Ризобек Четверг, 2024-11-14, 20.49.13
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 7
    Гостей: 7
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 8 » АДАБИЁТ
    13.40.12
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МАМАТОВ:Ўзбеклар ва ўзбеклар

    93 .ЖЎМРАК ва ЖАМИЯТ

    АҚШда ўз уйинг бўлмаса бир ташвиш, ҳар ой катта миқдорда ижара тўлайсан. Ўз уйинг бўлса, яна бир ташвиш. Банкдан олинган қарзни тўлайсан. Бир-икки ой тўламасанг, уйингдан ажраласан. Тўлаган тақдирингда ҳам ташвишлар битмайди. Йиллар ўтавериши билан эса ташвишлар ортаверади.
    Уйимиз янги. Бугунга қадар муаммо чиқмаган эди. Аммо энди баъзи кичик ташвишлар чиқмоқда. Масалан, яқинда ҳаммомхонадаги қўл ювадиган жумракнинг остидан сув оқа бошлади. Ишхонамиздаги бир жувоннинг гапини эсладим׃
    -Бундай ишларга мен пул бермайман. Дўконда жуда арзон туради, оламан, ўрнатаман, усталар эса ўн баравар қилиб олишади,-деганди у.
    Дарҳақиқат, бу соҳа усталари Америкадаги энг бой тоифа ҳисобланади. Яъни энг кўп пул қилишади. Битта жумракни алмаштириш учун 200-300 доллар олишади. Ваҳоланки, бу ишни беш дақиқада бажаришади.
    Мен жумракни ўзим алмаштиришга қарор қилдим.
    Шанба куни эрталаб чаққон бўлиб ишга киришдим. Эртароқ бошладим, чунки болалар уйғонгунга қадар битириб қўйишни режаладим-да.
    Уйимиз уч қаватлик. Бузилган жумрак учинчи қаватда. Сувни бекитадиган жой эса, биринчи қаватда. Сувни бекитиб, теппага чиқсам, калитлар тўғри келмайди. Бир амаллаб очишга қарор қилдим. Бўлмади. Кейин Home Depoт деган хўжалик моллар дўконига бориб жумракнинг янгисини сотиб олдим. 42 доллар экан. Қайтиб келиб, ўрнатаман десам тўғри келмади. Эскисининг номини ёзиб олдимда, дўконга қайтиб бордим ва 42 долларликни топширдим.
    Хайриятки, дўкон уйимизга яқин ва ҳамма нарсани қайтиб олаверади. Дўконни айланиб бизникига ўхшаганини топдим. 79 доллар экан. Олдингисидан чиройлироқ.
    Шу пайт дўконда саволларга жавоб бериб юрадиган киши келиб қолди. У билан гаплашсам׃
    -Буларнинг ҳаммаси стандарт,- деди.
    Шунда мен олдингисини олиб келиб топшириб хато қилганимни тушундим. Фақат иккита қўшимча боғловчи қувурчалардан олсам иш битар экан. Лекин қўлимдаги ёқиб қолганди ва уни олиб келдим. Эскисини очаман десам калит етишмади. Битта калит учун яна дўконга бораман-ми дедим-да, куч ишлатдим. Девордаги пластик қувурга уланган жойдаги босим жиҳози синиб кетди.
    Уни очиб олдимда шишаларга солиб сотиладиган Starbucks кофедан ичиб, асабимни жиловлаб, яна ҳалиги дўконга бордим. Баъзи нарсаларнинг отини билмасангиз ҳам қийин. Шунинг учун менга керакли Х-жиҳозни ўзим билан олиб келгандим. Бирор киши унинг нималигини билмади, десангиз. Охири дўконнинг бош иш юритувчисини чақиртирдим. У билағон экан׃
    -Бундай нарса бизда бўлмайди,-деди у.
    Мен ҳамма нарса бўлади дея мақтаб юрганим бу дўконда ҳам бўлмайдиган нарса бор экан-а, дея ажабландим. Ҳалиги одам менга бундай нарсаларни қаердан сотиб олишни айтди ва яқиндаги шундай дўконнинг адресини берди. Мен илгари фақат автомашиналар қисмларининг махсус буюртма дўкони бор деб ўйлар эканман, буни қаранг-ки ҳатто жумрак қисмларининг ҳам махсус дўкони бор экан. У ерга келсам, буюртма оладиган киши қўлимдаги жиҳозни ярим соат десам муболаға бўлади, аммо 10 минут томоша қилди.
    -Вов,-деди кейин.- Бу нима экан ўзи, номини биласизми?
    -Тақсир номини билганимда ўзини олиб келармидим?
    -Мен шу ерда 15 йилдан бери ишлайман, аммо бунақа нарса кўрмаганман. Бу қаерга ўрнатилган экан?
    Унга тушунтириб берсам׃
    -Сиз “Пулте” қурган уйларда яшасангиз керак. Улар ҳатто ҳамма жиҳозларни ҳам ўзлари яратадилар. Бу ҳам бизнес. Сизни ўзларига боғлаб қўядилар. Уларга ёзинг, юборишади,-деди.
    Ҳафсалам пир бўлиб машинамга ўтириб, Озоданинг “Ойдай тўлин-тўлин..” қўшиғини тинглаб, ўйга ботдим. Сувни бекитганман. Қувурлар очиқ. Қандай қилиб 2-3 ой кутаман. Уста чақирсаммикан?
    Шунда ёдимга биринчи қаватдаги хонага душ ўрнатган асли афғонистонлик Абдуманннон ака деган танишим келди. У ўшанда пластик қувурлар чиққани зўр бўлгани ва уларни бир-бирига елимлаш жуда қулайлигини роса мақтаганди. Иш жуда осон битганини ўзим ҳам кўргандим.
    Шунинг учун қувурдан бошлаб бу ёғига ҳамма нарсани алмаштираман, деган қарорга келдим. Ортга қайтгим келмади ва бошқа кўчадаги Lowes деган каттароқ хўжалик моллар дўконига бориб, пластик елим ва унга боғланадиган босим жиҳозини сотиб олдим. Қиммат эмас, 12 доллар бўлди. Қайтиб келиб иш бошласам, елим ушламади. Унинг қўлланмасини ўқиб чиқдим. Унда қувурга елимдан олдин дастлабки тозалагич модда суртилади дейилган экан. Аламимни яна қўшиқдан олиб, баландлатиб қўйиб, дўконга қайтиб бордим. Ҳалиги нарсани олиб қайтиб келсам, мен асли елимнинг бошқа турини олган эканман. Яна қайтиб боришимга тўғри келди. Керакли рангли елимни топиб, касса ёнига келсам ҳамён уйда қолиб кетган экан. Падарига лаънат!
    Бу орада болалар уйғонган ва вақт тушдан ўтиб бўлганди. Икки марта эски жумракни ўрнатиб, ҳар нарсага тўлдириб сув олиб қўйдиргандим.
    Умр йўлдошим болаларни олиб, озиқ овқат дўконига кетишганди. Телефон қилсам, хайрият қайтиб келишибди. У ҳамёнимни олиб келди ва кичкина бир қутидаги рангни иккита машина билан олиб келган бўлдик.
    Ҳамма ишни битириб жумракни ўрнатаман десам боғловчи қувур калталик қилди. Яна бориб келдим, десангиз. Ташқарида қоп қоронғу бўлган бир пайтда ишни битирдим. Сувни очишга юрагим бетламади. Чунки эрталабдан бери неча марта очган бўлсам доим ҳар томонга сув отилиб кетаверди-да.
    Хуллас, сувни очдим. Ташқарида қоронғу, менинг дилим ёруғ. Уйда байрам. Ҳамма мени қутлай бошлади.
    Бажардим!
    Жумракка қараб туриб׃
    -Беш минутлик иш экан,-дедим.-Шунга 12 соат сарфлабман-а?
    Уйдагилар менга жилмайиб қарашди.
    Лекин зарар қилмадим. Ҳам иқтисодий ва ҳамда маънавий фойда қилдим.
    Бундан кейин бундай юмушни беш дақиқада бажараман. Чунки энди нима қилишни биламан-да!. Ўргандим. Ҳатто кейинги шанба куни ҳамма жумраклардан уй қурувчилар ўрнатган босим жиҳозларини олиб ташлаб, дўконларда бўлганини қўяман. Бу ҳам мустақиллик!
    …Жумрак бузилса, уста чақирмай ҳам бир амаллаб тузатиш мумкин, аммо жамият бузилган бўлса-чи? Тузатиш осон бўлмайди. Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз вой ўша жамиятнинг ҳолига. Айниқса бу жамият устабузармонлар қўлида хонавайрон қилинган бўлса?!

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz