Ҳечда ҳибсга
тушмаган одам бехос қафасга тушиб қолган қуш каби ёмон типирчилаб қолар
экан.Лекин ҳарқанча эшикни муштлаб,тепиб бу қоронғу хонадан
чиқаришларини талаб қилмайин қўйиб юборишмади.Уринишларим беҳудалигини
тушуниб дераза вазифасини бажарувчи катта тунука томат идишнинг
қопқоғидан ясалган туйнукка қараб қолдим.Уни мих билан тешиб зўрбазўр
нимгина ёруғ тушадиган хонанинг баланд жойига ўрнатишган экан ва мен
унга қараб хонанинг киравериш жойида анча муддат туриб қолдим.
Бир қанча вақт ўтиб хона қоронғулигига кўзим мослашиб ғира-шира
унинг ичини илғай бошладим.Синчиклаб қарасам хона узунлиги уч
метрча,эни икки метр келади.Хона тўрида бир нима қорайиб кўрингандай
бўлди.Нима экан,деб қараб қолдим.Қорайиб кўринган нарса нарса эмас одам
экан.
-Сиз кимсиз-сўрадим ундан.
-Мен Ғовозон қишлоғилик Ҳайдаралиман-деди у киши овоз бериб.
Бечора менинг қўйиб юборинглар,дея эшикни тепиб қилган ҳаракатларимдан қўрқиб овоз чиқармай ётган экан.
Мен эса бу қоронғу хонада ёлғиз эмаслигимдан бироз хотиржам
тортдим.Ҳамхона бўлган кишидан нима сабабдан бу хонада ётганини
сўрадим.У ўриб олинган буғдойзордан бошоқ териб,икки қанор қопда сомон
похолини эшагига ортиб кетаётган экан,ўша пайтдаги КПСС МКнинг Бош
Котиби бўлган Андропов сиёсатидаги текин даромадга қарши кураш
компанияси боис,ташмачи,деб қамашибди ва ўн беш сутка
беришибди.Эрталабдан кечгача милиция идораси ҳовлисида ишлатилиб,кечки
пайт шу хонага қамаб қўйишларини,бу ёққа тушганига етти кун бўлганини
айтди.
Мен ўҳ-ҳов етти кундан буён шу ерда ётибсизми,дея
ҳайратландим.Аслида шу хонада мен ундан ҳам кўра кўпроқ, яъни бир ой
ётиб тергов қилинишимни хаёл ҳам қилмагандим.
45.ТЕРГОВ
Эртаси куни
эрталаб мени ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилмурод Азимов ёнига олиб
чиқишди.Уни танирдим.Газетада бир ойда бир марта режа асосида
бериладиган суд,прокуратура,милиция фаолияти ҳақидаги
"Замон-Инсон-Аҳлоқ" саҳифасини тайёрлаш учун ундан материаллар олиб
турар эдим.Ҳартугул таниш милиция ходими қабул қилаётганидан бироз
кўнглим ёришди.
У ахир мени тушунар,дея ўйладим ва унга сўрашиш учун қўл
чўздим.Узатилган қўлим муаллақ қолди.У:"мен жиноятчилар билан қўл бериб
сўрашмайман",деди заҳархандалик билан.Унинг юзига қарата тупурдим.У
юзидаги тупуруқни артар экан,навбатчи милиционерни чақирдида,тез
прокуратура ва суддан одамларни чақир,деди.Худди маслаҳатлашгандай
суддан ўша пайт судья Маматхон Ғанижонов(у ҳозир Республика Олий Судида
ишлайди)прокуратурадан Абдуқаҳҳор Эргашев(ҳозир у вилоят прокуратураси
назорат бўлимида ишлайди)етиб келишди.
Дилмурод Азимов(у ҳозир бахши бўлиб,одамларга фол очади) менинг хизмат
вазифасини ўтаётган милиция бошлиғи ўринбосарига тажовуз қилганим ва
юзига тупурганимдан шикоят қилиб,улар гувоҳ бўлишларини сўради.
Улар бир-бирларига қараб жиғибийрон бўлаётган Азимовга кўрсатмай мен томонга ўгрилиб жилмайиб қўйишди.
Бир оғиз ҳам сўз айтишмадида,"бор гап шуми",дегандай ўринларидан
туриб:"бўпти ўртоқ начальник",дея нимагадир киноямуз кулишиб чиқиб
кетишди.Аслида милиция бошлиғи ҳам суд,прокуратура ходимларини ҳузурига
чақиртирмас экан,аксинча милициянинг бунга ваколати йўқ экан.
Улар кетгач,навбатчига "кеча эшикни тепиб тўполон қилибди,туфлисини
ечиб олингларда қайтиб яна ўша хонага қамаб қўйинглар",дея буйруқ
берди.Мен Азимовга хонаси ичида бу муомаласи учун ташланиб қолдим.У
кичик хонада қаёққа қочишни билмай қолди.Мен "Т" шаклида қўйилган
столнинг устига чиқиб уни тутмоқчи бўлганимда ёрдамга етиб келган бошқа
уч-тўрт милиционерлар қўлларимни қайириб,туфлимни ечиб олишди ва яна
КПЗга қамаб қўйишди.
Яна бир тунни КПЗда ўтказдим.Эрталаб мени хонадан чиқариб ИИБ
бошлиғи милиция подполковниги Турсунхон Валиев қабулига олиб киришди.У
кишини аввал ҳам узоқдан кўрган эдим,бироқ ҳамсуҳбат бўлмаган
эдим.Турсунхон Валиев ғоят яхши муомалада бўлди ва мени олиб кирган
навбатчи милиция ходимига майда безорилик қилган,дея баённома ёзиб
судга олиб чиқинглар,мен қўнғироқ қилиб айтаман енгил жарима тўлаш
тўғрсида қарор чиқариб беришсин,деди.Навбатчи:"ҳўп ўртоқ начальник",деб
турганди хонага газетага ўралган бир нимани қўлтиқлаб Азимов кириб
келди.У бошлиққа бирор юмуш билан кирган бўлса керак,дея унга эътибор
қилмай мени юринг,дея олиб чиқиб кетмоқчи бўлган навбатчига у
:"тўхтанг",деди ва қўлтиғидаги газетага ўроғлик нарсани ёза
бошлади.Газетага ўроғлик нарса унинг милиция либос-кўйлаги экан.У
кўйлакни бошлиққа кўрсатиб:"қаранг кеча у менинг юзимга
тупуриб,столнинг устига сакраб чиқиб кўкрагимга тепди,мана унинг
туфлисининг изи",дея кўрсатди.
Мен шунда нега менинг туфлимни ечиб олишгани сабабини
тушундим.Бироз ўтиб қайтариб беришган эди.Унда улар менинг изимни
кўйлакка туширишган экан.Бошлиқ Турсунхон Валиев кулимсираб
туриб:"ўртоқ Азимов кўйлагингизни қайтариб газетага ўраб қўйинг,бу ерда
кўрсатдингиз,қайтиб ҳеч жойда кўрсатманг,эшитган-уққан одамлар,милиция
бошлиғининг ҳўкиздай ўринбосарини чумчуқдай бола тепиб, юзига
тупурибди,деб масхара бўламиз",деди. -У ҳолда мен-деди Азимов
-вилоят ИИБга шикоят қиламан,улар эшитишар арзимни,деди.Азимовнинг бу
гапидан сўнг бошлиқ:"ҳа,борингге,пишириб енг шу болачани",деди.