Ризобек Воскресенье, 2025-06-22, 01.28.52
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Сентябрь » 16 » Чизгилар
    23.15.00
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    36.Белогое-8

    Кечки пайт Московдан Ленинград(ҳозирги Санкт-Петербург)шаҳри йўналишидаги поездга ўтириб эрта тонгда Калинин шаҳрига келиб тушдик.

    Саратовдан бирга чиққан аскарлар бир-биримиз билан шу шаҳарда хайрлашдик.Ҳаммани ҳар бошқа қисмларга бўлинган экан.

    Мен бизни кутиб турган ҳарбий УАЗ маркали автомашинада бир офицер ҳамроҳлигида йўлга чиқдик.Тахминан Калинин шаҳридан 50-60 километр олисликда жойлашган Белогое ҳарбийлар шаҳрига етгач биз бораётган машинадан кузатувчи офицер ўрнига йўл-йўлакай бошқа офицер алмашинди.

    Белогое ҳарбий шаҳарчасидан чиқиб яна 80 километрлар юргач қуюқ ўрмонзорлар ичида жойлашган ҳарбий қисмга етиб келдик.

    Ҳарбий қисм стратегик аҳамиятга молик ракета қўшинларининг гвардия қисми экан.Уйга хат ёзганда манзилни Калинин вилояти Белогое-8 деб кўрсатсакда аслида ҳарбий қисмимиз Ленинграддан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашганди.

    Фавқулодда муҳим ҳарбий нуқта ҳисоблангани учун ҳам манзил бошқа кўрсатилар эди.

    Бу гвардия қисмида мендан бошқа ўзбек миллати йўқ эди.

    Мен сержантлар мактабида ҳарбий ихтисослигим бўйича ракетани парвозга тайёрлаш мосламасининг механиги эдим.

    Ўшанда командирларнинг айтишича бир ракетанинг баҳоси бизнинг Янгиқўрғон туманининг бир йиллик даромадича маблағга тайёр бўлар экан.

    Ҳозирги айтаётганларим ўша пайтда ҳарбий сир ҳисобланиб армия хизматини тугатгач беш йилдан кейин бу ҳақда гапириш мумкинлигини айтишганди.
    Ракеталар парвозга шай турадиган нуқталар ҳар беш йилда манзили ўзгартирилиб турар экан.

    Қисмимизда ўша пайт аскарлар ўртасида 6 ойгача хизмат қилганлар "салага",бир йил ва ундан ортиқ хизматдагилар "фазан",старик"(қария),бир ярим йил хизмат қилганлар "дед"(бобой) аталиб қария ва бобой аскарлар бизга ҳукмронлик қилар экан.

    Албатта биринчи кунданоқ бундай муносабат менга ёқмади.Қисмга келган дастлабки кунимданоқ зиддият келиб чиқди.

    Тўс-тўполон бошланди.Уришда туриш борми,дея мен ҳам қараб турмадим.Эртаси куни мен -ўзбек "босмачи" авлоди аскарларни пичоқ кўтариб сўяман,дея қувганликда айбланиб қисм командирлиги штабига чақирилдим.

    Мен билан суҳбат қилган штаб бошлиғи подполковник Костенко узоқ гаплашди.Юз-кўзларим момоталоқ бўлган,мен бу муштлашда айбдор эмаслигимни тушнтира олдим назаримда.У:" бизнинг қисмда сенгача ҳам ўзбеклар хизмат қилиб кетганди,аммо бундай ҳодиса бўлмаган" ва ҳакозо айбловлар билан бирга кўнгил кўтаришга ўхшаш сўзлар ҳам айтди.

    У менинг рус тилида яхши сўзлашувимдан ажабланди.Унга мен олийгоҳда шу соҳа бўйича сиртдан ўқишимни айтгач рус тилида бирор бир матнни ёзиб беришимни сўради.Қўлимга ручка-қоғоз олиб бўлиб ўтган воқеа сабабларини ёздим.

    У ўқиб кўрдида:"о, ты грамотно пишешь оказываетса и почерк красив
    ый, если хочешь будешь служить в штабе у меня писарем"(сен саводли ва чиройли ёзар экансан,истасанг штабда мирзалик қиласан),деди.

    Ҳарбий хизматни тугатиб уйига қайтаётган аскар бир ойча штабдаги ёзув-чизув ишларини ўргатди.

    Мен штабда мирзалик қилиш билан бирга Ленинград Ҳарбий Округи нашри бўлган "На страже родины"("Ватан ҳимоясида") газетасига хабар ва мақолалар ёзиб юрдим.Шунингдек институтнинг сиртқи бўлимига хат ёзиб курс ва синов ёзма ишларини юборишларини сўрадим.

    Ҳарбийда юриб бир курс ишини ниҳояладим ва бир йил хизматдан сўнг таътилга Ўзбекистонга бориб курсдан-курсга ўтиш имтиҳонларини муваффақиятли якунлаб келдим.


    37.Онажоним танлаган қизга ўйландим

    Ҳарбий хизматдан қайтиш арафасида онажонимдан тез-тез мактублар ола бошладим.Ҳамма мактублар соғинчли салом,дейилган сўзлар билан бошланиб,ниҳоясида эса:" қайтиб келишинг билан ўйлантирсак,бувижонинг кексайиб қолдилар",мазмунида ва энг сўнггида эса нима дейсан,дейилган сўроқ қўйилган бўлар эди.

    Эҳтимол мен ўша пайтларда онажонимнинг юзларига қараб туриб бу сўзларни айтолмасам керак эди,лекин мактубда жавобимни айтдим.Яъни:"Меҳрибоним онажон,сиз кимни келин қиламан,десангиз ўша қизга ўйланаман".

    Шундай ҳам бўлди.Мен ҳарбийдан қайтиб борганимда тўй учун бўладиган ҳозирликлар кўрилиб бўлган, келин ҳам тайёр эди.Шундай қилиб мен онажоним танлаган қизга ўйландим.

    Мана рафиқам билан ўттиз йил турмуш қуриб,келин танлашда онажоним адашмаган эканлар,деб қўяман.

    Айримлар қандай ўйлангани хусусида гап кетиб қолса бошларидан ўтган муҳаббат можароларидан ҳикоя қилишади.Менда эса муҳаббат ғойибдан можаросиз пайдо бўлган.Ва ҳозиргача у энг муқаддас ва азиз.Менинг муҳаббатим - менинг фарзандларим ва уларнинг онажониси.

    Ризо Обид.
    (Давоми бор).






    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz