Мактабнинг биринчи синфига бориб, ўқув йилининг иккинчи ярмига ўтгач дарслардан зерика бошладим.Чунки ҳали мактабга келмасдан аввал 4-6 ёшлигимдаёқ мендан катта синглим саводимни чиқариб қўйган эди. Алифбони тугатиб ўқиш китобидаги шеърларгача ҳаммасини ёддан билардим.
Ўқитувчимиз жуда моҳир педагог эдилар.У киши эринмасдан болаларга бир ҳарфни бир соатлаб қандай талаффуз этилиши-ю ва ёзилишини ўргатар эдилар.Менга домламиз бераётган сабоқ ёд бўлиб кетганиданми дарсда ўтириб зерикар эдим ва шўхлик қила бошлар эдим.
Албатта бу учун домладан кўп дакки эшитардим.Нима қилиш керак?Ахир "а" ҳарфини 40 ўқувчидан аранг ярми энди ёзишни ўргана бошлашди,айримлари ҳали-вери ўрганадиган эмас.Ахир бир кун домлага:мени бошқа синфга ўтказинг,дедим.Домла кўнмади.Қоида ҳаммага баравар бир синфда бир йил ўқишинг шарт,деди.
Кейинчалик маълум бўлдики, аслида мени юқори синфга кўчириш учун домла бечора директорга айтган экан.Аммо директор:у боланинг ҳулқи чатоқ,ўтирсин ўша синфда,дебди.
Ҳов ўшанда билагимдан сиққан директорга:"нега билагимдан сиқасиз,мен сизга нима қилдим",дея "беодоблик" қилганим учун директорнинг ноҳақ ҳукми эди бу.Яна маълум бўлдики,аслида гап бунда ҳам эмас экан.Менинг синфда пешқадамлигим директорга аллақачон маълум экан.Чунки унинг ўғли Убайдулло синфдошимиз экан.Ахир мактаб директорининг ўғлидан ўзиб кетиш мумкин эмаслигини ўшанда мен қаёқдан ҳам билибман,дейсиз.
Нима бўлганда ҳам чораси топилди.Домламиз:"Обидов сен истасанг ташқарида айланиб келсанг ҳам майли,бошқаларга ҳалақит бермасанг бўлди",деди.Шундан сўнг менда зўр имконият пайдо бўлди.Мактаб кутубхонаси иккинчи уйим бўлиб қолди.
Кутубхона мудираси ҳам зерикиб ўтирар экан шекилли,мен кириб боришим билан хурсанд бўлиб кетади:"кел ширинтой қайси китобни олиб берай,дея менга китоб танлашиб қўярди.Мен қалин-қалин китобларни ўқигим келарди.Лекин мудира:" у китоблар катталарники, сенга ўқиш мумкин эмас",дея рухсат бермасди.Бўлмаса ўзингиз каттасиз, ўзингиз ўқиб беринг,дердим.У кулиб-кулиб, юзларимдан ўпиб-ўпиб китоблардан олиб ўқишга тушар эди.Мудира опанинг эркалашлари жуда хуш ёқар эди менга.
Менинг диққат билан эшитаётганимни ўқиш орасида кузатиб янада ширин овозда ўқир эди у.Кутубхона мудираси билан орамизда мустаҳкам адабий муҳит яралган эди.
Аммо директор бошқа синфга кўчиргани маъқулмиди ўшанда ё кутубхонада китоблар мутоаласи-ю,мудиранинг ўқиб берганларини эшитиш яхшимиди,дея ҳозир сўрашса, албатта кутубхона мудираси билан ўтган вақтим яхши бўлган,деган бўлардим. * * *
Ижодга қадам
Учинчи синфдан тўртинчи синфга ўтгач ўқиганларим таъсирими ё кутубхоначи опанинг ўқиб берганларими ҳарқалай ўзим ҳам шеърга ўхшаш бир нималар қоралай бошладим.
Ёзганларимни опа мактабимиз она тили ва адабиёт фани муаллимига кўрсатган экан,бир кун ҳамма ҳурмат қиладиган,мактабда "адабиёт домла",дейдиган ўқитувчи мени йўқлаб қолди ва шеър ҳамда бошқа менга унчалик тушунарли бўлмаган адабиёт қонун-қоидалари ҳақида узоқ гапирди ва машқимни мактаб деворий газетасига чиройли ҳусниҳат билан ёзиб беришимни сўради.
Мен домланинг айтганларини қилдим.Албатта ўша пайтдаги машқимни ҳам,баъзан қаламга олиб турган ҳозирги нарсаларимни ҳам шеър,деб даъво қилолмайман.Лекин ўшанда деворий газетани юқори синф ўқувчилари ҳам ўқиб,бир-бирларига :"қара 10-11 ёшли бола шеър ёзибди.Исми Ризо экан",дея туришганини эшитиб ич-ичимдан қувонганим рост.Бироз ўзимни катталардай ҳис қилиб,гердайиб ҳам қўйганман. Ўша машқимни "Тонг юлдузи"(ўшанда "Ленин учқуни" эди номи)газетига жўнатдим.Эълон қилишган.
Ўшанда мендан бахтлироқ бола йўқ эди назаримда.Тошкентда ўқийдиган акамнинг синфдоши Дадахон ака машқимни ўша ёқда кўрган экан,чунки имзом остига:Наманган вилоят,Янгиқўрғон туман Калишо қишлоғидаги Машраб номли 21-ўрта мактаб ўқувчиси,деб ёзиб қўйилган эдида.У газетани қишлоққа ҳам олиб келиб ҳаммага кўрсатган.Энди мактабдагилар эмас,бутун қишлоқдошларга танилган эдим.
Ана шундай қилиб,1969-70 йилларда агар шундай аташ жоиз бўлса ижодга кириб келган эдим. Ижодим дастлабки цензурага дуч келди.У ҳақда кейинги ўринларда ёзаман.