Билмадим мактабимиз директорини кўп шўхликлар қилиб қийнаганманми у мактабни битириб хайр-маъзур қилиб кетаётганда қўлини очиб эмаску шунчаки кулишиб туриб:"илоҳим сен ҳам ўқитувчи бўлгину,сени ҳам ўқувчиларинг шўхлик қилиб қийнасин",дея қарғаганди.
Менимча у ўзини қийналган,дея ҳисоблаган нарсаларни кейинчалик билдим. Биринчидан мактабда ўқиб юрганимизда пахта йиғим-теримига сафарбар этилиб дарслар тўхтатилган кезларда ҳамма ўқувчиларга синфига қараб қанча пахта териш миқдори мажбурият қилиб юкланар эди.Мен бирор марта мажбуриятдаги килограмм пахтани теролмаганман.Бундан ташқари бошқа ўқувчилардан фарқли равишда ҳар якшанба куни пахта тергани чиқмас эдим.Шу куни дам олиш куни,деб туриб олардим.Бу албатта бошқа ўқувчиларнинг ҳам норозилигига сабаб бўларди:"нега анови дам олади-ю,биз эса йўқ",дейишардида.
Бундан ташқари газетага мақолалар ёзиб юрганимда "цензура" қилгани учун коммунист бўлиб,кейин қишлоқ советига раис бўлиш арафасидаги директор бувани аъзоликка қабул қилмай қўйишган экан.У ҳозиргача ўшанда фирқага аъзо бўлолмаганидан армондалигини айтишади.
Шу каби қийнаганларим рост.Шунинг учун ҳам унинг қарғиши чалароқ тегди.Бир-икки бор маориф билан боғлиқ соҳада озроқ ишлашимга тўғри келди.Лекин негадир мени ўқувчилар қийнашмади.Аксинча ҳозиргача "домла",деб кўрган жойларида ҳурматимни жойига қўйишади.
41.Мухбир
Доимо жамоатчи мухбир сифатида туман газетаси билан алоқамни узмадим.Армиядами ё бошқа жойдами ўша ёқлардан туриб ҳам хат-хабарлар йўллаб турдим.
Мен институтни тамомлаган йили Янгиқўрғон ва Чортоқ туманлари ажралиб иккита туман бўлди.
Янгиқўрғон тумани аслида эски туманлардан бўлсада у янгидан ташкиллана бошлади.Бир туманда қандай маъмурий ва ҳакозо идоралар фаолият юритиши зарур бўлса ҳаммасига янги мутахассилар ўрнига эҳтиёж пайдо бўлди.Шу жумладан туманнинг "Меҳнат байроғи" газетасига ҳам тўлалигича янги жамоа тузишга тўғри келди.
Аввалги ишлаганлардан фақат газета фотомухбири Абдулла Аҳмедов ва Нуриддин Холматовдан бошқа ҳамма "Чортоқ ҳақиқати" номи билан иш бошлаган газетада қолишди.
Ўша аслида эски,лекин янги "Меҳнат байроғи"га аввал "Наманган ҳақиқати" вилоят газетасида пропаганда бўлими мудири бўлиб ишлаган Абдураҳмон Насриддинов муҳаррир,у билан шу бўлимда адабий ходим бўлган Жума Мусаев ўринбосар,вилоят газетасида адабиёт бўлими ходими бўлган Иброҳим Мусаевлар келишди.
Туманда жамоатчи мухбир бўлганлардан Лобар Рустамова,Қозоқжон Маҳмудов,Каримжон Долиев,ТошДУнинг журналистика факултети сиртқи бўлими иккинчи курсида ўқиётган Муродбек Эсонбоев ва мен ҳам ишга таклиф қилиндик.
Туман газетасида бир ой адабий ходим ,иккинчи ойдан эса хатлар ва оммавий ишлар бўлими мудири бўлиб ишлай бошладим.
Қишлоғимиздагилар ўзларидан чиққан биринчи рус тили муаллим,биринчи мухбир эканимдан очиқчасига фахрланишарди.
Мен таҳририятга келаётган шикоят хатларни ўрганиш баробарида асосан танқидий мақолалар ва фельетонлар ёзар эдим.Айрим танқидий чиқишларим ўшандаги муҳаррир Абдураҳмон Насриддиновнинг таъбири билан айтганда тумандаги "эски бўри"ларга ёмон бота бошлабди.Шундан сўнг кўп ёзган мақолаларимни саҳифага чиқариш анча қийин кечадиган бўлди.
Айниқса туманнинг собиқ биринчи котиби бўлган,кейин совхозлардан бирига директор бўлиб қолган Собиржон Тўйчибоев раҳбарлигидаги жамоадаги камчиликлар ҳақида ёзганим то газета юзини кўргунча анча тўсиқларга учради.Лекин у эълон қилиниб туман компартияси бюросида муҳокама этилди.Факт ва даллилар инкор қилиб бўлмас даражада етарли бўлгани учун Собиржон Тўйчибоев қаттиқ ҳайфсан олди.Агар унинг ўрнида юқорида оғайнилари бўлмаган раҳбар бўлганда ишдан бўшатилиши мумкин эди,деб гапириб юришди.
Бош муҳаррир ҳам ва бошқа ҳамкасблар ҳам менинг танқидий чиқишларим жуда кўпчилик раҳбарларнинг иззат-нафсига тегаётгани боис ҳушёр бўлиб юришимни маслаҳат беришар эди.
Мен ҳайрон бўлар эдим.Ахир бор гапларни ёзяпманку, кимдан ва нимадан ҳушёр бўлишим керак,дердим.