Завод
комсомол ташкилотидагиларга комсомолга аъзо бўлмайман,деб айтганим
билан аъзолик машмашаси тугамади.Аксинча менинг бу каби "номақбул"
ҳаракатим завод раҳбариятини ҳам ташвишлантирди чамаси иккинчи ой ишлаб
юрган кунларнинг бирида ўз аризамга мувофиқ ишдан бўшашимни сўрашди.
Завод кадрлар бўлимига чақирилдим.Ариза ёзишим сўралгандан сўнг:"ишчи комсомол бўлмаса бўшаши шартми",дея савол ташладим.
Кадрлар
бўлимидаги аёл:"ҳозир",деди-ю телефон гўшагини олиб қаёққадир телефон
қилиб,менинг масалам хусусида ким биландир гаплаша бошлади.У томондан
нима жавоб айтилди билмадимку-я,лекин ходима бир таклиф айтди.
Яқинда
нафақага чиқиши керак бўлган Ҳошим амаки ўрнига одам керак экан,шунга
мени бу ёққа жўнатишибди,ундан кейин юк туширувчи комсомол бўлиши
унчалик шарт ҳам эмас экан шекилли.
Ҳамма
буфетчилар ёш,чаққон юк туширувчидан хурсанд,озгина вақт ичида
ҳаммалари билан танишиб апоқ-чапоқ бўлиб кетдик.Қайси буфетга мол олиб
борсам ҳаммалари меҳмон қилишади,сийлашади.
Ҳайдовчи ўзи
қаерга,қандай боришни яхши билади.Аслида мени юк ташувчи,дея ишга
расмийлаштиришганми йўқми билмадимку лекин ўша пайтлари мол етказиб
берувчи(экспедитор)эдим.Чунки олиб борадиган нарсаларимнинг нарх-навоси
ва миқдори ёзилган ҳужжатларнинг ҳисоб-китобини ҳам ўзим юргизар эдим.
Қандолатчилик цехида ишлайдиганларга қараб туриб ҳайрон қолар эдим. Ё
тавба дердим,одам касби корига қараб шаклу шамойилда бўладиганга
ўхшардида.Чунки цехдагиларнинг ҳаммалари оппоқ юзли,дўмбиллаган, гўё
юмшоқ булочкаларга ўхшаб кетишарди.Бу ўйимни ўша жойда ишлайдиган
қиз-жувонларга очиқ айтдим ҳам бир кун.Улар бу гапимдан хафа
бўлишармикан,десам йўқ аксинча роса кулишди ва хурсанд бўлишди.
Шундан кейин мен уларга маҳсулот олиш учун цехларига кириб боришим билан:"салом булочкахонлар",дея ҳазиллашиб қўядиган бўлдим.
"Булочкахонлар" билан ишларим ёмон эмасди.Тўғри маоши оз.Лекин жамоадаги муҳит зўр.Муҳими шу эди.
Бироқ баҳор ойларида бу жамоадан ҳам кетишимга тўғри келди.Чунки мени армияга боришим учун чақириқ қоғози келган эди.
33.АРМИЯ
Аслида
армияга ҳам боргим йўқ эди.Лекин армияга бормаганларни ўша пайтларда
носоғлом экан,деган гап-сўз билан одамлар ҳатто бадном қилишгача
боришлари мумкин эди.Шу боис ҳам армияга боришга қарор қилдим.
Лекин
айрим ўринларни қайд этиш керак назаримда.Ўша йиллари ўзбек йигитлари
кўпроқ ҳарбий қурилиш баталонларига сафарбар этилардилар. Армияга Тошкентдан эмас ўзимизнинг қишлоқдан жўнагим келди.Шу боис ҳам қишлоққа қайтиб келдим.
Туманимиздан
еттита ҳарбийга чақирилувчи жанговар қисмларга сараланиб олди.Бизнинг
қишлоқдан эса мен ва мендан бир ёш кичик Абдулатиф исмли бола бир кунда
армияга жўнайдиган бўлдик.
Йўл-йўлакай Қозоғистон чўллари орқали
юрган поездда Саратов шаҳрига етиб келдик.Темир йўл вокзалида бизларни
бир неча ҳарбий машиналарда кутиб олишди ва Саратов шаҳридан 50-60
чақиримча наридаги Татишево шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисмга олиб
боришди.
Одатга кўра янги келганлар ҳаммомга туширилиб, ундан
сўнг янги ҳарбий уст-бошлар кийгазилгач ҳарбий қисм бўлинмаларига
йўлланишади.
Ҳаммомдан чиқиб,ҳамма ҳарбий кийимда деярли бир
ҳилда.Шунда қизиқ бир гап бўлиб ўтди.Ўша мен билан бирга ҳарбийга
чақирилган ҳамқишлоғим,рус тилини мутлақо билмас эди.У уст-бошларини
кийиб ойнага қарар экан,бир маҳал менга мурожаат қилиб қолди.Қара, деди
у елкасидаги катта сариқ ҳарфлар билан ёзилган СА ёзувини
кўрсатиб.Ҳа,нима бўлибди,дедим бепарво.У эса,эътибор бермадингми,СА деб
ёзиб қўйишибди.Улар менинг Сапохўжаев Абдулатиф эканимни қаёқдан
билишдийкан,елкамга исм-фамилиямнинг бош ҳарфларини ёзиб қўйишибди,деди.
Мен
гап нимада эканини тушуниб,унга бошқалар эгнидаги ҳарбий кийимларда ҳам
ҳаммасида СА ҳарфи борлигини ва бу "Советская Армия",деган сўзнинг
қисқартма шакли эканини тушунтирдим.Шундан сўнггина у бошқаларнинг ҳам
кийимларига қараб ҳижолатдан жилмайиб қўйди.
Армиядаги дастлабки кунимиз ана шундай ажойиб эсда қоларли воқеа билан бошланди.
Умуман армияда турли юртлардан келган ёш йигитлар турлича ўзларининг миллатларига хослик аломатларини кўрсатиб туришар эди.