ПАРТИЯ БОШИДАН КЕЧИРАЁТГАН ОҒИР ВАЗИЯТНИ ЮЗАГА КЕЛТИРГАН ОМИЛЛАР
ЭРК ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ РАИСИ САМАД МУРОДНИНГ ПАРТИЯНИНГ БЎЛАЖАК 6- СЪЕЗДИГА ДОКЛАДИ ЛОЙИҲАСИ
ПАРТИЯ МАРКАЗИЙ КЕНГАШИНИНГ КЕНГАЙТИРИЛГАН ЙИҒИЛИШИГА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ
Ҳеч кимга сир эмас, «ЭРК» бугунги кунда расмий мақом билан «фаол»
кураш олиб бораётган баъзи партиялардан фарқли ўлароқ собиқ компартия
оиласига мансуб эмас. ЭРК советлар истибдодига чек қўйиш ва миллий
давлат мустақиллигига эришиш мақсадида олиб борилган курашлар жараёнида
халқимизнинг асрий орзу-армонларини ифодаловчи, уни ўз атрофида
жипслаштирувчи сиёсий куч сифатида майдонга келганди. Унинг сиёсат
майдонидан сиқиб чиқарилишининг асосий сабабини ана шу ўгайлик
қисматидан изламоқ керак.
Бизга бир бирини тақоза қилувчи буюк учлик – ҲОКИМИЯТ-ПУЛ-КУЧ
тугаллигига эришиш учун на вақт, на имконият берилди. «ЭРК» ҳали сиёсий
партия сифатида шаклланиб улгурмай, 90-йилларнинг бошидаёқ буюк учликни
компартиядан мерос тарзида қўлга киритган Халқ демократик партияси
(ХДП) уни фаолият эркинлигидан маҳрум этиб, ўзининг коммунистик
моҳиятини - бошқарувнинг мухолифат иштирокидаги чинакам демократик
шаклига бардош бера олмаслигини ошкор этди.
Гарчи Ўзбекистон миллий давлат мустақиллигига эришгач, асосан 1993
йилдан то шу кунгача нафақат партия рақбарияти, балки унинг жойлардаги
фаоллари, аъзолари ва ҳатто тарафдорлари ҳам шу ўгайлик қисматига
маҳкум этилган бўлса-да «ЭРК» партияси ўз сиёсий фаолиётини бир зум ҳам
тўхтатгани йўқ. Чунки унинг ўзи ҳам, ғоялари ҳам ўзбек халқининг
орзу-армонлари асосида шакллангандир.
Демак, токи ўзбек халқининг юраги уришда, даҳоси ижодда, хаёли орзу
қилишда давом этар экан «ЭРК» яшашда, ўз халқини дориломон фаслга олиб
чиқиш учун курашда давом этади.
Бутун халқ тақдирига дахлдор бўлган муҳим сиёсий воқеа – мамлакат
президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида ана шу халқ
партияси янада огир ва ўта мураккаб вазиятга тушиб қолди. Жойлардаги
фаоллар, оддий аъзоларимиз ва кўп сонли тарафдорларимизни партиянинг
сиёсий куч сифатида расман фаолиёт олиб боришига монелик қилаётган
омиллардан хабардор қилишни бурчимиз деб ҳисоблаймиз.
1. ҲУҚУҚСИЗЛИК.
Маълумки, ҳар қандай сиёсий партия ўз гоялари ва ҳаракат дастурини
амалга ошириш мақсадида ҳукумат таркибига кириб, бошқарувда мумкин
қадар кўпроқ ваколатни қўлга киритиш учун бошқа сиёсий партиялар билан
демократик тарзда кураш олиб боради. Конструктив сиёсий рақобат
фуқоролик жамиятининг асосий яшаш усулидир. Қачонки, жамият бошқарувида
ана шундай рақобат йўқ экан, демократик эркинликлар ҳақида гап ҳам
бўлиши мумкин эмас.
Фақат Ўзбекистон учун хос бўлган қонуний йўриқларга кўра ҳар қандай
сиёсий партия тепасида асосан ХДП намоёндалари ўтирган адлия вазирлиги
рўйхатидан ўтиб, сиёсий фаолиёт учун расман рухсатнома олиши шарт. Аммо
ҳокимиятни тўла монополия қилиб олган ХДП демократик мухолифат учун
амалда ўтиб бўлмас тўсиқлардан иборат қонунлар тизимини ишлаб чиққан.
Холбуки, «ЭРК» 1991 йилда расмий сиёсий партия сифатида адлия
рўйхатидан ўтган, ҳукумат парламенти ва президентлик сайловларида
конструктив мухолифат тарзида қатнашиб, ўзининг сиёсий солиҳияти ва
демократик моҳиятини намоён қилганди. Ўша сайловларда эришилган
натижалар партиянинг яқин келажакда етук сиёсий партияга айланиши ва ўз
халқи олдида зиммасига олган сиёсий бурчлари ҳамда мажбуриятларини адо
эта олиши мумкинлигини кўрсатганди.
Замона зайли билан тўртала ҳокимият тизгини ҳам муайян бир партия
измида туриши демократик бошқарувга асосланган фуқоролик жамиятига ўтиш
эҳтимолини бутунлай истисно қилади.
Демократияга томон юриш аслида моҳиятан адолатли мезонларга зид бўлган ушбу сиёсий воқеликни ислоҳ қилишдан бошланиши керак.
2. ҚОРА КУНЛАР
Партия 1992 йилдан бошлаб тўрт томондан келиб тушаётган қақшатқич зарбалар остида қолди.
Хукумат органларини тўлалигича ўз назорати остида тутиб турган ХДП
халқ орасида «ЭРК»нинг сиёсий обруси ўсиш суръатидан жиддий тараддудга
тушиб қолди. Унинг мушкулини ўша пайтдаги аксарият делетантлардан
иборат партия раҳбарларининг тажрибасизлиги осон қилди.
Мақсад битта: партиянинг соглом сиёсий муносабатларга нафақат тайёр
эмаслигини, балки яроқсизлигини исбот қилиб, сиёсат майдонидан бутунлай
чиқариш ва тарқатиб юбориш эди. Етмиш йиллик тажрибага эга бўлган
компартия ворислари учун бу анчайин сиёсий эрмак эди. Бу ҳаракат
дастлаб локал сиқувлар ва чекловлар ёрдамида «нозик таъб» раҳбариятнинг
жиғига тегиш билан бошланди.
Президентлик сайловидан кейин ўз даҳосига намоён бўлган факт
сифатида қарай бошлаган партия раиси, нафақат Марказий кенгаш, ҳатто
партия Бошқарув ҳайъати билан ҳам маслаҳатлашмасдан, ўзича на сиёсий,
на ҳуқуқий ва на этика нуқтайи назиридан изоҳлаб бўлмайдиган, бири
биридан қалтис хатолар сериясидан иборат қарорлар қабул қила бошлади.
«ЭРК»ни конструктив мухолифат сифатида бошқарувга олиб кириш
мақсадида ҳукумат таклиф этган бир нечта вазирлик портфеллари ҳеч бир
асоссиз рад этилди. Эмишки: «ЭРК» юз бераётган ижтимоий-сиёсий
адолатсизликлар жараёнида амалдаги режимга шерик бўлмаслиги керак. У
ўзи ҳокимият тепасига келгач, чинакам демократик жамият барпо этиб, бу
адолатсизликларга баҳам беради».
Олий мажлисда мустақилликнинг биринчи йилида мавж урган демократик
кўтарилиш фаслида депутатликка сайланган турли сиёсий гуруҳларга мансуб
демократик мухолифат вакилларидан иборат фракция фаол иш бошлаганди.
Энг муҳими, мазкур фракция хайрҳоҳлари халқ орасида ҳам, ҳатто
парламентнинг ўзида ҳам кундан кун ортиб бораётганди.
Яқин келажакда ўзбек халқига чинакам фуқоролик жамияти туҳфа этиши
мумкин бўлган бу фракциянинг умрига ҳам ушбу ҳавойи делетантлик зомин
бўлди. Фракция аъзолари «ЭРК» раисининг даъвати билан депутатлик
мандатларини намойишкорона ташлаб чиқдилар. Холбуки бу масала нафақат
марказий кенгашда, ҳатто Бошқарув ҳайъатда ҳам кўрилгани йўқ. Мазкур
сиёсий қадам «Бу ҳодисадан бутун ўзбек халқи жунбушга келади ва
мамлакат бўйлаб амалдаги ҳукуматга бўйсунмаслик компанияси бошланиб,
уни истефога кетишга мажбур этади» деган ўта хом бир мўлжал билан
ташланганди. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати бу воқеани вақтида тузатилган
англашилмовчилик сифатида талқин этди, халқ эса жиддий ажабланди, аммо,
қабул қилди.
Ҳокимият чўққисига элтадиган барча конструктив йўллар бекилгач,
курашнинг радикал сўқмоғидан биринчи қадам ташланди. Бу совуқ эврилиш
сиёсий мухолифатдаги барча гуруҳлар иштирокида «Миллий мажлис» тузиш
ҳаракати билан ифодаланди. Мазкур хом-хатала ишланиб, шошилинч
тарқатилган лойиҳага кўра «Миллий мажлис» «Бўйсунмаслик» ҳаракатига
раҳбарлик қилиши, мабода ҳукумат истефосига эришилса, бошқарувни қўлга
олиши мўлжал қилинганди.
Воқеалар шу тарзда ривожланишда давом этса, яқин келажакда расмана
фуқоролар уруши келиб чиқиши муқаррар бўлиб қолди. ХДП ўз ниятига етди:
«ЭРК» конструктив мухолифат сифатида қўлга киритган сиёсий
позицияларини бирин-кетин бой бериб бўлди. Табиийки, хавфсизлик
органлари фавқулодда фаоллик билан ишга киришди. Пойтахтда ва
регионларда иш олиб бораётган таниқли партия фаоллари муттасил тазйиқ
остига тушиб қолишди.
Партия раиси партияни ушбу боши берк кўчага – сиёсий тузоққа тўла
тушириб бўлгач, «жабрдийда қаҳрамон» сифатида хорижга қочиб кетди ва ўз
хавфсизлигига тўла амин бўлгач, «Яқин келажакда мавжуд режим агдарилиб,
«ЭРК»нинг хукумат тепасига келиши учун шахсан унинг ташаббуси билан
халқаро миқиёсдаги жиддий ишлар бошлангани» ҳақида жанговор наъралар
торта бошладики, бу аслида асоссиз, хом гапларга жон деб «ишонган»
хавфсизлик органлари мамлакатда иш олиб бораётган партия раҳбариятига
қарши ашаддий қатогон сиёсатига ўтди.
1993 йилнинг 24 сентябрида бўлиб ўтган партия съездида партия
марказий кенгаши бош котиблигига сайланган Самад Муродга тўрт кундан
кейин республика олий судининг «Миллий хавфсизлик мақсадида партия
фаолиятини вақтинча тўхтатиш» ҳақидаги қарори расман тақдим этилди ва
яна тўрт кундан кейин эса, у “номаълум шахслар” томонидан уюштирилган
ваҳшиёна суиқасдга учради.
Боши беш жойидан арматура зарбидан ёрилган Бош котиб чалажон ҳолда
Чироқчи тумани ҳудудидаги кимсасиз даштга ташлаб кетилди. Ўша пайтда
Анқарада сиёсий муҳожирлик нашъасини сураётган партия раиси «Самад
Мурод ўласи қилиб калтакланди ва шаҳар четидаги ахлатхонага ташлаб
кетилди» дея мамнуният билан муносабат билдирганди. У кейинги бир
мақоласида ҳам суиқасд ва унинг моҳиятидан кўра «ахлатхона» сўзига
кўпроқ ургу беришга урингани ва умуман бу заҳарханда шодлик боиси
ҳанузгача номаълум.
Партиянинг биринчи ва иккинчи шахслари орасидаги бу совуқ
муносабатнинг асосий сабаби кейинчалик ойдинлашди. 1993 йида мамлакатда
ва партия ҳаётида юз берган муҳим сиёсий воқеалардан кейин раҳбарият
олдида бутун партия тақдирига дахилдор бир савол кўндаланг бўлди:
«Бундан кейин ЭРК ўз сиёсий фаолиётини қай тарзда давом эттиради?»
Хорижда иш олиб бораётган партия раиси ўзининг демократик жамиятга
халқни исёнга кўтариб, амалдаги ҳукуматни агдариб ташлаш орқали эришиш
тактикасига мойиллигини яширмасди. Партия бош котиби эса курашнинг
демократик усулларидан чекиниш партияни тўгридан тўгри ҳалокатга олиб
боради деб ҳисобларди. Кураш тактикасидаги бу жиддий тафоввут
кейинчалик юз берган ички парокандаликка қайсидир даражада омил бўлди
десак, хато бўлмас.
3. ПАРОКАНДАЛИК.
Кейинги пайтларда тез-тез тилга олинаётган сиёсий мақбус Мурод
Жўраев собиқ «ЭРК» раисининг навбатдаги хом хаёлдан иборат «Куч билан
ҳокимиятни қўлга олиш» режасининг қурбони бўлди.
Чет элда (Туркия, Болқон ва Чеченистонда) жанговор таёргарликдан
ўтган (қирқтача) «Озодлик лашкари»ни мазҳаб йўлида ҳукуматга қарши
газот эълон қилган Тоҳир Йўлдош (элликтача) қўшини билан бирлаштириб,
мавжуд режимни агдариб ташлашдек кучлар нисбатига доир жўн
ҳисоб-китоблардан холи бўлган ҳаракат бошланди.
Бу арифметика нуқтайи назаридан тутуруқсиз, моҳиятан демократик
«ЭРК»ни сиёсий экстремизм кўчасига бошлаб кириб, тараққийпарвар жаҳон
жамоатчилиги назарида бутунлай бадном этувчи режани мамлакатда иш олиб
бораётган партия раҳбарияти узил-кесил рад этди.
Партия МК Бош котиби Самад Мурод раҳбарлигидаги «ЭРК» ўзининг
демократик анъаналарига содиқлигини исбот қилди.1994 йил охирида
республика Олий судида бўлиб ўтган маҳкамада ХДП вакилларининг бутун
партиянинг моҳиятан экстремистлар тўдаси эканлигини исбот қилиш режаси
чиппакка чиқди. У судда маҳкамага тортилган шахсларнинг аксарияти
партиясиз, бир нечтаси ХДП вакили эканлигини ва атиги Дилором
Исҳоқовадан иборат биргина «ЭРК» вакили борлигини исбот қилиб берди.
Аввалига коммунист сифатида сиёсат майдонига чиққан Мурод Жўраев
судда ўзини доимо «эркин демократ» деб билганлигини ва Солиҳ билан
шахсан дўст бўлганини алоҳида қайд этганди.
Айни кунларда узоқ муддатли маҳбуслик қисматини бошидан кечираётган
Мурод Жўраевдан ушбу жасоратли гувоҳлик учун ҳар бир ЭРК аъзоси
миннатдор бўлмоғи керак. Агар у прокурорнинг «Сиз қайси партияга
мансубсиз?” деган саволига ”Ҳа, мен “ЭРК” партияси аъзосиман” деб жавоб
берганда шубҳасиз, партиянинг ҳар бир аъзоси судга тортилган бўлур эди.
Аммо, у бундай қилмади; тўғрисини айтди.
Асосан юқорида қайд этилган партиянинг келажак манфаатларига ва
демократик моҳиятига зид бўлган ҳаракатлар туфайли келиб чиққан ихтилоф
партия раиси билан унинг бош котиби ўртасида ўтиб бўлмас жарлик пайдо
қилди. Одатда раис бош котибларни тез-тез алмаштириб турарди. Бироқ бу
сафар бундай қилолмасди. Сабаб, партиянинг охирги Съездида айнан Самад
Мурод таклифи билан Низомга киритилган қўшимчага кўра энди Марказий
Кенгаш бош котибини сайлаш ваколати фақат партия Съездига берилганди.
!996 йилда партия фаолларидан бири О. Орипов ИИВ генерали қутқуси
билан партияни бўлиб ташлаш учун амалий ҳаракат бошлади. Ҳақиқий бош
котибнинг уй қамо–ғида ўтирганидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрида кичик
бир гуруҳ тузди ва ўзини партиянинг бош котиби деб эълон қилди.
Раис кейинги пайтларда хаёлида туғиладиган наполеонча режаларни
шубҳа остига қўя бошлаган ва сиёсий курашнинг қонли радикал йўлини
қатъиян рад эишда давом этаётган бош котибни, гарчи партия Низомига зид
бўлса-да шу тарзда йўлдан олиб ташлашни ўнғай деб топганди.
Натижа кутилганидек бўлиб чиқди, аниқроғи сохта бош котиб генералга
берган ваъдасининг устидан чиқди. Бу режа 2003 йил октябрида бўлиб
ўтган V Съезд иш бошлаган пайтда 25 нафар делегатдан иборат собиқ раис
тарафдорларининг намойишкорона Съезд залидан ва курашнинг демократик
йўлини танлаган асосий «ЭРК» сафидан амалда чиқиб кетиши билан
ифодаланди.
Кейинги суриштирувлар мазкур 25 нафар делегатнинг 14 нафари бутунлай
партиясиз, аниқроги мардикор бозоридан ҳар бирига уч минг сўмдан ҳақ
тўлаш шарти билан таклиф этилгани аён бўлди.
Ўша ёлланма делегатлар Съезд давом этаётган залга қайтиб келиб,
Орипов ёки унинг ёрдамчиси Аъзам Турғуновни топиб беришни талаб
қилишганда маълум бўлдики, А. Турғунов уларни «Шу ерда кутиб туринг.
Мажлисдан кейин сизга ваъда қилинган пул берилади” деб алдаб ташлаб
кетган экан.
Мазкур жами 11 нафар фаолдан иборат тўда (Мардикорлар ўз ишларига
кетишган) бугунги кунда ҳам, шубҳасиз, кимнингдир буюртмаси билан
антидемократик, демак антипартиявий фаолиётини тўхтатгани йўқ.
Тақдир тақозаси билан 90-йиллар бошида «ЭРК»нинг тузилиши жароёнига
раҳбарлик қилган шахслар 1993 йилдан то шу кунгача «Менга бщлмаса, =еч
кимга бщлмасин!» ыабилида иш тутиб, уни сиёсий уюшма сифатида бутунлай
йўқ қилиб ташлаш учун бор кучларини сарфламоқдалар. Аммо биз бу
ҳаракатларнинг самарасиз эканлигини яхши биламиз. «Нима учун?» деган
саволнинг жавоби сўз аввалида айтиб ўтилди.
Ҳеч бир партия у ёки бу шахснинг ҳою-ҳавасларини қондириш учун
тузилмайди. Хусусий муаммоларини умумпартиявий муаммолар мақомида
тиқиштиришга уриниш, аввало ўз ўзига хиёнатдан бошқа нарса эмас.
Партиявий манфаатлар йўлида, наинки, шахсий манфаатларини, ҳатто
бошини фидо қилган зотларни тушуниш мумкин ва тарихда бундай зотлар
бор. Аммо бутун бир партияни ўз манфаатлари йўлида фидо қилишга
уринишни тушунишнинг иложи йўқ. Бу вос-вослик даражасига кўтарилган
худбинликдир.
Кейинги пайтларда мазкур тўда томонидан шошма шошарлик билан «ЭРК»
номидан тарқатилаётган жангари «баёнотларда» кўзга ташланаётган
мантиқсизликларни ҳам қайд этилган ушбу иллатдан изланса, тўғрироқ
бўлар.
Навбатдаги фаслда табиий равишда туғиладиган адолатли бир саволга жавоб бериб ўтишга ҳаракат қиламиз..
ПАРТИЯНИНГ ОЛДИДА ТУРГАН ВАЗИФАЛАР
1. Марказ билан вилоят партия органлари орасида алоқалар муттасиллигига эришиш.
Маълумки, вазиятга тўғри баҳо бера олиш олдинда турган вазифани
бажариш учун ташланган илк қадамдир. Партиянинг позицион имкониятлари
барча регионларда ҳам бир хил ҳолатда деб бўлмайди. Фаргона, Жиззах,
Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё каби вилоятлардаги бўлимлар муайян
ҳудудга тегишли шаҳар ва туманларда иш олиб бораётган фаоллар билан
мунтазам алоқани тўхтатгани йўқ. Гарчи режалаштирилган партиявий
анжуманлар (сабабларини муаммолар бобида кўрсатиб ўтамиз) вақтида
ўтмаётган бўлса-да фаолиёт тўхтагани йўқ. Марказий раҳбарият билан
муносабатлар ҳам имкон даражасида давом этмоқда.
Аммо қолган вилоятларда аҳвол жуда мураккаб. Раҳбарият билан
жойлардаги фаоллар орасидаги муносабатлар узилиб қолган. Гарчи,
эркчилар мамлакатнинг сиёсий ҳаётини оммавий ахборот воситалари орқали
муттасил кузатиб боришаётган бўлсаларда бу жараёнда ўз партиялари ўрни
ва иштирокини кўрмаётирлар; бу борадаги ўз таклиф ва истакларини
билдира олмаётирлар.
Аввал мавжуд бўлган, аммо маълум сабабларга кўра бой берилган
позицияларимизни тиклаш учун марказ вилоятлар билан, вилоят органлари
эса қуйи партия органлари билан алоқалар тизимини қайта ўрнатиш ҳамда
муносабатлар муттасиллигига эришиш ҳаракатини бошлашлари лозим. Бу
бизнинг биринчи даражали вазифамиз бўлмоги керак.
Партия бошидан кечираётган шу оғир дамларда биз бир биримизнинг
ҳолимиздан хабардор бўлмоғимиз, қўлдан келганча бир биримизга елка
тутмогимиз керак. Бу бизнинг ҳам инсоний, ҳам партиявий бурчимиздир.
Бўлажак сайловларда ҳаракат уйғунлигига эришишнинг биринчи шарти
алоқалар интенсивлигига эришишдир.
2. ПАРТИЯНИНГ САЙЛОВОЛДИ СТРАТЕГИЯСИ.
Ҳар қандай сиёсий партия ўзининг ижтимоий-сиёсий салоҳиятини,
дунёқараши ва интеллектуал потенциалини умумхалқ сайловларида намоён
қилади. Аммо, партия ўз сиёсий солиҳииятини намойиш этиши учун
деморатик кураш аренаси керак.
Эркин демократик мамлакатларда расм бўлган демократик сайловлар
тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон воқелигига ёндошиш хорижлик
сиёсатчилар учун табиий бир ҳол бўлса, биз учун хомхаёлдек кулгилидир.
Нафақат партиявий фаолият, балки «Эрк” сўзини ёзма ёки оғзаки нутқда
ишлатиш амалда қатъиян таъқиқланган мамлакатда шу ном остида сиёсий
фаолият олиб борадиган партияга қандай муносабат бўлиши мумкин?
Мен бугун таъқиблар, қатоғонлар ва сиқувлар ҳақида гапирмоқчи
эмасман. Хорижда «ЭРК” номидан иш кўраётган товламачилар турли хайрия
фондлари муттасаддиларини ийдириш мақсадида 15 йилдан бери нолийвериб,
жамоатчиликни безор қилиб ташлади.
Нечоғлик оғир бўлмасин, сиёсий фаолиётда биз партиянинг ўз имкониятлари ва ўз кучига таянишимиз керак.
Маълумки, ҳарқандай куч ва имкониятлар манбаи бу – ўзбек халқидир.
Биз Марсдан тушганимиз йўқ, шу халқ фарзандимиз. Сўз аввалида қайд
этганимиздек, ЭРК партияси бирор бир шахснинг иродаси биланмас, балки
халқнинг иродаси билан унинг орзу армонлари ифодачиси ўлароқ дунёга
келган.
Тўғри, партия ташкил топган дастлабки пайтларда унинг мурғаклиги,
ғўрлигидан фойдаланиб, ўз шахсий манфаатларини қондириш воситасига
айлантиришга уринган, бағрини қонга белаб, ундан экстремизм, фуқаролик
уруши механизми сифатида фойдаланишга уринган шахслар орамиздан чиқди.
Бироқ, кўриб турганингиздек партия ўзининг демократик табиатига
содиқ қолди ва ўзининг сўлга қараб ўсган тиконли бутоқларини кесиб
ташлади.
Олдимизда бўлажак президентлик сайловлари турибди. Биз юқорида бизни
қуршаб турган муҳитни англашга, унга баҳо беришга ва муносабат
билдиришга ҳаракат қилдик.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади: қачонки, партия сиёсий фаолият
эркинлигидан маҳрум экан, сайловларда сиёсий тараф, яъни даъвогар
субъект сифатида иштирок этолмайди. Шундай муҳитда биз – ЭРК партияси
қандай позицияни танлайди? Ёки танлайдиган позициянинг ўзи борми?
Ҳақиқий сиёсий партия, агар у ростдан ҳам мавжуд бўлса, ўз позицияси
билан мавжуддир.Бизнинг биз билан туғилган ўз сиёсий позициямиз бор;
биз шу позиция ортида яшаймиз, курашамиз ва биз ундан чекинмаймиз.
– Мавжуд идора усуллари ичида демократик идора усуллари афзаллиги;
– фуқаролик, инсонлик ҳуқуқлари шахснинг ўзи билан бирга туғилиши;
– уни бу ҳуқуқлардан маҳрум этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини тарғиб этиш;
– нафақат тарғиб этиш, балки курашларда исбот этиш;
– ўз ғояларимиз, ўз дастурларимиз, ўз муқобил лойиҳаларимиз билан халқ ичига юриш;
– қонунлар, шахс ва инсон ҳуқуқлари ҳақиқатдан ҳам дахлсиз
эканлигини курашларда исботлаб, ибрат кўрсатиш орқали аъзолар,
тарафдорлар, хайрихоҳлар сонини тоборо ошириб бориш.
– фуқароларнинг президентликка номзод кўрсатиш ёки парламент
депутатлигига номзодлар кўрсатиш каби сайлов компанияларида ўз муқобил
номзодларини кўрсатиш имконини берадиган ташаббус гуруҳлари тузиш каби
умумхалқ ҳаракатларида фаол иштирок этиш;
Собиқ эркчилар лидери партия бўлажак сайловларни байкот қилиши
ҳақида баёнот тарқатди. Албатта, ҳар бир фуқаро ўзи истаган ҳаракат
усулини танлаш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда 27 миллионга яқин фуқаро
мавжуд. Улардан бири «Мен сайловга бормайман. Шунинг учун сизлар ҳам
бормасликларинг керак” деб ўз шахсини билганича намоён этмоқчи.
Ушгбу баёнот икки жиҳати билан аҳамиятли:
1. Бу баёнотни тарқатган шахс хорижда яшайди, демак, у жуда истаган тағдирда ҳам сайловларга қатнаша олмайди.
2. Бу «Тонг отса, отаверсин, мен барии бир қичқирмайман” деб
қичқираётган хўрознинг ҳолатини эслатади ва аҳамияти ҳам ўша қичқириқ
аҳамияти қадар.
– барча босқичлардаги бошқарув органларида масъул лавозимларни эгаллашга ҳаракат қилиш;
– ҳамма жолйда ва ҳамиша қонун ва фақат қонун устиворлиги учун кураш олиб бориш;
Ўзбекистонда сайловлар ҳали жуда кўп марта бўлади. Ё насиб, биз
чинакам демократик сайловларда ҳам иштирок этсак керак. Аммо, бизга бу
дориломон кунларга қуруқ қўл билан, кўзда ёш, дилда армон, тилда эса
нолишлар билан бориш асло ярашмайди.
Биз шу қонунлар устиворлиги, инсон ва шахс ҳуқуқлари дахлсизлиги,
эркин бозор муносабатлари йўлида олиб борган адолатли курашлар
жараёнида тарқаб кетган сафларимизни қаторга теришимиз, бўшаб қолган
қаторларни тўлдиришимиз, янги, янги сафларга тартиб беришимиз керак.
Ўзбекистон сиёсий мухолифати жуда машаққатли, жуда фожиали, жуда
катта сиёсий кураш мактабини ўтади.Биз энди ўзимиз босиб ўтган чалкаш
сўқмоқлардан қайси бири экстремистлар қўналғасига, қайси бири фуқаролик
урушлари тутаётган фожеалар водийсига, қайси бир тиконли симлар билан
ўралган диктатура казармасига, қайси бири ҳуқуқий демократик соҳилга
олиб боришини аниқ биламиз.
Шундай экан, сайловлар қачон бўлиши, қандай бўлишидан қатъий назар,
ҳар бир фаол, ҳар бир партия аъзоси ўз ўрнида, ўз ҳудудида ўзининг
сиёсий саводхонлиги, ҳуқуқий билимдонлиги, қонунларни адолат йўлида
тасарруф эта олиши билан халқнинг диққат марказида бўлишга интилиши
керак.
Сиз, нафақат, ўзингизнинг ҳақ-ҳуқуқларингиз, балки яқинларингиз,
қўни-қўшниларингиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилинг, токи бошига
адолатсизлик тушган шахс биринчи навбатда сизга мурожаат қилсин.
Агар сиз юртнинг корига ярамасангиз, сизнинг қуруқ даъволарингиз,
баландпарвоз иддоаларингиз уч пулга қимматдир. “ЭРК” аъзоси ўзини
нафақат эркин фаолиятда, балки зиндонда ҳам озод ҳис этмоғи, ўз
адолатига ишонган, ўз ғояларидан фахрланувчи шахс бўлмоғи шарт. Омма
нажот истаб, нолиб, йиғлаб юрган ожиз кимсага эмас, балки қўлидан иш
келадиган уддабуррон шахсларга эргашади.
Партиянинг расмийлиги ёки норасмийлиги жамият ҳаётига сунъий равишда
худбинона тиқиштирилган шартли мақомдир. Партия барча рўйхатлардан
ўтган, барча минбарларга ўз вакилини тиқиштиришга улгурган бўлиши, аммо
ҳеч қачон халқ партияси бўлолмаслиги ҳам мумкин. Бундай партия табиий
кураш шароитига бардош беролмайдиган тувакда ўсаётган гулдан фарқ
қилмайди.
Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик жамият қуриш мақсадида тартиб
берилиб, парник муҳитида тарбия қилинаётган сиёсий партияларнинг айни
пайтдагаи аҳволи фикримизга яққол мисол бўла олади.
Илдизи кенг халқ оммасини ташкил этган ижтимоий жилғалардан сув
ичмайдиган сунъий уюшмалар номлари қанчалик жарангдор, дастурлари
нечоғлик қалин ва тоза қоғозларга босилган бўлмасин, офислари қанчалик
маҳобатли бўлмасин чинакам партиявий мақомга эриша олмайдилар.
Аксинча, халқнинг иродаси билан унинг истак-иродаси ифодаси ўлароқ
туғилган партияни, балки вақтинча таъқиқлаш мумкиндир, аммо уни
бутунлай йўқ қилиб ташлашнинг асло имкони йўқ. Бундай уринишлар бугунги
кунларда хақнинг маънавий бойлигига айланган эпослар, афсоналар
яралишига олиб келади.
Халқ ўз дўстларини ҳеч қачон унутмайди.
3. ПАРТИЯНИНГ ОЛДИДА ТУРГАН МУАММОЛАР.
1. Расмий мақомидан маҳрум этилган «ЭРК» иш юритиш, жойлардан келадиган
партия фаоллари қабулини ташкил этиш, хабарлар жўнатиш ва қабул қилиш,
шунингдек ўз анжуманларини белгиланган вақтда ўтказиш учун тайинли
манзилга эга эмас.
2. Демократиянинг беш асосий мезонидан бири бўлган намойишлар,
митинглар ва турли хил йиғинлар ўтказиш эркинлиги қатъий давлат
назоратига олинганлиги боис адлия рўйхатидан ўтмаган норасмий нодавлат
ташкилотларнинг йиғинларини ўтказиш учун мазкур ҳудуд ҳокимлигининг
махсус рухсатномаси талаб этилади. Акс ҳолда йиғин ташкилотчилари
жамоат тартибини бузганликда айбланиб , тегишли жазога тортилади.
Революцион даъватлари билан оламга жар солаётган собиқ эркчилар
«шарофати» билан «ЭРК» номи билан ўтказиладиган ҳар қандай йиғин
«Конституциявий тизимни ағдаришга қаратилган амалий ҳаракат» тарзида
баҳоланиб, ташкилотчилар муайян жазога тортилиши муқаррар.
3. Партия Съездини ўтказиш учун ҳудуд ҳокимлигидан рухсат олиш;
Съезд ўтказиладиган бирор бир жойни бир ёки икки кунга ижарага олиш;
Съезд делегатларининг йўл кираси, овқатланиш ва меҳмонхона
харажатларини қоплаш; Кун тартибига доир тарқатма материаллар ва
маърузалар матнини тайёрлаш, кўпайтириш каби табиий харажатлар учун
анчайин катта маблағ талаб этилади. Айни пайтда марказий партия
органида бундай маблағ манбаи йўқ ва яқин келажакда топилишга ҳам умид
йўқ
Аслида Низомга кўра партия маблағлари унинг фидойилари томонидан
тўланадиган аъзолик бадаллари ҳисобидан жамғарилиши керак. Аммо биз
жойларда йўқчилликда яшаётган аъзоларимиз дардини яхши биламиз.
. Ҳар қандай гояни ҳаётга тадбиқ этиш мазкур ғоя таргиботчиларидан
фидойилик талаб этади. Биз бу йўлга мол-мулк орттириш учун эмас, ўзимиз
яшаётган жамиятда дориломон демократик қадриятларни устивор этиш учун
ўз ихтиёримиз билан кирганмиз. Шундай экан, биз фойдаланиш мумкин
бўлган барча имкониятларни сафарбар этиб, мақсад йўлида курашни давом
эттирамиз.
Буюк шахмат устаси Алёхин «Шахматда чиқиб бўлмайдиган ҳолатнинг ўзи йўқ». –деганди. Азиз дўстлар, ҳаётда ҳам худди шундай.
ПАРТИЯНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ
Сўз аввалида биз КУЧ-ПУЛ-ҲОКИМЯТдан иборат бир бирини тақоза қилувчи
буюк учлик ҳақида айтиб ўтгандик. Келинг, олдимизда турган муаммолар ва
уларнинг ечимига ушбу сиёсий формула призмаси орқали ёндошайлик.
пул топиш ва жамгаришнинг асосий воситаси кучдир. Иккаласи бирлашган
жойда ҳокимият ўз ўзидан тугилади. Демак, Буюк учлик таркибидаги
бирламчи фактор- бу куч. Куч эса, фақат инсонда бўлади. Демак, бизда
энг асосийси –КУЧ, яъни тарафдорлар бор. Агар биз барчамиз
имкониятларимиз - кучимизни бирлаштира олсак, қолганларига курашлар
жараёнида эришамиз.
Сиёсатда энг муҳими асло КУЧга эгалик эмас, балки ундан нима
мақсадда ва қай йўсинда фойдаланишдадир. Кимлардир ундан ишлаб
чиқаришда, кимлардир ҳукумронликни қўлга киритиш мақсадида зўравонлик,
уруш воситаси сифатида фойдаланади.
Бугун халқни исёнга даъват қилаётганлар шу йўл билан хокимиятга
эришишни мўлжаллаётган шу кейинги тоифага мансубдир. Аммо бошланган
уруш қачон тўхтайди ва ундан кимлар омон чиқади?
Улар учун бир нарса аниқ: мабода исёнчилар голиб чиқса, «Оқ отда»
келиб хокимиятга эгалик қилади, маглуб бўлса ҳам диярли ҳеч нарса
йўқотмайди; қувғиндаги халқ қаҳрамони мақомида даврини аввалгидек
сураверади. Уруш бизнеснинг энг ваҳшиёна шаклидир.
Қачонки, ҳар қандай ҳокимият манбаи халқ бўлар экан, сиёсий
партиянинг вазифаси ўз тақдирини демократик тарзда намоён бўлган ўз
иродаси билан белгилаши учун уни бирлаштиришдан иборатдир. Ҳақиқий
демократияга фақат демократик курашлар орқали эришиш мумкин, чунки
фақат истибдодгина ҳукумат тепасига зўрлик ва қон орқали келади.