98. ИЛДИЗ
Ўзбеклар бир-бирларини кечира оладиларми? Бу менинг юрагимни ёндирган
саволлардан бири. Гап фақат ўзбекликда эмас. Менимча, бунинг жуда чуқур
илдизлари бор. Бу ҳолатни араб, форс, дари, паштун ва ўрду тилида
гаплашадиганларда ҳам кўрдим. Энг қизиғи, улар яшайдиган мамлакатларда
эмас. Балки улар келиб яшаётган демократия диёрида уларнинг
демократияни ҳазм қилишлари нақадар қийин кечишини кўриб, ҳайратландим.
20-25 йилдирки, Америкага келиб, ҳалига қадар танқид эшитганда
диркиллаб қоладиган бу одамларни кўриб ўзимизнинг ўзбекларимиз ҳақида
ўйладим. Минг афсуски, Ғарбнинг ҳавосидан нафас олаётган
ўзбекларимизнинг аксарияти ҳам шу аҳволда. Аммо Туркия турклари ҳақида
бу ҳақда узил-кесил бир гап айта олмайман. Улар демократик танқидни
ҳазм қилишда бошқа мусулмон қавмларга нисбатан анча илдам.
“Америка овози”да бир араб бошлиғимиз бор эди. 30 йилдан бери
Америкада экан. Демократияни англаган деб ўйлабман ва кўпчиликнинг
олдида танқид қилдим уни. Шу қадар душманга айландики, мана орадан 4-5
йил ўтиб ҳам яқинда бир мажлисда кўриб қолсам, ҳали қовоғидан қор ёғади.
Ғарбда яшаб юрган ўзбекдан истаган бирини танқид қилиб кўринг,
камчилигини айтиб кўринг, дарров сизни “иғвогар” дейди. Бу ҳам майли,
бир умрлик душманингизга айланади.
Америкага келиб, ўқиб, шу ерда таҳсил олган бир “қаламкаш” ўзбекни
жуда асосли камчиликлари учун орқаваротдан эмас, очиқ, ўз номим билан
танқид қилгандим. Орадан йиллар ўтди. Ҳалига қадар у орқаваротдан мени
ҳаммага “иғвогар” деб юргани майли, турли форумларда ҳам турли тилларда
тинмай ёзади, бўҳтон ёғдиради.
Ваҳоланки, орқаваротдан гапириш ёки имзосиз ёзиш иғвогарлик эканлигини ва ўзи шу куйга тушганини ҳам билмайди, шўрлик!
Бундай мисоллар сон мингта. Ҳатто исмини айтмай, умумий танқид
қилсангиз ҳам, ўзига олиб, сизга қилич қайрайдиган “демократларимиз”
қанча…
Шунинг учун демократия ҳақида гапириш ва демократ бўлишнинг орасида ер билан осмон қадар фарқ бор.
Менимча, бу нарсанинг илдизи жуда чуқур ва бу илдизни кўра олмасак,
топа олмасак ҳали бери руҳимизни сариқпечакдек ўраб тураверади.
99. РИВОЯТ ВА ҲАҚИҚАТ
Бир подшонинг уч ўғли бор экан. Ворис танлаш учун уларни синовга солибди. Катта ўғлини чақириб;
-Мана бу ҚОНУН,-дея бир китобни кўрсатибди,-унинг ҳар бир ҳарфига риоя
қилишинг керак, агар риоя қилмасанг тахтдан, бойликларингдан айрилиб
зиндонга кетасан, мана бу ҳам ҚОН+УН, яъни қон ва ун дебди,-икинчи
томондаги нарсаларни кўрсатиб,-Қон зулм рамзи, ун бойлик рамзи.
Танлаганинга қараб мен хулоса қиламан…
Ҳар уччала ўғил ҳам ҚОН ва УНни танлашибди.
Подшо хафа бўлиб ўтриган экан, маслаҳатчиси:
-Хафа бўлманг, фарзандда бўлмаса ота нишони, унда бордур бировнинг қони, болаларингиз сиз танлаган йўлни танладилар,-дебди.
-Сен ҳали менга шундай дейдиган бўлдингми?-дея шоҳнинг жаҳли чиқибди.
-Чунки сиз тахтни бирор ақлли одамга эмас, ўз болаларингиздан бирига
бермоқчисиз, ана у ўзингиз ёздирган ҚОНУНда эса тахт энг ақлли одамга
насиб этгай деб битилган,-дебди.
-Мен сени дўст деб юрсам, душман экансан,-дея шоҳ ҚОНУНни бир четга улоқтириб, жаллодни чақирибди.
Шунда маслаҳатчи:
-Мана кўрдингизми, яна ҚОНУНни эмас ҚОН+УНни танладингиз, мен эса ҚОНУНни танлагандим, майли мени ўлдиртиринг,-дебди.
Подшо ҳукмидан қайтмай маслаҳатчини жаллоднинг қўлига топширибди. Шу
зайл орадан вақт ўтиб, подшо ўлиб, ҚОН ва УН унинг авлодларига меърос
бўлиб қолибди. Улар биринчи галда ўз оталарини гўрба-гўр қилиб, кейин
халқни талабдилар.
Айни шу вазиятни бугун ҳам кўриб турибмиз. ҚОН ва УНни танлаган
Каримов ўзи ёздирган ҚОНУНларни бир четга улоқтириб, тахтни ҳам ўзи
каби зулмдорга қолдирмоқчи.
Ҳуқуқшуносликда қўлланиладиган лотинча бир ибора бор׃ дура лекс, сед
лекс (Dura lex, sed lex), бу қонун қаттиқ, лекин риоя қилиш учун
дегани. Риоя қилинмас экан, Конституция ва қонунларда ўзбек тили
борасида нега бу қадар гаплар ёзилди? Бу энди мунофиқлик масаласи.
Чунки ҚОН ва УН ҳукмронлиги учун мунофиқлик деган замин керак!
(Давом этади).