Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.47.10
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 34
    Гостей: 34
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 9 » Мустақиллик тарихи
    19.59.35
    Мустақиллик тарихи

    jahongir8063-copy.jpgЖАҲОНГИР МУҲАММАД,

    Собиқ Ўзбекистон Халқ депутати

    1991 йилнинг Август ойига келиб, Каримов ва СССР президенти Михаил Горбачевнинг ораси бузилиб қолганди. Горбачев анча эркин фикрлайдиган одам бўлгани учун Каримовнинг қайта қуриш ва ошкоралик йўлига тўсиқ бўлишидан хафа эди.

    Айниқса 1989 йил охирида Ўзбекистон Олий Кенгашига сайловлар пайтида Каримовнинг мустақил номзодларга кўрсатган босқиси Горбечевнинг қаттиқ танқидига йўл очганди. Чунки Горбечев сайловлар эркин ўтиши учун жуда қайғураётган бир пайтда Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлганига бир йил ҳам тўлмасдан сайловни қаттиқ назортга олиши унинг жаҳлини чиқарганди. Кейин Ўзбекистон Олий кенгашида юз берган воқеалар ҳам сабаб Каримовнинг репрессив хатти ҳаракати боис ўзбек халқи Иттифоққа ишончини йўқотади, деган фикр билан Горбачев Каримовни кескин танқид қилишга ўтди.

    1990 йилда Каримовни президент қилиб сайлаш масаласи апал-тапал сессияга олиб чиқилар экан, ўша пайтда уни қўллаган ва бу масалани сессияга олиб чиққан СССР Халқ депутати Аҳмаджон Мухторов “Хал сўзи” газетасидан ишдан кетказилиб, ишсиз қолгач кўнглини очиб шундай деганди:

    -Горбачев бизларни (у бизларни дер экан, Ислом Каримовни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиблигига келтириш учун Горбачевга кириб талаб қилган СССР Халқ депутатларини назарда тутаётган эди-ЖМ) чақириб, биз Каримов номзодини ўтказмаганимизда гриббонимдан олган эдингизлар. Бу қип-қизил диктаторку?! Бир икки танқид қилган эдим, энди мендан қочиб юрибди. Уни алмаштирмасак ўзбек халқининг кўксига шамол тегмайди, деди. Мен ўша куниёқ Ислом акани топиб, бунга жавобан дарҳол президентлик вазифасини жорий этиш кераклигини айттим.Ўшанда биринчидан, марказнинг ишга қўйиб ишдан олишига қарши бўлган бўлсам, иккинчидан Ислом акани бағри кенг одам деб билардим. Аммо адaшибман ва бу нафақат менга балки ҳаммага ҳам қимматга тушди. Бу одам ҳали кўп ҳунарлар кўрсатади…

    Горбачев СССР ўрнида ваколатлари кенгайтирилган жумҳуриятлар Иттифоқини тузмоқчи эди ва бу борадги ҳужжат имзоланишидан олдин давлат тўнтариши юз берди.

    Мазкур ҳужжатни референдумга қўйишганда Ўзбекистонда 99,99 % одам ёқлаб овоз берди, дейилгани ҳам Горбачевнинг жаҳлини чиқарган, Каримовнинг ўзи бу ҳақда бир куни сессия танффусида фаоллар ҳузурида шундай деган эди:

    -У одамгарчиликни ҳам билмайди, латта. Хурсанд бўлади деб, шунча одам ёқлади, деб ўзим телефон қилсам, раҳмат дейишнинг ўрнига, майнавозчилк қилма, деганди, оз қолсин онасини сўкиб юборар эдим.

    Ҳар ҳолда бу воқеа Горбачевнинг тоқатини тоқ қилган охиргиси бўлса керак.

    Каримов буни СССР Олий Советида юқори палатага раислик қилаётган Рафиқ Нишоновдан деб биларди. Горбачев Каримовнинг йўлтўсралигидан норози бўлса, Каримов Нишонов уни қайраяпти, деган хулоса чиқарар эди. Шу боис Ўзбекистон мустақил бўлиши билан Нишоновнинг Тошкенга келишини таъқиқлаб қўйди ва у ҳақда бир қатор уйдирма мақолалар чиқартирди. Шундай мақолалардан бирини президент девонида ишлаган журналист Шароф Убайдуллаев ёзганди ва унинг ўзи ҳам кейинчалик Каримовнинг зуғумига учрагани боис бир куни парда орқасидаги ҳақ гапни айтса ажаб эмас?!

    1993 йил Апрелида Ўзбекистондан чиқиб кетаётиб, Алматида депутатлар залида Рафиқ Нишоновни кўриб қолдим. У билан анча гаплашдик. У қандай қилиб Каримовнинг бу ишга келгани ва ўзининг унга қилган яхшиликларини гапириб берди. Энди Қозоғистон ҳудудига қадар келиб Тошкентга ўтолмайдиган бўлиб қолганини, ҳатто умр йўлдошини ҳам Каримов сургун этганини гапирди. Ўшанда уни кузатиш учун аэропортга Нурсултон Назарбоев келди. Нишонов мени у билан таништирди ва бошимга келганларни қисқа қилиб айтиб берди.

    -Каримов тентак, аммо хитрий тентак,-деди ўшанда Назарбоев.- У ГКЧПдан қолган мерос. Бугун турмада ўтирши керак эди. Аммо мустақиллик эълон қилиб, қутилиб қолди. У ҳали Ўзбекистонни барбод қилади!…

    Назарбоевнинг кейин бошқаларга ҳам “Каримов тентак” деб айтганини эшиттим. Ҳар ҳолда бу гап Каримовнинг қулоғига қадар етиб борган-ки, ҳамма вақт ораларида совуқ девор борлиги сезилиб туради.

    Хуллас, 1991 йилнинг ёзига келиб, СССР раҳбарлари (Ислом Каримов ҳам КПСС МК Сиёсий Бюросининг аъзоси эди-ЖМ) орасида Горбачев томонидагилар ва унга қарши жабҳадагилардан иборат икки гуруҳ пайдо бўлганди. Горбачев томонидагилар эркинлик, демократия десалар, иккинчи томон қаттиқўллик тарафдори эди.

    Ана шундай вазиятда, ГКЧП (Рус тилидаги “Государственний Комитет по Чрезвичайному Положению” калимларининг бош ҳарфларидан олинган-ЖМ) номи билан кирган давлат тўнтариши юз берди. Бу воқеа 1991 йил 19 Августида юз беришини саноқли одамлар, жумладан Ислом Каримов ҳам олдиндан билган.

    Давлат тўнтаришидан икки ой олдин Тошкентга СССР Витсе президенти Геннадий Янаев келди. У Ўзбекистон коммунистларининг сездида қатнашди. “Панорама” кинотеатрида ўтган мазкур сездда Янаев, мамлакатда интизом издан чиқиб кетгани ва фақат Ислом Каримов бош бўлган республикада коммунистик темир интизом сақлаб қолингани, бошқа жойларда бундай тажрибага эҳтиёж мавжудлигини гапирди.

    Кўп ўтмай Бош вазир Валентин Павлов Тошкентга келди. У кутилмаганда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси мажлисини чақириб, ўзи раислик қилгани ҳаммани ҳайратга солди.

    Ислом Каримов давлат тўнтаришидан олдин Ҳиндистонга кетганди. Ҳиндистон матбуотида ўша кезда бўлган маълумотга кўра, мазкур сафар Май ойига белгиланган ва Деҳли томони турли сабабларга кўра ташрифни бошқа пайтга суришга уринганди, Тошкент томони сафарни Августнинг худди шу кунларига мослашни қаттиқ илтимос қилган. Бу факт СССР Олий Советининг ГКЧПни ўрганиш комиссияси ҳужжатларига ҳам кирган..,

    Давлат тўнтариши юз берган кун мен Самарқандда эдим. Эрталаб биринчи рейс билан Тошкентга келсам, депутатлар залида ишлайдиган аёл мени қаршилар экан:

    -Ёмон бўлди-ми яхши бўлди-ми?-деб сўради.

    -Нима?-деб ажабландим мен.

    -Давлат сири деган жойи қолмади, телевизорларда бераяпти,-деди у жилмайиб.

    Биринчи хаёлимга келган нарса, Ҳиндистонга кетган Каримов ҳалокатга учраган бўлса керак, деган гап бўлди. Воқеани эшитиб аввал уйга келдим. Бази ҳужжатларимни олиб, чиқиб кетаётсам қўшнимиз, КГБ раиси Ғулом Алиев билан қаршилашиб қолдим. У кечаси билан ухламагани кўзларидан сезилиб турарди. Қизарган кўзларини ишқалаб:

    -Бироздан кейин яна ишга бораман. Жаҳонгиржон, илтимос уйга қайтинг, ишга чиқманг, рўйхатда сиз ҳам борсиз. Эшигимиз бир-бирига қарши, қўшнимиз, болаларингизнинг кўзига қандай қарайман, кейин. Воқеалар бир ёқлама бўлгунча уйда ўтиринг,-деди.

    Унинг бу гаплари самимий ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо мен унга ишонмас эдим. Чунки у ҳали КГБ раисининг ўринбосари эканида Ўзбекистон телевидениеси учун бир маҳаллада тайёрланган учрашувда баъзи бузғунчи депутатлар ҳақида гапирган ва мен ундан изоҳ талаб қилган эдим. Изоҳ бермагач, “Озодлик” радиосидаги суҳбатимда уни қаттиқ тандиқ қилган ва КГБ раиси бўлаётганда ҳам қарши чиққан эдим. Шу боис унинг самимиятини тескари тушуниб, Олий Кенгашга келдим.

    Москванинг топшириғи билан Шукрулло Мирсаидов бошчилигида фавқулодда қўмита тузилибди, лекин қўмита бўлаётган воқелардан ўзини узоққа олгани боис КГБ ва Ички Ишлар вазирлиги бевосита марказнинг айтганларини қилаётган эди.

    Каримов Ҳиндистон сафаридан қайтаётгани ҳақида эшитдик.

    Кейинчалик эса Ислом Каримовнинг учқичдан Янаевга телеграмма йўллаб, уни табриклагани маълум бўлди. Ҳукумат доирасидаги ҳаракатлар ҳам шундан дарак берар эди. Мухолифат қувғинга олинган, ҳатто эркин қарашдаги депутатларнинг орқасидан кузатиш бошлаганди. Мен шундагина Самарқанддан саҳар чиққанимда уйимиз ёнида икки томонда турган икки енгил машина ҳақида эсладим.

    Москвада эса демократлар давлат тўнтаришига қарши чиқан эдилар. Бизнинг қўмитамизда аъзо бўлган депутат Раимжон Султонов намойишга чиққанлар ҳузурига уйидаги иккита қоввунни олиб боргани Яанаевчиларга ўзбеклардан ҳам қаршилар бор, деган хабарга асос бўлганди.

    Биз ҳам Олий Мажлисда ишлайдиган бир гуруҳ депутатлар Россия Парламенти олдида намойиш қилаётганларга телеграмма йўллаб, демократияни қўллашимизни билдирдик. Кейин бир йил аввал аъзолигидан чиққанимиз коммунистик партия билетлари кимда қолган бўлса, йиғиб келдик ва Олий Мажлис олдида ёқиб ташладик.

    Бунга эса Олий Мажлис парткоми Зуҳриддиновнинг:

    -Тезда парткомга келиб аъзоликларингизни тиклангалар, бўлмаса қамалиб кетасизлар,-деган гапи сабаб бўлганди.

    Каримов Ҳиндистондан қайтгандан кейин ҳам уч кунга қадар Москвада бўлаётган воқеаларга муносабат билдирмади.

    Москвада ҳамма нарсани Елтсин қўлга олди, Горбачев дам олишдаги “асир”ликдан қутқазилди, давлат тўнтариши фитнаси ва ортидаги сирлари фош бўлди.

    Шундан сўнггина Ўзбекистон ҳукумат биносида бир мажлис бўлди. Лекин у ерда ҳам гап муносабат ҳақида эмас, интизом ҳақида борди.

    Хуноби ошган депутат Карим Баҳриев:

    -Бутун дунё ГКЧПга муносабатини билдирди, бошқа республикалар ҳам ўз қарашларини айтдилар, биз эса қўллашимизини ҳам, қоралашимзини ҳам айтмадик. Муносабатимизни билдирайлик!-деген бўлса, ёзувчи Примқул Қодиров:

    -Ислом акамнинг истеъдодлари туфайли биз эсон омонмиз. Мана ўртоқ Янаев Тошкентга келганларида у кишини алоҳида мақтаб кетгандилар. Ҳозир вазият қиличнинг дамида юрган каби. Озгина хато қилиндими, оғиб кетиш мумкин,-дея ҳали ҳам Янаевни ҳимоя қилганди.

    Ислом Каримов ҳали кутиш кераклигини уқтирар экан, масалани жойларда интизомни сақлашга чақириш билан “ёпди”.

    Кейин СССР Олий Советида давлат тўнтариши масаласида комиссия тузилганда фитнада Ислом Каримовнинг иштироки ҳам қайд этилди. Бир йил аввал мустақилликка қарши чиққан Ислом Каримов фавқулодда сессия чақиртириб, 1991 йилнинг 31 Августида Мустақиллик ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилди.

    СССР Олий Советининг депутати, юқоридаги давлат тўнтариши юзасидан тузилган комиссия аъзоси Пўлат Охунов Каримовнинг ГКЧП фаолларидан бир эканлигини, бу борада ҳужжатлар мавжудлигини айтиб чиқди. Лекин мустақиллик Каримовнинг жонига ора кирди. Пўлат Охуновни эса Каримов ҳибсга тиқди.

    2000 йилнинг 18 Августида “Америка овози” радиосига берган суҳбатида Пўлат Охунов бу ҳақда шундай деган эди:

    -Давлат тўнтариши қилганлар қамоққа кирдилар. Каримов Янаев ва Павловларни бу ишга илҳомлантирган одам эканлиги аниқлансада у четда қолди. Қамоққа кирганлар кўп ўтмай чиқдилар, балки Каримов ҳам ўшанда қамалганда орадан кўп ўтмай чиққан бўларди. Лекин масаланинг бугун учун жуда қимматли бўлган маънавий жиҳати бор. СССРни сақлаб қолиш учун давлат тўнатаришининг меъморларидан бири бўлган одам бугун мустақиллик қаҳрамони деб улуғланаёгани кишини ўйлантиради.

    Масаланинг яна бир маънавий томони бор. Бу эса Каримов ўзининг ГКЧПдаги иштирокини тўлалигича Мирсаидовнинг бўйнига қўйиб юборганидир. Мирсаидовнинг ўша кезда республикада иккинчи одам эканлигини ҳисобга олган тақдиримизда Каримов бу ҳаракати билан ўзи бошида турган Ўзбекистон ҳам ГКЧПда иштирок этганини тан олиб қўйганди ва бу билан “мен ҳам бу ишнинг ичида бор эдим” деганини ўзи ҳам билмай қолганди. (ИАК)

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz