Америка қўшма штатлари Президенти жаноб Жорж Бушга
Америка Қўшма Штатлари Департаментига
Бирлашган мамлакатлар ташкилоти Бош Котибига
Европа итифоқига
Европа мамлакатлари раҳбарларига
Европа мамлакатларининг Тошкентдаги
Элчихоналарига
Ўзбекистон фуқароси Шоир Юсуф Жумаев томонидан
ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли жаноблар!
2005 йил 13 май Андижон қирғини Ўзбекистоннинг ноқонуний Президенти
Ислом Каримов буйруғи билан бутун дунё гувоҳлигида содир бўлди. Ўн
минглаб инсонлар отиб ташланди. Бундай қирғинлар И.Каримов тахтга
келган кундан бошлаб қарий 20 йилдан буён муттасил қилинмоқда, ҳар куни
қилинмоқда. Тергов изоляторларида, турмаларда, миршабхоналарда,
чегараларда, пана паналарда ҳуқуқсиз инсонлар террор қилинмоқда,
ўлдирилмоқда. Ўн минглаб сиёсий маҳбуслар доимий, чексиз қийноқларга
солинмоқда. Бу йигирма йиллик террор бошида ислом Каримов турибди.
Ислом Каримов ўлдирган инсонлар Бен Ладен «Ал-қоидаси» ўлдирган
инсонлардан ўнлаб карра кўп. Саддам Ҳусайн ўлдирганлардан минглаб карра
кўп. Нега дунёнинг бир террорчи Президенти дорга осиладию, ундан минг
карра кўп жиноят содир этган террорчи Президентига дунёнинг ҳатто
демократик Президентларидан байрам табриклари юборилади?! Ахир у бир
кун ҳам қонуний Президент бўлмаган. Ҳокимиятни террор йўли билан
эгаллаб келмоқда. Европа итифоқининг Андижон қирғинидан кейинги
санксияларини санкция деб бўладими?! Нега қирғинга буйруқ берган
террорчи Ислом Каримов пуллари музлатилиб, унга нисбатан халқаро тергов
ўтказилмайди?!
Бутун халқ ёмон кўради, лекин бутун халқ уни мақташга маҳкум
этилган, маҳбуслар «Серқуёш ҳур ўлкам», деб гимн айтишга маҳкум
қилингандай.
Ислом Каримов барча халқаро ташкилотларни Ўзбекистондан ҳайдади, гўё
улар қонунларни бузганмиш. Халқаро ташкилотларнику қонун бузганликда
айблар экан, Ўзбекистоннинг ҳуқуқсиз фуқароларини истаган айбда қамаши,
ўлдириши нима деган гап.
АҚШ департаменти хулоса қилганидек, Ўзбекистон халқи бу террорчи
Ислом Каримовни тинч йўл билан президентликдан четлатишга қодир эмас.
И.Каримов МХХда, ИИБда, Прокуратурада, армияда ўзига ўхшаган бешавқат
террорчилардан миллионлаб тайёрлади. Руҳан соғломлиги шубҳали бўлган
каримов жазавага тушса юз минглаб инсонларни бир зумда йўқотишга қодир.
Бундай қирғинни истаган лаҳзасида амалга ошира олади.
Бас, шундай экан бундай кимсани Президентликда бир зум ҳам қолдириб бўлмайди.
Ҳурматли Жаноблар!
Террорчи Президент Ислом Каримов билан ультиматум тилида гаплашиш керак:
1. И.Каримовга муҳлат қўйиб, узоғи бир йил ичида сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб этиш,
2. БМТда Ўзбекистонда сайлов ўтказиш халқаро комиссиясини тузиш ва аниқ муҳлатда сайлов ўтказиш,
3. Мабодо Ислом каримов кўнмаса И.Каримов ҳукуматини террористик ташкилотлар рўйхатига киритиш, ҳарбий чора қўллаш.
Ҳурматли Жаноблар!
Кескин чора кўриб, Террорчи президент Ислом Каримов ҳукуматини
бартараф этмасанггизлар, тўкилажак қонлар учун сизлар ҳам
маъсулдирсизлар.
Ҳурмат билан Шоир Юсуф Жумаев.
10.09.2007 й
Диктатор Ислом Каримов ва унинг ҳукумати мухолифларига
Ҳурматли жаноблар!
Мухолифат Лидерлари!
И.Каримов тахтда бир неча ўн йиллаб қолиб кетиб, беҳисоб қонлар
тўкишига кўпгина сабаблар бор. Энг муҳимларидан бири, балки энг муҳими
вазиятни реал баҳолай олмасликдир. Бу эса вазиятдан чиқиш чорасини кўра
олмасликка олиб келади. На вазиятни биласизлар, на вазиятдан чиқиш
режаларинггиз бор.
Осмонга қараб ётибсизлар. Эрта индин бутун халқ жунбушга келади, Фарғона оёққа туради, кейин қарақалпоқлар, Бухоро, Хоразм…
Миршаблар ҳам халққа қўшилади, СНБ, Божхоначилар, ҳамманинг жонига тегди Каримов.
Нари борса бу ҳақда ОЗОДЛИКда икки оғиз гапирасизлар, тамом
вассалом. Тағин осмонга қараб ётасизлар. Диванлар кетларинггизни эзиб
юбормадими?! Тоза ҳавога чиқиб вазиятни чўтламайсизларми?!
Бир пайтлар Каримов эндигина тахтга келган пайтлар Бирликнинг
Мустақил Ҳафталик деган газетаси чиқарди. Яқинда бир парчасини кўриб
қолдим. Толиб Ёқубов суҳбати эълон қилинган. Толиб ака ҳайрон бўлиб
айтганлар: «бу чириган жамиятга нега миршаблар хизмат қилмоқда, эрта
индин тамом бўлади, жавоб беришга тўғри келади». Толиб Ёқубов сўзларини
айнан кўчирмадим, мазмуни шундай. Орадан қарийб 20 йил ўтди, нима
бўлди. У пайтлар илондай озғин миршаблар аждардай семириб кетдилар.
Халқни ўлдирмоқдалар. Миршаблар ҳатто одамларни ўлдирмоқдалар, жиноий
иш очилмайди. СНБда ҳам, Прокуратурада ҳам, Сизлар мустақил бўлсин
деяётган Судьялар ҳам одам ўлдириш ваколатига эга. Бу Каримовнинг
ёзилмаган, аммо амалдаги қонуни.
Халқ инқилоб қилади дейсиз. Қайси халқ?! Героин, ароқ, хиёнат,
қўрқув билан заҳарланган Ўзбекистондаги халқми, ё бошқа халқларинггиз
борми?! Оналаринггиз ҳар биринггизга ўнтадан халқ туғиб берганми?!
Илоҳим, мен адашаётган бўлайин. Мен Сизларга ўхшаб, мен адашмайман
деб қасам ичиб ётмайман. Қанийди халқ букун инқилоб қилсаю, мен
адашганимни тан олиб, сизлардан узр сўрасам.
Вазият шуки, ўзбек халқи букун инқилобга қодир эмас.
Биз букун демократик дунёга суяниб, кескин ҳаракат қилмасак,
Ўзбекистонни энг даҳшатли фожеалар кутмоқда. Эртага кеч бўлади. Каримов
ҳатто бир кечада барча сиёсий маҳбусларни йўқ қилиб юборади. Ҳатто ўз
сафдошларини ҳам йўқотади. Чунки Каримов гувоҳларни ёқтирмайди. Кўчага
миллионта ўзбек чиқмайди, ҳатто миллион чиқса ҳам қириб ташлаш чорасини
кўрган Каримов.
Вазият кундан кунга кескинлашади. Мухолифатни бешикдаги боласигача
қириб ташлайди. Ҳозироқ мухолифатнинг бешикдаги боласи ҳам назоратда.
Имкон борида ҳаракат қилинг!
Биринчи галда АҚШга суянишимиз керак, Европага, дунёнинг демократик
кучларига суянишимиз керак. Ҳарбий чора кўрилса оддий халқ қирилади
деманг, оддий халқ Каримовнинг ҳимоясига отланмайди. Ҳатто қўрқоқ
каллакесарлари ҳам уни ҳимоя қилмайди, қўрқиб қочиб қолади.
Истасанггизлар мен ёзган очиқ хатга имзо қўйинг, истасанггизлар шу
йўлда бошқа хат ёзинг, бошқа йўлларини қилинг, ахир кўпларинггиз
хорижда, имконларинггиз бор. Керак бўлса БМТ ва Оқ уй олдида ойлаб
ётинг, лекин дунё мададига эришинг. Лекин унутманг!
И.Каримов умри охирлашгани сайин бешавқатлашиб боради. Танбаллик
қилиб, ё манманлик отига миниб билганларингдан қолмасанглар, тўкилажак
қонлар учун Каримов билан баробар жавобгарсизлар!
Юсуф Жумаев, шоир.
10.09.2007й