Дўззахга бораман қайси юз билан
Қора кундир миллат кўзгуси
Она халқим, рўйингга қара.
Сўниб кетган номус ёғдуси
Юзинг ҳатто зулматдан қора.
Қора кунлар — миллат ойнаси
Эвоҳ, бўлди нелигинг аён.
Ёраб, оға ини канаси,
Ёраб, ини оғага илон.
Халқим, букун сийратинг ошкор,
Ғаддорлигинг бошингни еди.
Кўзгу тутди, кўк—парвардигор
Қиёфангни кўриб қўй деди.
ХХХ
– Хазондирсан, йўқми дўстинг?
–Афсуски бор, афсуски бор.
– Йўқми элинг, жон улусинг?
– Афсуски бор, афсуски бор.
– Йўқми ёринг, хеш жигаринг?
–Афсуски бор, афсуски бор.
– Йўқми волиданг, падаринг?
–Афсуски бор, афсуски бор.
Демак, заҳарланган тузинг,
Сотқин қавминг—кўрар кўзинг,
Йўқми ўғлинг, йўқми қизинг?
–Афсуски бор, афсуски бор.
ХХХ
Эй сен аҳли олам, аҳли пургуноҳ,
Жаннат таъмасида ўқийсан оят.
Сени аллақачон қарғаган Оллоҳ,
Сендан жирканади ҳатто қиёмат.
Эй аҳли таъмагир истайсан ризвон,
Афсус, замондошман сендоқ хез билан
Ёраб, сергуноҳман, бўламан гирён:
Дўззахга бораман қайси юз билан.