ЮСУФ ЖУМА
Бўсадан бошланур муқаддас жаннат
Фарқ
Мен шеърлар ёзаман, дилимни эзар
Оролнинг тўзонли гармселида.
Абдулла Орифлар мадҳия ёзар
Юксак Тангри тоғнинг тонгги елида.
Мен шеърлар ёзаман қалбимни ситар
Қонли Андижоннинг бағрин доғида.
Абдулла Орифлар мадҳия битар
Нопок Оқсаройнинг зар ялоғида.
Мен шеърлар ёзаман умримни кесар
Турмадаги болам соғинчларида.
Абдулла Орифлар мадҳия ясар
Бесақол тождорнинг севинчларида.
Мен шеърлар ёзаман, ёнади сўзлар,
Ҳазрат Беҳбудийдан қолган хомада.
Маддоҳлар бетиним мадҳия ёзар
Кўппаклар сарбони бўлган таъмада.
7.08.07.
Бу халқдан қарзим кўп, камина қарздор,
Мени хўрлик билан сийлаб ўстирди.
Қалбимда қаҳридан беҳисоб дарз бор,
Маломатлар билан қонлар қустирди.
Халқимдан қарзим кўп, узишим керак,
Сих билан сийлади сийналаримни.
Ҳар бир қароғимга тош отди лак-лак,
Овлади дил, бағр турналаримни.
Халқимдан қарзим кўп, ҳалол ризқимдан
Пиширди ғанимлар аҳлига таом.
Кулди Озодликка, эркка ишқимдан,
Номимга тўқиди ёлғондан калом.
Халқимдан қарзим кўп, узаётирман:
Шеър билан уйқусин бузаётирман.
6.07.07.
Магар тўғирласанг эшакни жарга
Тисланиб ўзини ортга олади.
Кўзу калла берган худойим харга
Кўзу калласини ишга солади.
Сен-чи, она халқим, буюрса тождор,
Жарга ташланасан манглайинг ёриқ.
Нега тисланмайсан ортингга ғаддор,
Эшакда бор нарса наҳот сенда йўқ.
6.07.07.
Ўйлайсан дунёда Юсуф зиёда,
Ғанимни ардоқлаб мени қопасан.
Беҳисоб Юсуф бор гўё дунёда
Ҳар бир қадамда минг Юсуф топасан.
Қалбимдаги меҳр барча қалбда йўқ,
Барча юраклардан қалбим каттадир.
Бошқалар қаҳратон, бошқалар совуқ,
Юсуф саратондир, Юсуф биттадир.
7.07.07.
Бўсадан бошланур жаннат дегани,
Жоним оёғингга кўчиб ўтади.
Оппоқ ёноқларинг ризвон чамани
Бошим этагингни осмон этади.
Бўсадан бошланур муқаддас беҳишт
Чақмоқлар чақнайди дудоқларингдан.
Дил томирларингда қалбим қақнус қуш
Қароқларим қақнус қароқларингда.
Бўсадан бошланур муқаддас жаннат,
Кавсарга чўмилар икки жаҳоним.
Вужудим ўрнида бир уммон лаззат
Тўлқиндир эриган бор устихоним.
Баҳорим бўсадан бошланур ризвон,
Дилдорим висолга сиғинадурман.
Жаннатга кетсам ҳам шу жаннат армон
Фақат шу жаннатни соғинадурман.
7.07.07.
Сўнгги йўлга элтар барча йўл,
Балки чоҳли, эҳтимол равон.
Оҳ йўлларга ўхшар бор фасл,
Олиб борар манзили хазон.
Баҳор дея бўлсакда хуррам,
Бўстонларни суртсакда кўзга.
Сўнгги йўлга элтади ҳар дам,
Тўрт фасл ҳам элтади кузга.
7.07.07.
Очилган лолазорнинг рўйлари рўйингда бор
Гуллаган бедазорнинг бўйлари бўйингда бор.
Дудоғларинг кавсардир, оёғларинг кавсардир,
Ризвоннинг ариқлари – жўйлари жўйингда бор.
Нозли овозларингда андалиб наволари,
Бесаноқ булбулларнинг куйлари куйингда бор.
Водариғ, сенсиз қолса, Юсуф дейди ўзига:
Ҳаёт—гўр, ўлганларнинг уйлари уйингда бор.
7.07.07.
Юзимдаги бесаноқ ажин—
Қалбдан тошган ғамлар тўлқини.
Боғим сени ким этди ўтин,
Менга етди боғлар ўтини.
Юрак нима кўксимдаги қоп,
Дунёсидан кўнглим тўлмайди.
Боғни ўтин айламоқ осон,
Ўтинни боғ этиб бўлмайди.
7.07.07.
Дунёга йўқ инсончалик ёв,
Дарахтчалик меҳрибон йўқдир.
Одам қўйган оламга олов,
Ҳар бир япроқ ҳаётга туғдир.
Қулатади инсон самони,
Ёвузликдир салтанат, тахтлар.
Гар қутқарса ёруғ дунёни
Қутқаради фақат дарахтлар.
7.07.07
Деворлар
Холи бўлай дея оқил хатардан
Уйини ўратди қирқ бир деворда.
Наҳот қирқ девор асрар маҳшардан
Марг топар тоғ билан ўралган ғордан.
Шундоқ деб сўрайди донишдан очун
Ё душманинггиз кўпми ҳазрат, муҳтарам?!
Ёвдан бир девор ҳам асрайди, лекин
Дўстдан асрай олмас қирқ бир девор ҳам.
7.07.07.
Жонимга пойингни алишмайсанми?
Болларга бойингни алишмайсанми?!
Кўзимнинг қонидан йўлинг хоки лой,
Бошига лойингни алишмайсанми?!
Қуёшим сеники, ойим сеники
Юзингни — ойингни алишмайсанми?!
Бўстондек қалбимга бўстонларингдан
Ғунчадек жойингни алишмайсанми?!
Барча муродларим оёқларингда
Юсуфга пойингни алишмайсанми?!
9.07.07.