Ризобек Пятница, 2025-06-20, 19.45.53
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Сентябрь » 6 » Чизгилар
    02.18.14
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    5.Таъқиқ
    Матбуотда бирор-бир нарсангиз элон қилингач,унинг ўзига яраша оҳанграбоси бор наздимда ва яна қайта бошқа нарсалар ёзишга иштиёқ кучаяди.
    Менда ҳам шундай бўлди.1970 йилларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ҳамда Чортоқ туманлари битта эди.Номи Янгиқўрғон тумани, маркази эса Чортоқ шаҳри эди.

    Ҳозирда иккига ажратилган ўша пайтларда битта бўлган Янгиқўрғон туманининг Чортоқ шаҳри Темир йўл кўчасида жойлашган "Меҳнат байроғи" газетаси ўн минг ададда чиқар ва одамлар орасида оммабоп эди.

    "Меҳнат байроғи" газетига кутубхоначи опанинг хайрли ишлари хусусида кичиккина хабар йўлладим.Орадан уч-тўрт кун ўтиб газетанинг биринчи саҳифасида хабарим эълон қилинди.

    Катта-катта тим қора ранглардаги сарлавҳа остидаги хабар муаллифи имзоси чиройли босма ҳарфлар билан кўрсатилгани газетага хабар йўллаш иштиёқимга ўт қўйди,десам муболаға бўлмас.

    Шундан сўнг кетма-кет қишлоғимиздаги ва мактабимиздаги ижобий ва салбий ҳолатлар юзасидан ҳафтада уч марта чиқадиган газетада камида битта гоҳо тўрттагача хабарларим эълон қилина бошланди.

    Газетанинг қайси бетини очсангиз менинг имзом бўлар эди.Иккитаси Р.Обидов имзоси билан ва яна иккитасига нимагадир О.Ризаев,деб қўйишар эди.Кейинчалик билсам имзо ўзгартирилиши сабаби ҳар қайси саҳифада нега фақат Р.Обидов,дея райкомдагилар таҳририятдагиларга бироз дашном беришар экан.

    Буларнинг ҳаммаси ҳам майликуя,танқидларимнинг кўпи дадамга келиб тегарди.Чунки аввалига колхоз раиси бўлган дадам,колхозлар ўрнида совхозлар ташкил этилгач аввалги колхоз ўрнидаги бўлимга бошлиқ бўлиб қолган эдилар.Менинг ҳамма ёзганларим шу бўлим ҳудудидан эди.

    Лекин дадам менга ҳеч қачон у ё бу ҳақда ёзма,демасдилар,аксинча ҳақиқат бўлса ёзавер,дер эдилар.Ҳудудим кун сайин кенгайиб қўшни бўлимларга ҳам ўтиб хабарлар ёзишим сабаб бўлди шекилли мактаб директори ҳузурига чақириб,"ёзганларингни менга кўрсатиб кейин жўнатасан",деб қолди.

    Мен унинг гапига кўндим.Энди нима ёзсам мактаб директорига олиб бориб юрдим.У эса: "ўзим жўнатиб юбораман",деб хабарларимни олиб қоларди.Лекин газетада ҳаммаси ҳам кўринавермасди.Шу боис энди унга билдирмай ўзим жўната бошладим.Яна ёзганларим газета саҳифаларида кўпайди.

    Мактаб директори:"нега ёзганларингни менга кўрсатмай жўнатяпсан",дея сўроқ қилиб қолди.Мен эса:"сизга кўрсатсам кўпчилиги чиқмай қоляпти, шунинг учун",дея жавоб бердим.Директор нима,дейишни билмай қолди.Мен газетага:" мактаб директори хабарларимни кўриб, кейин жўнатиши тўғрими",деган савол билан хат йўлладим.Таҳририятдан:"йўқ,бундай қилиш мумкин эмас,директорга кўрсатмай ёзаверинг,агар иложи бўлса таҳририятга келсангиз",деган мазмунда хат олдим.Хатнинг остида "қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Собир Турғунов",деган имзо бор эди.Кейинчалик билдимки,раҳматли Собир Турғунов ҳозирда Би-Би-Си радиоси ходими Паҳлавон Турғуновнинг амакиси экан.

    Хуллас биринчи бор редакцияга ташриф буюрдим.Собир Турғунов хонаси эшигини аста тиққиллатиб,худди мактабдаги каби бош кийимимни ечиб кириб бордим.Собиржон ака ўша пайт нимадир ёзиб ўтирган эканлар,бироз туриб қолдим.Сал фурсат ўтиб,бошларини кўтардиларда:"ҳа,болакай сенга нима керак",дедилар.Мен чўнтагимдан у киши ёзиб жўнатган хатни чиқариб узатдим.Хатга шундоқ кўз ташладилару,ўринларидан туриб,ҳайрат билан:"эй,бизнинг мухбир Р.Обидов сизмисиз",дея қўл бериб сўрашиб, бир зумда бошқа хонадаги ходимларни чақирдилар:"ҳов, бу ёққа қаранглар Р.Обидов келди".Ходимлар тезда Собиржон аканинг хонасида жам бўлишди.Бирлари қўйиб бошқалари саволга тутишарди."Бирор киши ёрдам берадими ё ҳаммасини ўзинг ёзасанми" ва ҳакозо жавобларга терга ботиб "ўзим-ўзим",дея жавоб беришдан нарига ўтолмасдим.

    Собиржон ака ходимларга :"қаранглар,мактаб директори ёзганларингни менга кўрсат,деб боланинг шаштини қайтарар экан",дедилар.Ҳамма ходимлар бир овоздан "вой ярамас-ей",дейишди.

    Шундан сўнг ўша пайтда ёшгина,ҳозирда раҳматли газета масъул котиби Муҳаммаджон Тожиддинов қизил муқовали бир гувоҳномани темир сандиғидан олиб менга штатсиз мухбир гувоҳномаси ёзди,газета фотомухбири Абдулла ака Аҳмедов тез фурсатда суратимни тайёрлаб берди ва гувоҳномага ёпиштиришди.Муҳр босилди.Муҳаррир имзо чекиши керак экан,Муҳаммаджон ака муҳаррир хонасига кириб кетди,бироз ўтмай бўшашиб чиқди.Ҳамма ходимлар "ҳа,нима бўлди",дея уни қуршаб олишди.

    Бош муҳаррир Нарзулла  Йўлдошев:"газета ўйинчоқ эмас,бу район партия комитетининг органи,ёш болаларни штатсиз мухбир қилинмайди",дея кўнмабди.Шунда Собиржон ака:"ҳа,бекорларни айтибди у,бу ёш бола тўртта катта одам қилмайдиган ишнинг уддасидан чиқяпти,беринг бу ёққа гувоҳномани ўзим имзо чекиб бераман,ғит-пит деса ўзим жавоб бераман ўша райкомига",дея шартта имзо чекиб,гувоҳномани қўлимга тутқаздилар.Ҳамма тундлашган ходимлар Собир аканинг топқирлигидан хурсанд бўлиб, табассумла жилмайишиб,"табриклаймиз",дея қўлимни сиқиб тарқалишди.

    Шу куни редакция УАЗ хизмат машинасини ходимлар муҳаррирдан мен яшайдиган қишлоққа чиқиб келиш зарурлиги,чунки мактаб директори ёзганларимга тўсқинлик қилаётганини тушунтириб ўз ихтиёрларига олишди.

    Мен ва яна газетанинг олтовлон ходими УАЗда тўппа-тўғри қишлоққа келдик.Улар мени ташқарида қолдириб, мактаб директори хонасига кириб кетишди.Ярим соатчадан сўнг директор қизарган-бўзарган бир алпозда улар билан қайтиб чиқди.Собиржон ака директорнинг олдида :"бизнинг штатсиз мухбиримизга ёрдам бериб,ижод қилишига яхши шароит яратиб беринг",дедилар.
    Ичкарида нима суҳбат бўлган билмадиму аммо директор энди менга ялтоқланиб юрадиган бўлди.Мен бунинг сабабини кейин билдим.
    Нима бўлганда ҳам цензура бартараф этилганди ўшанда.

    Ризо Обид.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz