Мактабимизга район комсомол комитетининг кўчма бюроси йиғилиш ўтказгани ўз аъзолари билан келди.
Совет даври шунақа эди.Еттинчи синфда ўқиётганларни ленинчи пионерлардан комсомоллар сафига қабул қилишар эди.
Мен
жойларда бўлиб,комсомол ташкилотлари фаолияти ва уларнинг қилаётган
ишларидан хабардор эдим.Уларнинг кўпчилиги калондимоғ,гўёки тоғ
қўлларида,ўзларини эса осмонда кўришар эди.Аслида компартиянинг
қўғирчоқлари эдилар.Улар менинг назаримда жамиятга кўпроқ манфаат
етказишни эмас, балки комсомолдан компартия сафларига ўтиб,бирор бир
амалга миниш учун трамплин сифатида фойдалинишарди.
Хуллас комсомоллар етакчилари янги улғаяётган амалпарастлар,деган тўхтамга келган эдим.
Синфдошларим бирин-кетин бюро аъзолари қабулига кириб кетиб икки-уч минут ичида комсомол бўлиб чиқа бошлашди.
Мен китоб-дафтарларимни йиғиштирдимда уйга жўнадим.Чунки комсомолга аъзо бўлгим йўқ эди.
Орадан бирмунча вақт ўтиб,синф раҳбаримиз ҳаллослаб келиб қолди.
-Ҳой,бу
нима қилганинг,у ёқда сени район комсомол комитетининг биринчи котиби
Малика Жўрабоева шахсан сўраяпти."Қани Обидов,кирмайдими,бир ўзи
қолди,билишимча у район газетаси жамоатчи мухбири у албатта бизнинг
сафларимизда бўлиши керак,деяпти"-деди домла.
-Мен комсомолга кирмайман.
-Нега-сўради домла.
-Ҳоҳламайман,бориб айтинг ўша Жўрабоевага.
-Э,йўқ-деди домла-бу гапни мен унга айтолмайман.Мени балога қўйма бола,ўзинг бориб айт унга бу гапингни.
-Яхши-дедим мен-сиз бу гапни айтишдан қўрқсангиз ҳозир ўзим бориб айтаман-дея домла билан мактабга бирга-бирга қайтиб бордик.
Малика Жўрабоева ўтирган хонага кириб боришим билан у ўдағайлай кетди: -Бу нима,сиз комсомол комитети бюросига беписандлик қилиб қаерларда юрибсиз-деди.
Мен
у гапини тугатгунча жим туриб эшитдим.У жим турганимни ўзини айбдор ҳис
қиляпти,деб ўйлади чамаси,"мана бу ерга имзо чекинг",дея қалин картон
қоғозни стол устига қўйди.Мен эса:"йўқ,қўл қўймайман,чунки комсомолга
киргим йўқ",дедим.
Жўрабоева менинг бу сўзларимни эшитиб
ҳайратдан қотиб қолди.Бироз ўтиб:"униб-ўсишингизни ўйланг,ахир
районимиздаги энг обрўли одамнинг фарзандисиз" ва яна ҳакозо анча
насиҳатомуз,айни чоғда дағдаға аралаш сўзлар айтди.Лекин мен комсомолга
кирмасликка қатъий қарор қилганим боис бу қароримни ўзгартиримаслигимни
айтдим.
Мен учун комсомоллар ташкилоти ёт эди ва шу боис уларнинг сафига кирмадим.
13.Мактабдан зерикдим
Саккизинчи
синфни битираётганимизда мактабдаги дарслар мени анча зериктирган
эди.Сабаби тайёр китобдаги мавзуларни аллақачон юқори синфдаги опамнинг
дарсликларидан ўқиб ўрганганман.Лекин мактабда қадрдон бўлиб қолган
синфдошларимдан ажралиб қолишни ҳам истамас эдим.Шу боис ҳам мактабдаги
ўқишимни давом эттиравердим.
Шуни айтиш керакки ёз ойларидаги таътиллар мен учун ғоят мароқли ва турли саргузаштларга бой бўлар эди.
Кўпчилик
ўқувчилар бу даврни пионерлар лагерида дам олиш билан ўтказишар эди.Мен
ҳам бир гал тенгқурларим билан шундай дам олиш масканига бордим,лекин
уч кунда зерикдим.Уйга қайтиб келиб юбордим.
Ҳовлимиз катта.Унинг
боғида мевали дарахтларнинг ҳамма туридан бор эди.Айниқса бобом эккан
олмурут жуда серҳосил бўлиб ёз ойлари меваси кўплигидан остига тўкилиб ётарди.Маҳалламиздагина эмас қишлоғимиздаги кўпчилик бу
ноксимон олмурутни хуш кўришганидан танаввулга бизникига келишар эди.
Мен эса ҳафтада бир увол бўлиб ётган олмурутдан қоғоз қопга энг сараларини жойлаб Наманган бозорига олиб борардим.
Дастлаб
бозорга бориб,пештахтага қўйиб савдога киришган пайтда ўша бозорда
ишловчи паттачи амаки келдида,олмурутнинг шамоллаш ва ҳакозо дардларга
шифо эканлиги хусусида сўзлар экан беш-олти донасини мазза қилиб еди-да
сўнгра:"килоси неча пулдан",деб сўради.Менинг оғзимга келган нарх негадир эллик тийин бўлди.Паттачи инсофли одам экан:"еганимга рози бўласан,ҳўп десанг
килосига 40 тийиндан кўтарасига оламан",деди. Мен дарров рози бўлдим,чунки ҳовлимизда олмурут шундоқ ҳам тагига тўкилиб беҳуда чириб кетаётгандида.
Паттачи
амаки:"яна олиб келсанг мен 40 тийиндан олавераман бозорда бекорга
вақтинг кетмайди,Абдуллохон паттачи,десанг мени топиб беришади бу
ердагилар",деди.
Бундан жуда хурсанд бўлдим.Ҳар ҳафта икки мартадан
олмурутни олиб Абдуллохон паттачига ўтказиб юрдим.Абдуллохон паттачини бозорга неча марта келган бўлсам бирор марта бировдан сўраб қидириб қолмадим.Чунки у мен бозорга келадиган кунларни билар ва ўзи кутиб оларди.
Чўнтагимда газетадан
оладиган қаламҳақларим билан анча-мунча пул жамғарилиб қолди.Шаҳарда
катта китоб магазини бўларди.Қалам ҳақимнинг ҳаммасига китоб сотиб
ола бошладим.Олмурутнинг пулини эса жамғариб қўявердим.Уйдагилар менинг
бу ҳаракатларимдан қувонишар эди.Ёш бола ўзини ўзи мустақил бошқарса
нимаси ёмон,сирасини айтганда тагига тўкилиб ётган олмурутни увол
бўлишидан кўра бошқалар баҳраманд бўлгани яхшику.
Шундай
қилиб,ҳафтада тўрт кун қишлоқма-қишлоқ,колхозма-колхоз дала-боғларни
пиёда кезиб газетага хабарлар ёзаман,икки кунида эса шаҳарга- бозорга
қатнайман.
Гоҳо совға-саломлар олиб онажонимнинг шаҳарга кўчиб
кетишган сингиллари Сорахон холаникига бориб хабар ҳам
оламан. Онажонимни мен келтирадиган Сорахон холам ҳақидаги хабарлар
қувонтирар эди. Сорахон холамнинг Носир исмли мендан уч-тўрт ёш кичик
ўғли бўлиб у билан ака-укадаек эди.У мен келадиган куннни билар ва ҳар
гал борганимда дарвозалари олдида кутиб ўтирган бўлар эди.
Узоқдан
кўриши билан мен билан сўрашиб- кўришишдан аввал уйларига қараб
югурарди:"Ризо акам келдилар",деб онасига етказгач, дарвозага етиб
борганимда яна ортига қайтиб чиқишга улгурар эди.
Ҳозир
айтаётганларим эҳтимол кимларгадир арзимагандай туюлар,лекин бу
борди-келди ва ўзаро қариндош-уруғчиликдаги самимий муносабатлар
бугунга келиб Ўзбекистонда анчайин совиган.Чунки тирикчилик ташвиши бу
каби муносабатларга ғоят кам эътибор берилишига табиий тарзда ўз
таъсирини кўрсатмоқда.
Ҳа,дарвоқе мактабдан анчайин кўнглим
қолди.Тўққизинчи синфни бошлаганимизда тарих фанидан Тошкентдаги
Низомий номли педагогика институтига сиртдан ўқишга эндигина кирган
Абдурасул Аббосов,деган киши ўқитувчи бўлиб келди.
Умуман мактабимизда
бошқа ҳамма фанлардан ҳам ўқитувчилар етишмаслигидан у ё бу томонлардан
муаллимлар келиб, бир нари борса икки йил ишлаб кетиб қолишар
эди.Аббосов эса мактабимиз директори бошлаб кириб таништирганда
айтгандай "ўзимизнинг маҳаллий кадр" эди. Аммо озгина вақтдаёқ
"маҳаллий кадр"нинг билими ўта саёзлиги билиниб қолди.Чунки доскага
ўтган дарс мавзусини қийшайтириб ёзишидан ташқари тўртта сўзда камида
тўрт хато бўлар эди.
Дарс мавзусини аранг ҳикоя қилаётганда аввалдан
мавзу таниш бўлгани учун эътибор қилсам,масалан: "фалон урушдаги фалон
тўқнашувда минг аскар ҳалок бўлди",деб айтганда рақамларни қиёсласам
тафовут катта чиқарди.Аввалига индамадим,лекин бир куни:"домла
айтаётганингиз китобдагига тўғри келмайдику",дедим.
Шундан сўнг тарих фани
дарси сабоқлари бошланиши билан ўқитувчи янги мавзу номини айтар экан
синфдошларим "Ризо айтиб берсин",дея бир овоздан сўрашарди.Кейинчалик
эса бу одат тусига кириб,муаллим ўқувчилардан ўтган мавзу юзасидан
сўраб баҳолагач,менинг галим келар эди ва янги дарсни ўтадиган бўлдим.
Географиядан
ҳам шундай бўлди.
Ҳарқалай мактабдан зерикишимнинг ўрни қопланди.Энди
мен ҳар гал янги дарсларга алоҳида масъулият билан тайёргарлик кўрар
эдим.Чунки мен норасмий муаллимга айланган эдим.