Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.42.33
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 26
    Гостей: 26
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 6 » АДАБИЁТ
    16.38.51
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МАМАТОВ:Ўзбеклар ва ўзбеклар

    89. ЙЎҚОЛИШ

    АҚШда бир куни докторга борсам, фамилиясининг ортида “ов” қўшимчаси бор экан.

    -Русчани биласизми?-деб сўрадим.

    -Дадам оз-моз билардилар, бувим ва бобом яхши билардилар, улар рус бўлганлар,-деди.

    Унинг “улар” дейиши аввалига мени таажжубга солди. Аммо кейин тушундим. У шу ерда туғилган, унинг Ватани шу ер ва шу заминнинг асл фуқароси у.

    У энди ўзини тўла америкалик деб билади ва фақат бобоси ва бувисини россиялик эканини айтади.

    Маълумки, ҳар қандай ғалабанинг ортида йўқотиш ва йўқолишлар бўлади. Марказий Осиёда мустақиллик туфайли вужудга келган янги давлатларда сиёсат бугунги кунга қадар бўлганидек давом этса, озчиликка айланган халқларнинг аста-секин ассимиляция бўлиб, асосий халқ таркибига сингиб кетишига олиб келади.

    Масалан, юқоридаги мисолдагидек, АҚШга келган муҳожирларнинг биринчи авлоди ўзлигини сақлайди. Иккинчи авлод ўзлиги ҳақида маълум тушунчага эга бўлади. Учинчи авлод эса тўла америкаликка айланади. Бунда тил асосий омил бўлиб хизмат қилади. Худди шундай Авропа давлатларида ҳам бобоси турк ёки армани бўлганини айтадиган, аммо турк ёки арман тилини мутлоқ билмайдиган шведлар, ҳолландлар, инглизлар жуда кўп.

    Марказий Осиёда Ленин сиёсати туфайли сунъий равишда ясалган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон жумҳуриятларида Совет даврида бошқа номдаги халқлар ўзликларини сақлаш учун қисман ҳуқуқларга эга эдилар. Мактаблари бор эди ва битирсалар қўшни жумҳуриятга бориб ўқиш ва яшаш имкониятига эга эдилар.

    Мустақилликнинг дастлабки йилларида буни сақлаб қолишга уринилди. Аммо вақт ўтган сайин чегаралар сиёсати, иқтисодий қийинчилик, сунъий равишда пайдо қилинган миллатчилик, тўқима миллий факура озчиликка тушиб қолган халқларни мажбурий ассимиляцияга олиб бормоқда.

    Марказий Осиё бирлигини англашда бугунги сўқирлик давом этса, айниқса ўзбеклар катта йўқотишга дуч келадилар. Бугун Марказий Осиёда 50 миллион атрофида ўзбек бор. Шунинг қарийб ярми Ўзбекистондан ташқарида. Афғонистонда бўлганлари деярли бошқа халқ таркибига сингиб кетиш жараёнига кирганлар.

    Икки-уч авлод бугунги сиёсатни бошидан кечирса, Тожикистондаги ўзбеклар ўзлари билмаган ҳолда тожикка айланадилар. Яшаш учун кураш уларни шунга мажбур қилади. Қозоғистонда қозоққа ва Қирғизистонда қирғизга айланиб кетадилар. Чунки бу мамлакатларда ўзбек тилида ўқисалар олийгоҳларга кириш чекланади, иш топиш мушкуллашади, кун кўриш оғирлашади, миллий таҳқир кучаяди ва ҳоказо. Уларга Ўзбекистонга келиб ўқиш ва яшаш бегона давлатга келиш каби бўлади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё бирлиги фавқулодда муҳим масала. Аммо бу энг сўнгги муаммо даражасидан теппага чиқмаяпти.

    Мустақилликдан кейин қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўқишга ёки яшашга келганлар золим сиёсат туфайли деярли фуқаролик ололмадилар. Улар чет элларга чиқиб кетдилар ва кетмоқдалар. Уларга жуда қийин. Ўзликларини энг тез йўқотадиганлар ана шулар бўлади.

    Масалан, яқинда АҚШга келган Н. билан гаплашдим. У Ўзбекистонни ватан деб юрибди ва имкон бўлганда қайтишини айтди.

    Н. Тожикистон фуқароси эди. Ўзбекистонга келиб яшади. Фуқаролик ололмади. Чет элдан бошпана топди. Лекин у билмайдики, агар у ҳаётлигида Марказий Осиё бирлиги вужудга келмаса, у Ўзбекистон учун бегона. Ҳатто режим алмашиб қолганда ҳам у қайтиб борса, унга Тожикистон фуқароси дея мурожаат қилишади. Ўзбекистонда фуқаролик олиш учун қонунларда белгилаб қўйилганидек узоқ йиллар кутишга мажбур бўлади. Ўзи туғилган Ватани-Тожикистон ҳам уни қабул қилмайди ёки айни талабни қўяди. Бу орада болалари она тилини йўқота бошлайдилар. Болаларининг болалари эса бошпана берган давлатнинг асл фуқаросига айланадилар.

    Хуллас, буюк йўқолиш биринчи босқичга кирди. Уни тўхтатишнинг биттаю бита йўли Марказий Осиё бирлиги (Туркистон, Турон)ни устивор этишдир. Афсуски тескариси бўлмоқда.

    …500 дан зиёд улкан асарлар яратган ва замонавий дунёда энг истеъдодли адиб деб эътироф қилинган Айзек Азимовни ҳамма америкалик, инглиз ёзувчиси дейди. Ўзи ҳам шундай деган. Унинг келиб чиқиши ҳақида гап кетганда Россияда туғилган дейишади. Фақат нимадир бўлиб, ота-онаси тилга олинганда у асли фарғоналик эканлиги айтилади, холос…

    90. ЭЪТИРОФ

    Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар қатори мен ҳам кўзимда ёш билан уни мангу йўлга кузатиб қолганман.

    1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди? Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган мен яшаётган уйнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У менга эртага туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди. Эртасига борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳайли семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:
    -Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди.

    Шошиб қолдим. Бунинг устига Расул ака:
    -Бу киши Аҳмад Исмоилов бўладилар, эшитган бўлсанг керак,-деди.

    Аҳмад Исмоилов номини кўп эшитганим, ҳар куни “Тошкент ҳақиқати” газетасининг тўртинчи саҳифасида унинг номига кўзим тушиб тургани учун довдираб қолдим.
    -Қани айт-чи, журналист дегани ўзи ким?-деди Аҳмад ака.

    Ўқишга кирган йилим биринчи дарсда домламиз Мухтор Худойқулов шу мавзуга яқин эркин иш ёздирган эди ва мен “Журналист-давлат арбоби” деб ёзганим ёдимга тушди ва шундай дедим.

    Аҳмад ака бироз ўйлаб турди-да, кейин Расул акага қараб:
    -Кўрдингиз-ми, ёшларнинг фикри хазина бўлади,-деди ва менга юзланиб:
    -Бориб Эътибор опангга айт, сени ишга олдим, иш соатларингни ўқишингга мослаб, режалаб қўйсин,- деди.

    Эътибор опа газетанинг Корректура бўлимида раҳбар экан. Шу билан “Тошкент ҳақиқати”да ишлай бошладим. Бу масканда Соат Мусаев, Назармат, Эргаш Муҳаммедов каби жуда кўплаб журналистлар, адиблар ҳам худди Аҳмад ака каби менга қучоқ очиб, иш ўргатишган.

    Аҳмад ака чапақай эди. У бир қарашда мақоланинг қандайлигини билиб оладиган маҳоратга эга эди. Чап қўллаб, қизил қалам билан қўйган сарлавҳалар ҳаммани ҳайратга соларди.
    Бир куни у мени чақириб:

    -Ёшлардан бирортаси билан корректурада ўтириб тур, бироздан кейин Шароф ака келадилар, у киши ўзлари гап қўшмагунча гапирма,-деди.

    Биз ишлаётган кўп қаватли бино янги бўлиб, Шароф Рашидов зиёратга келаётган экан. Биз 14 қаватнинг йўлак бошидаги хонада-корректурада гранкаларни ўқиб ўтиравердик. Рашидов ва ҳамроҳлари бизнинг хонага киришди. Биз бош кўтармасдан ишимизни қилавердик.

    -Ассалому алайкум,-дея Рашидов келиб бизлар билан кўришди ва бино ҳақида сўради.

    Рашидовни кузатиб қўйишгач, Зариф ака деган ҳазилкаш журналист келиб, бизнинг қўлимиздан ўпди ва:
    -Қани ҳамма бу олтин қўллардан ўпсин!,-дея ҳазил қилди.

    Орқадан Аҳмад ака келиб қолди ва:
    -Давлат арбоблари ҳам шунақа ҳазил қилади-ми?-деди.

    Мен унинг киноясини тушунмадим. Кечга томон у мени чақириб:
    -Табриклайман, мана бунга қара!-деди.

    Биринчи саҳифанинг хомакисида “ЖУРНАЛИСТ-ДАВЛАТ АРБОБИ” деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилганди. Кейин билсам, ўшанда Расул Раҳмонов билан Аҳмад ака Шароф Рашидовнинг нутқи ҳақида гаплашаётган ва менинг гапим уларга маъқул бўлгач, нутққа қўшишган экан. Рашидов журналистлар даргоҳини зиёрати баробарида мажлисда бу нутқни ирод қилгач, ҳамма газеталарда бу гап сарлавҳага айланиб кетди. Аҳмад ака доим шу ҳақда гапириб юрди.

    Унинг бир одати бор эди. Ёшларга катта пул бериб, кичик бир нарса олиб келишни буюрар эди ва қайтимини олмас, “Эртага бошқа нарса буюраман” дер эди. Эртага эса бошқа пул берарди.

    У ёшларнинг ғурурига тегмайин, деб шу йўл билан уларни иқтисодий жиҳатдан дастаклар эди. Умуман у ёшларни жуда қўллайдиган одам эди.

    Айтишларича, Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир бўлганда, Аҳмад ака масъул котиб экан. Ўшанда Рашидов у кишини “Пулнинг қадрига етмайдиган одамсиз” деганини эшитганлар бор экан. Лекин ҳаммада ҳам ана шундай хислат бўлавермас экан, у пулнинг қадрига етмаса ҳам одамларнинг қадрига етадиган журналист, давлат арбоби эди.

    “Тошкент ҳақиқати” газетаси Аҳмад Исмоилов бош муҳаррир бўлган йиллари Ўзбекистондаги энг ўқимишли, энг саводли нашр эди. Буни барча журналистлар чин дилдан эътироф этишарди.
    (Давом этади).


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz