Ўзимни
текинхўр ҳис этдим. Чунки ҳаётим давомида ҳеч кимга қарам бўлмаганман
ва ҳеч кимнинг ҳақини ҳам емаганим учун текинга овқат олишни ҳазм қила
олмадим.
Дарҳол ижтимоий таъминотдан қутулиш йўлларини қидирдим. Бир жойда
ишласангиз ва топишингиз оилангизга етарли бўлса, бу ёрдам кесилар
экан. Иш топдим ва ўзимни ўзим ўнглашга киришдим. Икки ойга қолмай тоғ
елкамдан тушди.
Бунинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор эди. Бир умр ҳам ижтимоий
таъминотда яшаш мумкин. Аммо бу таъминот жуда минимал эҳтиёжни
қоплайди. Сизнинг дилингиздаги орзуларни эса кўтармайди. Қийин
шароитларда бўлган яқинларингиз ёки сафдошларингизга ёрдам қўлини
чўзишни истасангиз, уй-жой, янги машиналар олишни хохласангиз ёки яхши
ҳордиқ чиқариш, олис сафарларга бориш режаларингиз бўлса, буларнинг
биттаси ҳам ижтимоий таъминот халтасига сиғмайди. Демак таъминотда
туриб бу орзуларни амалга оширмоқчи бўлсангиз кунингиз қинғир ишга ёки
бировдан бекорга келмайдиган сариқ чақага қолади.
Бунинг устига кимларгадир ёки миллатга хизмат қилиш иддаонгиз бўлса,
ўзингизни тузатиб олишингиз керак. Чунки ўзини оёққа қўя олмаган ва
ўзини тузата олмаган одам бошқалар ҳақида гапириши кулгили бўлади. Ўзи
мустақил бўла олмаган одам мустақиллик ҳақида гапирса, сиёсий латифага
айланади.
Зотан мустақил бўлиш учун, миллатга хизмат қилиш учун энг яхши ва самарали йўл аввало қаерда бўлмасин оёққа туриб олишдир.
(Давом этади).