Дадам,акам ва менинг қайси куни қайтишимизни уйдагилар ва қариндошларимиз ҳаммалари билишар экан.Уйга етиб келсак катта тўйхонага ўхшайди.
Кириб боришимиздан ҳамма энг аввало мен билан кўришишга ошиқишиб ким билан сўрашяпман,улар нималар дейишяпти,мен нима деяпман ҳаяжондан англай олмай қолдим.
Гўёки мен қандайдир қаҳрамонлик кўрсатгандай эдим. Дарров яхши ният билан боқилаётган қўчқорни қурбонлик қилишди. Бизнинг Калишо қишлоғи кичкиналигиданми тўйи ҳам,хурсандчилиги ҳам,ташвиши ҳам ҳамманики бирдай эди.Хуллас тўю азаси бир эди. Ҳаттоки ўша 1960 йилларда ҳали томни шифер ё тунука билан ёпиш урф бўлмаган кезларда ёғингарчиликлар бошланиши олдидан кеч кузда қилинадиган томсувоқ ҳам кўпчилик уюшиб ҳашар билан ўтар эди.
Космонавтликни орзу қилган Ғиёсиддин Тошкент авиация техникумига кирибди,бошланғич синфда ўқиётганимизда ўқитувчиларимиз "катта бўлсанг ким бўласан?",деб сўрашганда колхозга раис бўламан деган Тўрахўжа Андижоннинг Марҳамат туманидаги қишлоқ хужалигини механизациялаш техникумига,бош врач бўламан деган Эргашали Наманган тиббиёт билим юртига,Абдуваҳоб,Абдубанно,Шамсиддинлар эса ўқишга келгуси йил яна ҳаракат қилишадиган бўлишибди.Қизлар эса айримлари турмушга чиқиб улгурган,қолганлари бахтларини кутиб ўтиришибди экан.
Нима ҳам дейсиз, орзулар чалароқ деймизми ёки остонада тургандай ҳали ушалишга маҳтал тургандай эди гўё.
Очиғини айтиш керак ўша йили мактабни битирганлар ичида олий ўқув юртига бир ўзим кирганимдан фахрланиш,ғурурланиш бор эди менда.Ўзим кичкинагина бўлсамда тоғни йўмиргандай эдим гўё.
Икки уч кун машинани миниб олиб гоҳ у,гоҳ бу қишлоқдошлар тўп турган жойларда тўхтаб худди йиллаб кўришмагандай қучоқлашиб кўришардик.Албатта назаримда ўша паллаларда ҳамма менга ҳавас билан қараётгандай эди.
Ҳатто мактабимиз директори ҳам қутлар экан,энди аввалгидай сенсираб эмас "сиз",дея сўзлашиши бир қадар ўзимни муҳим кишига айлангандай ҳис этар эдим.Бу албатта болаликнинг давоми бўлиб,ҳали олдинда ҳаётнинг неча-неча довонлари тургани ҳақида ўй-ўйлаш хаёлга ҳам келмасди.
27.Яна Тошкентга
Қишлоққа қайтиб ҳафта-ўн кун ўтиб машинага давлат рақами олиш ва уни бошқариш учун дадам номидан ишонч қоғози расмийлаштириш сингари юмушлар билан банд бўлдим.
Давлат автомобил назоратига номер олиш учун борганимда Содиқжон ака исмли(ҳозир нафақада)шу идора бошлиғи:"машина муборак бўлсин,сизга бир умр ёдда қоладиган номер бераман",деб қолди.Менга машинанинг қанақа номерда бўлишининг унчалик қизиғи йўқ эди,лекин бир умр ёдда қоладигани қанақа бўлар экан,деб турган ҳам эдимки қўлида бир жуфт номер кўтариб Содиқжон ака чиқиб келди.Мана, деди у машинанинг олд ва ортига қадаладиган номерларни қўлимга тутқаза туриб.
-Қаранг-деди у номерларни кўрсатар экан-дадангиз қирқ йил элга хизмат қилдилар.Бу йил 63 ёшга кирибдилар,нафақага чиқиб ҳам уч йил ишлаш бизларга ҳам насиб қилсин.Шу боис 6003 номерини бергим келди.Машинанинг маркаси ҳам 03 "Люкс",деб қўшимча қилди.
Содиқжон аканинг бу эътиборидан бошим осмонга етди.Қувончим ичимга сиғмасди.Шундан бошлаб кўрган машиналаримнинг номерига эътибор берадиган бўлдим.
Масалан, 9999 номерни кўрсам эгаси 99 ёшга кирганмикан деган ўй келарди.Албатта буларнинг барчаси шунчаки тасодиф бўлиши мумкин нарсалар.Лекин Содиқжон ака айтгандай,орадан салкам қирқ йил ўтиб ўша номерни эслаяпман.
Ундан кейин нечта машина ўзим сотиб олиб минган бўлсам ҳам ҳаммасининг номерлари қанақа бўлгани ёдимда йўқ.
Мен қишлоқда юриб ҳам нима қиламан,тузукроқ Тошкентни кўриб улгурганим йўқ,бундан ташқари кичик қишлоқнинг сўлим ва сокин бағрида ўн етти баҳорни қаршилаб, энди ёшларга хос шижоатли шовқин тўла шаҳарга интилиш бор эди.
Шу боис ҳам уйдагиларнинг розилиги билан яна Тошкентга қайтдим.