Калишо
қишлоғи кичкина бўлган билан бу гўшада яшайдиган ҳар бир инсон ўзига
хос бир дунё.Аслидаку ҳар бир инсон ўзига хос дунёку-я,лекин қишлоғимиз
кишилари ҳақида ўйласам уларнинг ҳар бири ҳақида бир китоб ёзса
бўларкан,деб қўяман.
Шундай бир дунё ҳамқишлоқлардан бири Нўъмон ака.
Эсимни
танимабманки Нўъмон ака бир хилда.Уни қишлоқ гузарининг гоҳ у,гоҳ бу
бурчида боши ўз-ўзидан сарак-сарак этиб, сал чайқалиб турганини
кўрганман.
Ҳозир ҳам саксон беш ёшларга бориб қолган Нўъмон акани сал чайқалиб турганини кўриш мумкин.
Нўъмон
акалардан қишлоқда эҳтимол беш ё ўнта бўлса керак.Қайси Нўъмон
ака,дейилган саволга ўрин қолдирмаслик учун "Нўъмон мўйлов",деб
қўйишади. Лекин ҳақиқатан ҳам Нўъмон аканинг қулоғигача етиб ортадиган
узун мўйлови бор.Айтишларича у мўйловини жуда парваришлаб,ҳатто
чўнтагида уни мойлаш учун идишчада қўй ёғи олиб юради,деб ҳам қўйишади. Совет
даврида у колхозда пиллачилик бўйича бригадир бўлган. Доимо олифта
кийиниб юрадиган бу киши кийинишдаги ўз анъанасини ўша ёшлигида қандоқ
бўлса шундайлигича сақлаб қолган.
Гап-сўзларга қараганда 1960 йилларда
Янгиқўрғонда райком котиби бўлган Доли Сатторов,деган киши пиллачилик
билан боғлиқ қандайдир йиғилишда Нўъмон аканинг мўйловига кўзи тушиб
қолиб,ёнига чақирган:"колхоз активи,деган пўстак тишлаган итдай
бунақанги мўйлов қўйиб юриши тўғри келмайди,олдириб ташла",деган
экан. Нўъмон ака эса:"мўйловсиз актив бўладиган эсам керакмас",дебдида
пилла бригадирликдан воз кечиб, қишлоқда ўзлаштирилмай ётган адирликка
чиқиб кетиб, боғ-роғ қилган.Ҳозир ҳам шу боғ бор.
Лекин Нўъмон ака ўша айтганимдай ўзига хос мўйлов ва галифе шим,ҳарбийча кителда юради.Бошида доимо энг яхши Чуст дўпписи. Қишлоқда
йиллар силсиласида сиёсат туфайли кўп нарсалар ўзгарди.Одамлар
ҳам.Аммо Нўъмон ака ўзгармади.У қанақа замон бўлмасин бир хилда.
Мустақиллик
йиллари масжидлар қайта тикланиб,авваллари ўғри,муттаҳам номини олган
айримлар мулла,тақводорларга айланди.Лекин Нўъмон мўйлов бирор марта
масжидга бормади.Аввал қандай бўлса шундай юзта-юзта қилиб
олиб,сархушроқ ҳолда чайқалиб юради.
У билан гоҳо кўришиб қолсак ундан-бундан суҳбатлашардик.Шу каби кўришишлардан бирида сўрадим:
-Ука,-деди
у- кел менинг тилимни қичитма,бу масжидга қатнаётганларнинг жуда
кўпчилиги кўп гуноҳлар қилган одамлар,ишонмасанг мана ҳозир пешин
намозидан қайтишаётганда "любой"ини кўрсатиб сўрагин мен ёнимга чақириб
нима қинғир ишлар қилган бўйнига қўйиб қўяман.
Мен унга бунинг
кераги йўқлигини айтдим,лекин кейинчалик эътибор бердим.Бошига салла
ўраган айрим тақводорни ёнига чақириб олиб унга ваъз айтаётган Нўъмон
мўйлов олдида мушукдай турганини.Масжиддан қайтаётганлар шу йўл ёқасида
курси қўйиб ўтирган Нўъмон мўйловга тавозе билан салом бериб ўтишганини
кўп кўрдим.
Баъзан кайфи ошиб қолган Нўъмон мўйлов:"Ҳабини(унинг
марҳума хотини Ҳабибахон ая жуда чиройли аёл эдилар
раҳматлик.Айтишларича Нўъмон мўйлов ёшлигида жўраси билан қўл ташлашиб,
ўзининг Санобархон исмли хотинини жўрасига тортиқ этиб, жўрасининг
хотини бўлган Ҳабибахон аяни ўзи олган экан.Хотини вафотидан сўнг Нўмон
мўйлов бошқа аёлга ўйланиб тўққиз фарзанддан кейин яна беш фарзанд
кўрди) фалончининг хотини бўлган билан мен ҳам унга ўзим яхши кўрган
қизни бериб "честний" алмаштириб олганман.Локин(у лекин сўзини шундай
талаффуз қилади)менинг ҳам гуноҳларим бор",деганини ҳам ўз қулоғим
билан эшитганман.
* * *
11.Исмон "полтора"
Полтора - ўрисча сўз бўлиб ўзбек тилига таржимаси биряримта,дегани.
Калишоликлар Исмон аканинг исми ёнига полтора сўзини бежиз қўшиб
айтишмасди.Чунки ўртача одамнинг вазни 70 кило тош босса Исмон аканинг
вазни тахминан 140-150 кило атрофида эди.
Бу бесўнақай одамнинг гавдасига тўғри келадиган ўлчамда дўконларда кийим йўқлигидан доимо буюртма қилинган кийимбош киярди.
Қишлоқдаги тўйларда ҳамма жуфт бўлиб битта товоқда ош еса Исмон ака
бир ўзи икки киши ейдиган ошнинг устига "ёғли жойидан солинг",дея
ошпазга икки ҳисса ош солдирар ва икки ҳисса гўшт ҳам қўйдириб бир ўзи
ер эди.У қўл-оёқлари катта,қулоқ-бурни ҳам бошқаларникидан икки ҳисса
катта, бақувват одам эди.Лекин ҳаракатлари унчалик чаққонмаслиги учун
анча-мунча эпчил йигитлар билан ади-бади айтишиб қолса калтак ер
эди.Лекин қўлига ушлаб қолса бир мушт урарди-ю,бирор нарса қилиб
қўйишдан чўчирмиди бошқа урмасди.
У армиядан қайтгач автоҳайдовчилик курсида ўқиди.Лекин нимагадир
Ўзбекистонда эмас қўшни Қирғизистоннинг Тошкўмир шаҳридаги бозорлардан
бирида шоферлик қилиб юрди.У қишлоқда аҳёнда бир кўринадиган бўлиб
қолган эсада кўпчиликка ёрдами тегарди.Масалан қишлоқда табиий газ
йўқлиги боис(ҳозир ҳам йўқ)Тошкўмирдан кўмир олиб келиб арзонроқ нархда
сотар эди.
Шундоқ улкан одам мен билан қандайдир ҳазилкаш эди.У мени кўрганда
ихчамлигимга ҳавас қилибми ё бошқами билмадим:"сенга қачон эт
битади,овқат-повқат ейсанми ўзи" каби гап ташлар эди.
Исмон аканинг бу
гапларини ёшини ҳурмат қилиб кўпда ҳазилга олиб кетар эдимку,лекин бир
гал қишлоқдаги акамнинг дўкони олдида бир неча киши турган эдик,Исмон
аканинг одатдаги гаплари нафсониятимга тегиб кетди ва унга:сиз овқат еб
семирганмисиз,дедим.У:"ҳада",дея жавоб берди.
Шу пайт дўконга янги тухум
олиб келиб туширишаётган эди.Мен унга ким кўп тухум ютишдан гаров
боғлашайлик,ким кўп ютса тухумниинг пулини ва яна уч юз сўм бериши
шартини айтдим.
Исмон ака анчайин кўмир сотиб пулдор эди-ю,аммо пул деса
ўзини осмондан ташлайдиганлар тоифасидан бўлгани учун ва гавдасига
ишондими ҳарқалай шартга дарров кўна қолди.Яна икки-уч ишқибоз ҳам бу
"мусобақага" қўшилишди.
Менинг ишонч билан бундай шарт қўйишим боиси ўша пайтларда спорт
билан шуғулланар ва кунига уч-тўрт дона хом тухумни эрталабдан ютар
эдим.Уни ютганда кўнгил айнимаслик учун тухумнинг икки бошидан игна
билан тешиб сўрилса томоғингиздан худди ип ўтгандай осон ютилади.Бу
менинг тажрибамда бор эди.
-Бошланг-дедим унга. У эса:"тенг бошлаймиз",деди.Ва келишдик
пештахта устига ҳар биримизнинг олдимизга бир қутидан ҳар бирида
ўттизтадан тухумни қўйишди.Кейин қўшилганлар ҳам бир қутидан тухум олиб
юта бошлашди.Исмон ака тухумни олиб шартта иккига ажратиб томоғи
тўрига ташларди.Мен эса одатим бўйича игна билан икки томони тешилган
тухумни ип каби сўриб юта бошладим. Шериклардан бири 16 дона,яна
бири 22 дона ютдида кўнгли беҳузур бўлиб кетиб юборишди.Исмон ака эса
18 та тухум ютолди холос.Мен 26 тухумни ютганимда Исмон
ака:"бўлди-е,сенинг тухум ютаётганингни кўриб менинг кўнглим беҳузур
бўляпти",деди.Мен бир қутидаги 30 тухумни тугатиб,унинг қутисидагидан
яна олти донани ютиб қўйдим.
Эҳтимол бу ёзаётганим кимларгадир лоф туюлар,лекин полвонни шу йўл
билан оғзини юмиб, ҳар кўрганда: "ҳа,полвон тухум ютамизми",десам бас
қочадиган қилганман.