Туман
газетасидаги жамоамиз жуда аҳил эди.Ҳаммамиз тушлик пайти ўша пайт
Янгиқўрғонда энг гавжум бўладиган сой ёқасида жойлашган "Тинчлик"
ошхонасига борардик.
Кўпчилик билади ижод билан боғлиқ ишдагилар табиатан
нозиктаъброқ,баъзи кишилар таърифича инжиқроқ кишилар бўлишади.Лекин
бизнинг жамоадагилар ҳаммаси қувноқ табиатли кишилар эди.
Биз ўтирган столга мижозлар кўплигидан куттириб қўймаслик учунми
ижодий жамоамизга ҳурматда юрадиган ошхона мудири Сиддиқжон
Худойбердиев деган йигит ўзи хизмат қиларди.
Ҳаммаси шунақамиди билмадимкуя ҳар гал лаби учган,дарз кетган
пиёла-чойнак,овқат сузилган косалар бизга тўғри келиб қоларди.Сал ҳушёр
бўлмасангиз чой ичаман деб лабингиз шилиниши ҳеч гап эмас.
Навбатдаги тушликлардан бири тугагач,одам анча соябирлашиб қолган
палла муҳарриримиз Абдураҳмон ака Сиддиқжон акани ёнига чақирди ва унга
нега ҳар гал нобоп идиш-товоқларда чой,овқат беришини сўради. Сиддиқжон
ака анча ўнғайсиз ҳолатга тушди.Эртасигами индинига ўша киши бир нечта ошхона мудирлари имзо чеккан шикоят хати кўтариб келиб
менга берди-да:"ўқиб кўринг, иложи бўлса ёрдам берарсизлар",дедию кетди.
Шикоят хатида ёзилишича туман умумий овқатланиш корхонаси раҳбари
Раҳимжон Сўфижонов тез-тез ошхона,чойхона,ресторанларга янги
идиш-товоқлар берилгани тўғрисидаги ҳужжатларга мудирларга имзо
чектирар эканда,лекин аслида бермас экан.Буни тасдиқловчи далиллар
битилган хатни муҳарриримизга кўрсатдим.У ўрганиб чиқиб мақола
тайёрланг, дея топшириқ берди.
Бир ҳафта давомида шикоят хати бўйича суриштирув натижасида жуда
кўп кўзбўямачиликлар аниқланди.Шу асосда "Кўзбўямачи раҳбарнинг
найранглари" сарлавҳали фелъетон ёзиб масъул котибга топширдим,то
мақола эълон қилингунча тумандаги "таъсирли" кишилар уни газетада бермасликни илтимос ҳам қилишди,пўписа ҳам қилишди.
Жуда кўп тортишувлардан кейин газетанинг тўртинчи бетида
газетачилар "тили"да айтганда энг майда петит,деб аталувчи
шрифтда,эълон ҳамда рекламалар деярли қўшилиб назарга тушмайдиган
жойда мақола босилди.
Лекин у қанча кўримсиз бўлмасин,келтирилган факт ва далиллар
асосида чора кўриш учун тегишли идораларга жавоб беришларини сўраб
хат жўнатдик.
Ўшанда туман прокурори бўлган самарқандлик Салом Облоқулов шахсан
ўзи менга телефон қилиб:"ярамасни боплабсиз,ўзим бу ишни назоратга
олдим",деб қолди.
Ҳафта ўтмай Раҳимжон Сўфижонов лавозимидан бўшатилди.У энди
прокуратурага қатнай бошлади.Тергов бошланибди.Бир ойча ўтиб кўриб
Раҳимжон акани танимай қолдим.Дуркуллагангина одам эди,мунғайиб,сочлари
тим оқариб кетибди.Ўшанда унга анчайин раҳмим ҳам келди.
Айтишларича Сўфижоновни бир умр топганларини аллакимлар "қоқиб" олган эмиш.Аммо ким "қоқиб" олди аниқлаб бўлмади.
43.Ҳақиқатнинг эгилиши
Туман газетида ишлай бошлаганимга яқинда бир йил бўлиб таътил яқинлашиб қолган ёз ойлари эди. Ўша
пайтларда район партия комитетидан ғалати-ғалати топшириқлар келиб
қолар эди.Масалан ҳар бир ташкилот фалон тонна пичан ўриб топшириши
керак ва ҳакозо.Бундай топшириқларни олган муҳарриримиз тутаб кетар эди.
"Эй,тавба ҳеч маҳал мухбир далага чиқиб пичан ўраман деса ўша
жойдаги бригадир мана ўроқ,анави ердан ўринг дейдими?Э,йўқ мана бу
ерга ўтиринг,бир келиб қолибсиз,ҳангомалашайлик,дея чой таклиф қилиб
меҳмон қилади.Мухбир аксинча унинг ишининг белига тепадику",дерди.
Муҳаррир топшириқ қоғозини райкомга қайтариб олиб бориб топширар эди.
Лекин бир гал янги топшириқ келган маҳал муҳаррир таътилда бўлиб ўрнида
ўринбосари Жума Мусаев эди.У муҳаррир бўлишни жуда истарди.Шунинг учун
ҳам А.Насриддиновга қараганда топшириқларни "лаббай",деб бажариб
юқоридагиларга ёқишга ҳаракат қилар эди.
Хуллас дам олиш кунларидан бирида,аниқроғи 1983 йилнинг 18 июнь
шанба куни газета жамоаси пичан ўримига чиқадиган бўлди.Шу ҳақдаги
йиғилиш тугагач Ж.Мусаев ўша куни машинамни минмай келишимни,чунки
редакциянинг хизмат УАЗида ҳаммамиз бирга боришимизни айтди.
Эрталаб келсак котиба қиз:"улар жўнаб кетишди,бизлар йўналишдаги
автобусда борар эканмиз",деди.Ўша пайт яна автобусда уйга
бориб машинамни миниб қайтиб келгунча ярим кун ўтарди.Шу боис ҳа,майли дедикда,котиба,фаррош
аёл,корректор қиз ва мен автобусга ўтириб йўлга чиқдик.
Лекин тайинланган жойда биз борганимизда редакциядан ҳеч ким йўқ эди. Ҳа,майли келишиб қолар,дея пичан ўришга киришиб кетдик.Кечгача анча-мунча пичан ўриб қўйдик.Лекин бошқалар келишмади.
Фақат иш якунланиб қайтишга отланиб турганимизда газета масъул
котиби Нуриддин Холматов машинасида келиб қолди.У пичан ўриб
топширганимиз ҳақидаги маълумотномани олдида машинасида туман
марказининг ярим манзилигача,яъни ўзи яшайдиган Исковот қишлоғигача
бизни элтиб қўйди.
Бизни келтириб туширган бекатда худди бизни кутиб тургандай автобус
тайёр турган экан, у кечки охиргиси бўлгани учун ҳам дарров унга тирмашдик.Лекин одам тўла автобус,
ўтиргани жой йўқ.Ҳаммамиз чарчаганмиз,айниқса ёши анчага бориб қолган
фаррош опага қийин бўлди.Шунда ўриндиқлардан бирида ўтирган ёшгина ўрис
қизга жой бўшатишини илтимос қилдим.Қизча шу чоқ менга бир қарадида
автобус ҳайдовчиси ёнига кетди.Опа ўриндиққа ўтирди.
Қиз шофер ёнига етиб борувдиямки автобус кескин тормоз бериб
тўхтади.Ҳайдовчи мени автобусдан туширишга ҳаракат қилиб тортқилашга
тушди.Лекин қанча уринмасин,ҳатто ўрнимдан ҳам қўзғатолмаганидан жаҳли
чиқдими,рулга ўтирдида автобусни жуда катта тезликда
ҳайдаб,йўл-йўлакай бекатларда тушиши керак бўлганларга ҳам тўхтатмай
Янгиқўрғондаги туман милиция идораси олдида тўхтади.
Катта автобус кучайтирилган огоҳовозини чалиб,катта тезликда
чанг-тўзон кўтариб келиб тўхтаганидан нима кор-ҳол бўлибди,дегандай
ҳовлиқишиб ичкаридан бир нечта милиция ходимлари отилиб
чиқишди.Ҳайдовчи автобус томонни кўрсатиб бир нималар,дейиши баробарида
мени кўрсатди. Билагида "ИИБ навбатчиси" боғичи бор милиция майори мени таниди ва "юрингчи ичкарига, нима гап ўзи",дея бошлади.
Ичкари кириб бораётиб:"мана бу хонага кириб туринг, ҳозир анови
ҳайдовчи билан гаплашиб олайин,кейин сиз билан гаплашамиз",дея эшиги
очиқ турган хонани кўрсатди. Ҳа,ҳўп дея ҳалиги хона остонасидан ўтишим билан ортимдан эшик қарсиллаб ёпилди.
Туман ИИБ идорасининг янги биноси қурилаётган,вақтинча газ
таъминоти идорасига жойлашганди.Мен кирган хона КПЗ(вақтинча ҳибсда
ушлаб туриш хонаси) экан.