Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.49.41
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 34
    Гостей: 34
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 12 » Чизгилар
    04.59.33
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    22.Ҳийла

    Аввал ҳам айтганимдай дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар келгусисини кута бошладик.Энди институт ҳовлисида аввалгига нисбатан одам оз қолганди.

    Қашқадарёлик ётоқхонада ҳамхона бўлган бола айтган гапининг устидан чиқди.Икки баҳо олиб,хурсанд бўлганидан ҳужжатларини қабул комиссиясидан тез қайтариб олиб уйига кетди.

    Лекин айримлар ҳужжатларини қайтариб олишга унчалик шошилмас эдилар.Айниқса ёзма ишдан икки баҳо олган хоразмлик Баҳтиёр қайта имтиҳон топшириш учун ариза бериб кўп югурди.Аммо аризаси инобатга олинмади.Шундайин билимли боланинг имтиҳондан ўтолмагани мени ғоят таажублантирганди.

    Ётоқхонадаги шериклардан икки киши ижобий баҳо олдик холос,қолганлар ҳаммаси қониқарсиз баҳо олишди.Ўқишга кириш учун иккинчи йил ҳаракат қилаётганлар кузда бошланадиган тайёрлов курсларига ҳужжатларини топшириш ҳаракатига тушишди.Тайёрлов курсини тамомлаганлар 90 фоиз ўқишга кириш имкониятилари бўлар экан.

    Иккинчи ижобий баҳо олган абитуриент Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрилик ёш бўлсада сочига оқ оралаган Турсунпўлат эди.
    У рус тилида мукаммал гаплаша олар эди.Ундан бунчалик рус тилини қандай қилиб яхши ўрганганлигини сўрадим.У саккизинчи синфни тамомлагунча рус мактабида, 9-10-синфларни ўзбек мактабида ўқиб тамомлаган экан.

    У олдиндан шу олийгоҳга киришни режалаштириб,миллий гуруҳларга бериладиган имтиёздан фойдаланиш учун Чортоқ шаҳридаги рус тилини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган ўзбек мактабини тамомлабди.

    Менимча бу қонун-қоидаларга тўғри келсада тўлалигича ўзбек мактабини тамомлаган мен каби қишлоқ болаларига нисбатан ҳийлага йўғрилган адолатсизлик эди назаримда.

    Аммо барибир Турсунпўлат асосан рус мактабида ўқиган бўлса ҳам ёзма ишдан уч баҳо олди.

    Шундай қилиб иккинчи имтиҳонни кута бошладик.Ўша йиллари ҳозиргидай тест-синов эмас имтиҳон қабул қилувчи муаллим билан юзма-юз жонли мулоқот орқали имтиҳон топширилар эди.Бу усул катта домлалар олдида имтиҳон топширувчиларни бироз ҳаяжонлантирсада,лекин савол ва жавоблар қай даражадалиги ўша пайтнинг ўзида ўзингизга маълум бўлар эди.

    Иккинчи имтиҳондан ҳам тўрт баҳо олдим.Менинг олийгоҳга киришдаги асосий рақобатдошим Турсунали бўлиб қолди.У ҳам иккинчи имтиҳонда тўрт баҳо олди.

    Танлов комиссияси талабларига кўра учинчи имтиҳонда уч баҳо олсам ҳам етарли эди,чет тили бизнинг мактабда ўқитилмагани боис ўз-ўзидан уч баҳо қўйиларди.

    Аммо тарих фанидан имтиҳонда учта саволдан иккитасига қониқарли жавоб бердимку,учинчисини билсамда рус тилида баён этишга бироз қийналдим.Ҳарқалай жавобимга адолатли баҳо қўйилса камида тўрт бўлиши керак эди.

    Имтиҳон олувчи муаллим исми шарифи Крилл Никонович Гром саволларга жавобимни эшитиб бўлиб бир-иккита қўшимча саволлар берди.Агар тўғри жавоб берсанг "аъло" қўяман,йўқ десанг уч деди.
    Мен уч ҳам бўлаверади,десам бўлардикуя,лекин беш баҳо олгим келди.Қўшимча саволларга жавоб беришга рози бўлдим.Саволлар ғоят осон бўлиб, аниқ жавоблар айтдим.Шу пайт хонага ёшроқ бир йигит (қабул комиссиясида бир-икки марта кўргандим)кирдида домланинг қулоғига бир нима,дея шипшиди.

    Шундан сўнг домла менинг имтиҳон топшириш варағимга фан номи ва имзосини чекдида,баҳо қўйиладиган жойга ҳеч нарса ёзмасдан менга юзланди:"институтга биринчи йил ҳужжат топширишингми",дея сўради.Мен ҳа,дегач қора сиёҳда ёзадиган ручкаси билан каттакон икки баҳони қўйиб,"келгуси йил албатта кирасан,яна шу олийгоҳга топширгин ҳужжатларингни,ҳозирча хайр",деди.
    Бир зумда домланинг бу қадар ўзгариши ва баҳомни пасайтирганига ҳеч тушунолмай кўз олдим қоронғу тортиб кетди.Бу ноҳақлик эди.Ахир саволларга аниқ жавоб бердимку.

    Нима бўлганда ҳам ўша пайтда домла билан тортишиб ўтириш бефойда эди.
    Ўзимда бор-йўқ ҳолатда ташқарига чиқдим.

    Хаёлимга шу пайт биринчи имтиҳонда икки баҳо олганларнинг баъзилари институт ректорига кириб норозиликларини айтишган ва баҳоларини ўнглашга эришганларини билар эдим.Шу боис мен ҳам ректор ёнига кириш учун унинг хонаси томон йўл олдим.

    "СССР Фанлар Академияси,ҳақиқий мухбир аъзоси, академик Виктор Васильевич Решетов",дея ёзиб , пешлавҳа осиб қўйилган чарм қопланган эшик олдига келиб бироз тараддудланиб қолдим.
    Нима,дейман.Икки баҳо қўйишди,ноҳақлик бўлди,дейманда,ўй қилдим ўзимча.Қабулхонага кириб котиба қизга ректор билан учрашмоқчиман,дедим.Котиба: "ҳозир ректор хонасида йўқ",деб турувдиямки соф ўзбек тилида "мен шу ердаман",деб Решетов кириб келди.Мен билан худди эски қадрдонлардай "қалайсиз оғайни",дея қўл узатиб сўраша туриб, ичкарига бошлади.Мени ҳайратлантирган нарса унинг соф ўзбек тилида сўзлаши эди.

    Иш столига ўтиргач мени ўтиришга таклиф этар экан, биринчи сўраган гапи:қаердансиз,деган савол бўлди.Мен,Намаанган вилоятидан,десам: "ҳойнаҳой Янгиқўрғон районидансиз",деди.Менинг таажубим янада ортди.Мен қаёқдан билдингиз,дегандай унга ҳа,деб айтмасимдан туриб,шевангиздан тахмин қилдим,ҳайрон бўлманг.Мен бу соҳада кўп илмий изланишлар қилганман,деди.

    Яна шу мавзуда у ёқ бу ёқдан суҳбатлашгач,хўш нима гап,имтиҳондан ёмон баҳо олдингизми,дея янада таажубимни оширди.Лекин менга ўша пайт сирли туюлиб ажаблантирган нарсалар аслида ҳеч ҳайратланарли эмас экан.Чунки институт ректори ёнига имтиҳон пайтлари нотаниш абитуриент нимага ҳам кириши мумкин?

    Мен имтиҳондаги бўлган гапларни айтдим.У киши тарихдан бир-икки саволлар берди,мен жавоб айтдим.Нимага икки қўйди экан-а,дедида ректор стол ёнбошидаги тугмачани  босиб,менинг имтиҳон варағимни олиб келишсин,деб тайинлади.Зум ўтмай хонага ўша имтиҳон олган Гром кириб келди.Ректорнинг ундан биринчи сўраган гапи:"нега бу болага икки қўйдинг",деган савол бўлди.Гром ҳеч нарса демади.Имтиҳон варағимни қўлига олдида Громга бор боравер бўшсан,деди.

    Сўнг вараққа бир нималар,деб ёздида папкалардан бирига солиб қўйди.
    Сиз ҳам танлов куни келарсиз,ҳозирча бўшсиз,деди.

    Ташқарига чиқувдим ҳамки Гром пойлаб турган экан.Нима гап бўлди ректор билан ҳаммасини сўради.Мен унга бўлган гапларни айтдим.Ҳа,яхши бўлибдикуя, аммо мени қабул комиссиясидан бўшаттирдингда,деди-ю,кулиб қўйди.
    Кейин билсам ректор бўшсиз,дегани нотўғри баҳо қўйгани учун қабул имтиҳонларидан бўшатилдинг,дегани экан.

    Лекин кейинчалик Гром билан жуда яқин бўлиб кетдик.У бир гал кўришганимизда: "яхшиям ўшанда ректорга кирганинг ,бўлмаса нотўғри баҳо қўйганим учун виждоним қийналиб юрарди",деган гапни айтганди.

    23.Кутилмаган воқеа

    Мен ўзимни институтга кирдим,дея ҳисобладим.Чунки студентликка ўтиш талабларидаги ўртача баллдан бирярим бал кўп натижага эришгандим.
    Бироқ танлов куни умуман бошқача ҳодиса рўй берди.

    Танлов комиссиясига ҳар бир институтга кирувчи шахсан навбати билан кириб чиқа бошлади.Мендан аввал Турсунали кириб кетиб, ичкаридан хурсанд чиқди.Қабул қилинибди.Унинг бали меникидан бир бал паст эди.У қабул қилинибди,демак менинг қабул қилинишимга шубҳа қолмаганди.

    Яна бир неча дақиқадан сўнг студент бўламан,деган ўйдан қувончу шодлигим ичимга сиғмас эди.

    Менинг галим келиб, ичкарига таклиф қилиндим.Салом бериб кириб бордимда эшикдан бир қадамча олдинга ўтиб тўхтадим.Етти-саккиз нафар қабул комиссияси аъзолари тахлаб қўйилган ҳужжатлардан ҳар бирининг олдида бир уюмдан бор эди.Улар ҳужжатлар орасидан нималарнидир қидиргандай бош кўтаришмас эди.Ректор Решетов ҳам шу ерда эди.Уни кўриб бироз хотиржам тортдим.Оз фурсат ўтиб,кейин таниганим қабул комиссияси масъул котиби доцент Диева деган муаллима аёл кўзойнаги устидан мен томонга Обидов,дея саволомуз қаради.Мен ҳа,дея жавоб бергач ўзаро бир нималарни гаплашишди.Ўша пайт менинг қулоғимга бошқа гап кирмас эди,тезроқ "сизни институтнинг биринчи курсига қбул қилинганингиз билан табриклаймиз",сўзларни эшитишни кутаётгандим.

    Ўша сўзлар янгради.Мен раҳмат айтишга улгурмай ёшгина ўқитувчи "тўхтанглар",деб қолди.Ҳамма нима гап дегандай унга юзланди.У:"Обидов комсомол аъзоси эмас экан",деди.Энди ҳамма мен томонга шундайми дегандай юзланди.

    Мен зўрға "ҳа",дея олдим холос.Энди иш тамом,ҳеч ким ёрдам беролмайди,дея ўгрилиб чиқиб кетмоқчи эдим ректор тўхтатди.

    У:"баҳолари яхши,ҳали ёш, комсомолга ҳам кириб олар,менимча уни сиртқи бўлимга қабул қилсак,нима дейсизлар",деган таклифни айтиб қолди.Ҳамманинг чеҳрасида табассум пайдо бўлди.Комсомолга аъзо бўлмаган абитуриентни институтга қабул қилиш чораси топилганди.Албатта,дея ҳамма бу таклифни қўллади.Мен қайта,қайта раҳмат айтиб чиқиб кетдим.

    Мен кундузги бўлимга эмас сиртқи бўлимга кирганимдан хурсанд эдим.Чунки сиртқи бўлимга кириш учун маориф соҳасида камида бир йил ишлаш талаби бор эди.Мендан эса бу талаб қилинмади.Иккинчидан,йилда икки марта инстиутга келасан,бошқа пайт эркинсан.Айни менинг орзум эди бу.
    Энди мен ҳам студент,ҳам эркин эдим.

    Ризо Обид.

    (Давоми бор).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz