2006 йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи беш ўспирин томонидан жиноят содир этилди. 18 ёшга тўлиб-тўлмаган бу йигитларнинг бири Тошкент давлат Шарқшунослик институти талабаси Тимур Нурметов (Тошкент ш, Мирзо Улуғбек тумани Петров кўчаси, 1 — 155), иккинчиси Даврон Ахметов (М. Улуғбек тумани Темур Малик кўчаси, 3-тупик, 8-уй), учинчиси Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Шоҳруҳ Алимов (Мирзо Улуғбек тумани Қорасув-2, 38 — 4), яна бири Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти талабаси Азамат Жалилов (Мирзо Улуғбек тумани Устабоев кўчаси, 170) ҳамда 190-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шерзод Рисхиев (М. Улуғбек тумани, Темур Малик кўч, 1-уй)лар эди.
Дастлабки тергов матриалларига кўра, йигитлар ўзаро жиноий тил бириктиришиб, Тошкент шаҳар М. Улуғбек тумани Узумзор 3-боши берк кўча 1-уйда яшовчи Шерзод Халиловни тунашмоқчи бўлишди. Шерзод М. Улуғбек туманидаги 190-мактабнинг 10-синфи (Ш. Рисхиевнинг синфдоши)да ўқир, унинг Nokia 3250 русумли нархи нақд 350 долларлик уяли телефони бор эди. Шерзод Рисхиев ўзидан бир-икки ёш катта бўлган дўстларига Шерзод Халиловнинг ўзини доим ҳақоратлаб, уриб-сўкиб келишини, унинг эсини жойига келтириб қўйишини, унинг телефонини олиб беришини сўради. Маҳалладошининг хўрлангани қитиқ патига теккан, азбаройи ғурурдан ўзини босолмаган ўспиринлар йўлга тушди. 2006 йилнинг 13 декабр куни кунботар чоғида бешовлон Шерзод Халиловнинг йўлини тўсди. Дастлабки терговда маълум бўлишича, Тимур Нурметов Шерзоднинг пешонасига мушт туширди. Шерзод бақирганидан сўнг ҳаммалари қўрққиб, телефонни ҳам олмай қочиб қолишди.
Мазкур ҳолат юзасидан Шерзоднинг онаси Азиза Халилованинг шикояти билан йигитлар 2006 йилнинг 14 декабр куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан ушлаб келинди. Дастлабки суриштирувлардан сўнг уларга орган ходимлари томонидан тушунтириш берилди: агар йигитлар Шерзод Халиловнинг телефонини олиш мақсадида унга тажовуз қилганларини ёзиб берсалар, олам гулистон, ҳаммалари озод қилинади. Ҳарқалай, иш матриаллари, гувоҳлик кўргазмалари шунақа!
Бироқ иш тескарисига олди. 2006 йилнинг 17 декабрида мазкур гуруҳга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик), 166-моддаси (Талончилик) ҳамда 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни жиноятга ундаш) билан жиноят иши қўзғатилди. 2006 йилнинг 18 декабридан бошлаб, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси ишнинг фавқулодда аҳамиятини(!) ҳисобга олиб, тергов ва суриштирувларни ўзи ўтказадиган бўлди. Терговчи сифатида ишга ИИВ Тергов бошқармаси катта терговчиси Т Дониёров жалб қилинди, тергов ишига вазир ўринбосари А. Шарафутдинов раҳбарлик қилди.
Тошкент шаҳар прокурори Б. Валиев тасдиқлаган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноий гуруҳ аввалдан тил бириктириб, ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш мақсадида шахсга тажовуз қилганлар. Ўзганинг соғлиғига хавф солувчи тан жароҳати етказганлар. Босқинчилик жиноятини содир этиб, муайян мақсадда вояга етмаган шахсни жиноят этишга мажбур қилишган. Талончиликка қўл уришган. Шерзод Халиловни рақамсиз ватомабилда таъқиб қилишган, афтидан ўғирламоқчи бўлишган... Хуллас, жамият учун хавфли бўлган аср жиноятини содир этишган!
Дастлабки тергов ва суд мартиалларида акс этишича, мазкур хавфли гуруҳ гўё шахсларнинг уяли телефонларини олиб қочиш ва ўзлаштириш билан мунтазам шуғулланиб келишган. Фуқаро Қобилжон Зупаровнинг Samsung-100 маркали уяли телефон аппаратини 2006 йилнинг 18 ноябрида олиб қочган. Гарчанд, фуқаронинг ўзи бу ҳақда даъво қилмаса-да, дастлабки тергов буни “фош” этди. Мазкур хавфли жиноий гуруҳ 2006 йил 13 октябрь кунги ҳодисада Шерзод Халиловга енгил тан жароҳати етказди. Бу ҳақда суд-тиббий экспертизанинг 2007 йил 19 феврал(!)даги 15-Куш-Ах-сонли хулосаси мавжуд. Унга кўра, Шерзод Халиловнинг танасида бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси мия тўқималарининг лат ейиши ва гемотомаси, ўнг кўз атрофи кўкаргани каби жароҳатлар борлиги, аммо оғирлик даражаси бўйича соғлиқнинг қисқа муддатга (21 кунга етмаган) ёмонлашув “ЕНГИЛ” тан жароҳати (!) олгани аниқланган.
ИИВ Тергов бошқармаси катта терговчиси Т Дониёров томонидан ўтказилган сўроқларда айбланувчилар дастлабки тергов ва суриштирувлар чоғида Тоштурмадаги тергов изоляторида уларнинг олдига “лохмач”лар (жиноий жазони ўтаётган ёмон хулқли маҳбуслар — Эзгулик) кириб, мажбурий иқрорномаларга қўл қўйдиргани, зўрлик билан телефон эпизоди киритилгани, аммо уларнинг нияти телефонни олиш бўлмаганини айтиб кўргазма беришган. Шунингдек, қийноқлар натижасида бир неча марта кўрсатмаларини ўзгартиришганини тан олишиб, ИИВ терговчиси ҳузуридаги сўроқларни ҳақиқий деб топишни сўраганлар. Шерзод Халиловнинг олдига боришдан мақсад шунчаки уни қўрқитиб қўйиш бўлганини, бошқа мақсадлари бўлмаганини таъкидлашган. Бор гап шу...
Жиноят иши тергов ва суриштирувлардан сўнг судга чиқарилди. Ишни дастлабки инстанцияда 2007 йилнинг 7 майида А. Худойберганов раислигида кўрган Тошкент шаҳар суди Тимур Нурметовга 16 ЙИЛУ 6 ОЙ қамоқ жазоси белгилади. Ахметов Даврон ва Алимов Шоҳруҳни 16 ЙИЛ, Жалилов Азаматни 15 ЙИЛУ 6 ОЙ муддатга озодликдан маҳрум қилди. Балоғатга етмаган Шерзод Рисхиев эса 9 ЙИЛга кесилди! Гарчанд суд мажлисида даъвогар Азиза Халилова (Шерзоднинг онаси), даъвогар Қобилжон Зупаровлар айбланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирсалар-да, суд буни инобатга олиб ўтирмади!
Аслида гап нимада? Ўспиринларни босқинчиликда, талончиликда айблаш, уларга нисбатан мисли кўрилмаган шафқатсиз жазолар белгилаш ортида нима бор? Жиноий жазолар либераллашаётган, суд-ҳуқуқ тизимимизга гуманизм, инсонпарварлик ислоҳотлари кириб келаётган пайтда ҳуқуқ тартибот идораларининг бу ишини қандай тушуниш мумкин? Боз устига, айбланувчиларнинг барчаси олий ўқув юртларининг талабалари, намунали хулқ эгалари, жамиятимиз учун ўрнак бўларли шахслар бўлса!
Бизнингча, гап бу ўринда фақатгина жиноят ишида ЖАБРЛАНУВЧИ сифатида ўтган Шерзод Халилов (Азиза Халилова, Шерзоднинг онаси)нинг шахсида. Яъни, унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Эркин Халиловнинг фарзанди эканлигида!..
Айбланувчиларнинг ота-оналари билан ўтказилган суҳбатлар, иш матриалларида Азиза Халилова берган кўрсатмалардан маълум бўлишича, Эркин Халилов хонадонига телефон орқали кимдир муққадам унинг душманлари борлиги ҳақида маълум қилиб, огоҳлантирган. Мазкур қўнғироқдан сўнг кичик тафтиш ўтказилиб, реал хавф-хатар мавжуд эмаслиги аниқланган. Бироқ ўсмирларнинг Шерзодга ҳужумидан сўнг хавотир олган парламент спикери ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган. Ҳатто 2006 йилнинг 17-18 декабрида фарзандлари учун кечирим сўрашга борган ота-оналарга Э. Халилов телефон орқали ҳужумнинг ташкилотчиларини топиб берса, болаларини қўйидириб юборишини айтган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари иш матриалларини ўрганиш чоғида, Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, коррупция ботқоғига ботган, оёғи ердан узилган бир ҳовуч раҳбарларнинг мавжудлигига амин бўлди. Уларнинг давлат ҳокимияти идораларига нисбатан фуқаролар ишончига зарба бераётганига гувоҳ бўлди. Хусусан, жамиятимизга ариза билан мурожаат қилган айбланувчи Тимур Нурметовнинг отаси Баҳром Нурметовнинг таъкидлашича, дастлабки терговлар мобайнида ўспиринларга нисбатан қийноқларнинг қўлланилгани, улардан зўраки иқрор хатлари ёздириб олингани милиция ходимларининг зўровонлигини кўрсатади. Дахлсиз мақомдаги суд ўта шафқатсизларча жазо белгилаши, ишни квалификация қилишдаги қўпол хатоси, ҳозирги даврда ёшларимизнинг телефон васвасасига тушганидек ижтимоий аҳволни, даъвогарларнинг даъвоси йўқлигини ҳисобга олмаслиги ортида муайян мақсадлар мавжуддир.
Ўзбекистон Республикаси Бош пурокуратураси маълумотларига кўра, жиноий жазоларни либераллаштириш ислоҳотининг самараси ўлароқ, давлат мулкини талон-тарож қилган, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, жамият манфаатларига беҳисоб зиён етказган Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Рустам Юнусов сингари шахслар қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазолар билан сийланди. Халқаро ҳамжамият наздида мамлакатни коррупциялашган, сиёсий ҳуқуқсизлик ва иқтисодий ночорлик ботқоғига тиққан айрим амалдорлар инсонпарварлик ислоҳоти шарофати билан муқаррар қамоқлардан озод қилинди. Ҳаттоки, ҳукумат сиёсатини бошқа бир ўзанга буриб юборган Андижон фожиаси айбдорлари ҳам безорилик қилган ўсмирлардек шафқатсиз жазоланган эмас...
Биз юқорида таъкидлаган жиноят иши аппелация босқичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ф. Шодманов раислигида шу йилнинг 28 июнида кўриб чиқилиб, айбланувчиларга нисбатан жазо муддатлари бироз қисқартирилди. Бироқ Парламент спикерининг арзандасига қўл кўтарган ўсмирлар халқаро ҳамжамият наздида сиёсий маҳбуслар сақланадиган муассаса сифатида ном чиқарган Жаслиқдаги 64/71-муассасасида сақланмоқда. Гарчанд, аппелация суди жазо муддатини қисқартирган бўлса-да, иш моҳиятан адолатли ечим топмади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатимиз қонунчилиги, халқаро ҳуқуқий нормаларга таяниб, босқинчилик ва талончилик билан боғлиқ мазкур боғлиқ ишни жиддий тафтишга муҳтож, деб ҳисоблайди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан дастлабки терговлар мобайнида қийноқлар қўлланилгани факти, тергов ва суднинг ишни енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олмагани, ишни бирёқлама олиб борганини қоралайди. Мазкур иш юзасидан республика Бош прокуратурасини тегишли изоҳ беришга чақиради.