Дилмурод САЙЙИД
ЗЎРАВОН ҲАЙДОВЧИ
Ўзбекистонда озгина устунликка эга соҳа кишиси ўз устунлигини ё
оғзи шалоқлик билан, ё куч ишлатиб намойиш этиши удум бўлган кўринади.
Бу иллатни ҳатто оддий ҳайдовчилар ҳам ўзларига қўшимча касб қилиб
олганлар.
Шу ўринда кичик эслатма: 2002-2003 йилларда йўлкира ҳақини тўламаган
мактаб ўқувчисини жамоат транспортидан дуч келган бекатда тушуриб
юбориш чиптачиларга одат бўлганди. Мен шу масалада ОАВ орқали бир неча
чиқишлар қилиб, бунинг салбий оқибатлари хусусида мулоҳазалар билдириб,
шаҳар йўловчитранс раҳбариятига ҳавола этгандим. Менинг чиқишларим
сабабми ё худо инсоф берибми, болаларимиз анча енгил нафас олиб
қолишганди.
2007 йил ўқув мавсуми бошланганига ҳали ўн кун бўлгани йўқ. Мактаб
ўқувчисининг ойлик йўл чиптаси шаҳар йўловчитранснинг тегишли идораси
орқали савдога чиқарилади. Уни сотган шахобчада муҳр босилади. Бу ҳам
камлик қилгандек, ўқувчи таълим олаётган мактаб, лицей ё коллеж
маъмуриятининг ҳам муҳри бўлиши шарт экан.
3 сентябрдан ўқиш бошланган бўлса, табиийки. Икки кун ичида ҳамма
ўқувчининг ойлик йўл чиптасига ўқув маъмурияти муҳр уриб улгурмаган.
Лекин жамоат транспортига чиқиши керак ўқувчи. Оқибатда эса…
Шу йил 5 сентябр куни Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирининг ўқувчиси С.Рустам ўқишдан қайтишида 87-йўналиш бўйлаб қатновчи давлат белгиси 10 АR 958
бўлган “Мерседес” русумли автобусга чиққанида чиптачи унинг ойлик йўл
чиптасида мактаб маъмурияти муҳри йўқлиги учун автобусдан тушуриб
юбормоқчи бўлади. Бироқ ўқувчи унинг талабини бажармайди. Шунда орага
автобус ҳайдовчиси Собиржон Исроилов аралашиб, ўқувчи боланинг ёқасидан
ғижимлаб, сўнгра томоғидан бўғиб, автобусдан тушишга мажбур қилади.
8-синф ўқувчиси Рустам пастга тушиб, автобус давлат белгисига қарайди.
Бу ҳол ҳайдовчини янада ғазаблантиради.
-Сен автобус номерини эмас, менинг башарамни таниб ол!-деб таҳдид қилади ҳайдовчи.
Ўқувчи пишиққина экан, автобус давлат белгисини ҳам, ҳайдовчи юзини
ҳам эслаб қолади- икки соат ўтмай боланинг отаси аризасига кўра
ҳайдовчи тутиб келинди…
Инкор этмаймиз, ҳозир кундалик режа-пул учун ҳайдовчиларга нисбатан
ҳам раҳбарияти қаттиққўл! Лекин бу дегани одамларни ҳақоратлашга,
уларга куч ишлатишга ваколат бериш эмас-ку!
С.Рустам ойлик йўл чиптасини кўрсатганида шунчалар қадрсизланиб,
маломатга қолибди, ҳеч нима кўрсата олмаган болаларнинг аҳволини
тасаввр қилаверинг!
Биз шундай жиҳатларни эътиборга олган ҳолда 2005 йил 24 ноябр куни
эълон қилинган “Йўқ” ҳақида бадиҳа” мақоламизда мактаб ўқувчиларига
жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имтиёзини бериш хусусида таклиф
билдирган эдик! Ҳали ҳам бу муаммони ҳал этиш тўғрисида ҳукумат ижобий
қарор чиқариши зарур, деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда болалардан йўлкира
талаб қилиш оқибатида турли кўнгилсизликлар юзага келиши аниқ!
Ота-оналар орасида ишсизликнинг мавжудлиги, оддий аҳоли қатлами
турмуш даражаси пастлигини эътиборга олиб ҳам ҳукумат оилаларга моддий
кўмак тарзида ўқувчиларга шундай имтиёзни яратиши зарур!
Ахир, ўзбек оилаларида 3-5 нафар фарзандлилик оддий ҳол, болаларнинг ҳар бирига ТЎҚҚИЗ МИНГ сўмдан ойлик йўл чиптаси харид қилишга аксарият оилаларда мутлақо имконият йўқ!
|