ИШОРАТЛАР ТАНГРИНИ СУДГА БЕРДИ
Дунёдаги энг диндор санaлган АҚШнинг Небраска штати сенатори Эрни
Чамберс (Ernie Chambers) инсониятга энг кўп зарар-зиён етказган дея
Тангрини судга берди. Кимдир уни тентак дейиши мумкин эди. Дейишмади.
Чунки у тентак эмас. Халқ эътиборини қозониб, сенатор бўлган. Лекин
Ўзбекистонда ёки Шарқнинг бошқа жойларида бўлса, уни жиннига чиқарган
ёки шайтон, кофир дея ўлдириб кетишлари ҳеч гап эмас.
Қолаверса, сенатор баъзи сафдошлари – қонун чиқарувчиларнинг айрим
ахлоқий, нозик масалаларни судга олиб чиқмаслик борасидаги
ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш мақсадида шундай одим отганини айтади.
У Си-Эн-ЭН (CNN) га берган суҳбатида ҳар қандай киши ҳар қандай
масалада судга мурожаат қила олиши кераклиги ва буни бўғмаслик
шартлигига урғу берди.
Унга кўра, ҳамма нарсага қодир деб билинган Тангри юз бераётган
зилзилалар, табиий офатлар, урушлар ва бошқа оммавий қирғинларнинг
олдини олмаганмиш.
Мени эса бошқа нарса ўйлатди. Тангри битта. Фақат уни турклар
Тангри, араблар Аллоҳ, форслар Худо, руслар Бог, инглизлару немислар
Год, французлар Дью, италянлар Дио, Испанлар Диос ва ҳоказо номлар
билан аташган. Шундай экан, демак у ҳаммамизнинг Тангримизни судга
берди.
Аммо нега ҳар уч динда ҳам сал нарсага пайғамбарларни ҳимоя қилишга чоғланганлар Тангрига қолганда лом-мим демадилар?
Балки Тангри гуноҳкор бандаларнинг муҳофазасига, ҳимоясига муҳтож эмас, дейишингиз мумкин. Ҳақсиз.
У ҳолда Тангрининг пайғамбарлари заиф бандаларнинг муҳофазасига муҳтожмилар?
Худбин инсоннинг ўзини Тангрининг пайғамбарларидан ҳам устун қўйишга интилиши эмасми бу?
ЯРАТГАННИНГ ИНОЯТИ
Сунбула келдими, Америка табиатида мўъжиза кунлар бошланади.
Дарахтларнинг барглари сап-сариқ, қип қизил, кўм-кўк ва биз сўз билан
ифода этолмайдиган даражада ажиб рангларда товланиб эртаклар диёрини
яратади. Шундай кезларда қалин ўрмонлар билан қопланган тоғлар яқинига
борсангиз, табиатнинг гўзаллиги қаршисида лол қоласиз.
Мен севган бир тоғ бор. Бизнинг уйдан анча узоқларда. Шаҳар атрофида
яшаганимиз учун ўша тоғ бағрига бориб келиш анча вақт олади. Ҳар доим
ҳам у томонга йўлим тушмайди. Лекин ҳар куни бир бориш истаги кўнглимни
тарк этмайди. Куз тушдими ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам ўша томонга
қараб кетгим, ўша тоғ бағридан ўтган йўллардан уфқ остонасига қараб
етгим келаверади.
Тоғлар ва ўрмонларга ошиқлигимни уйдагилар ҳам билишади. Аммо
кимнинг иши, кимнинг ўқиши дегандай ҳар куни ҳам ўша томонларга
бораверишимизга имкон йўқ эди.
Қайси йили ҳам туғилган кунимда болалар уйни худди эртаклардагидек қилиб тузатишиб, тортнинг устига кичик шаъмларни ёқиб׃
-Аввал ният қилинг, кейин пуфлаб ўчиринг,-деб қолишди.
Шунақа одат эмиш.
Ният қиламан десам кўз олдимга ложувард- ранго ранг ўрмонлар, ўша
мен ошиқ бўлган тоғ ва дарахтлардан бахмал тўн кийган қоялари келаверди.
“Тез-тез ўша томонларга бориб-келиб турайлик” дедим ичимда.
Қилинган ниятни айтмаслик керак экан. Мен эса айтиб юрдим. Чунки
ошиқ ўз севгисини яшира олмагани каби мен ҳам табиатнинг гўзаллигига
шайдо эканлигимни айтмасдан тура олмас эдим.
Эгизак фарзандларим мактабни битиришиб, олий ўқув юртларига ариза
беришди. Шу жойда муаммо бошланди. Чунки улардан бири журналист,
кейингиси эса тиш доктори бўлмоқчи. Бир университетда журналистика бор,
иккинчиси йўқ. Охири яхши бир университетда бирга ўқийдиган бўлишди.
Дунёнинг ишларини қаранг. Бирданига икки истак эмас, балки уч орзу
ҳал бўлди. Энди мен ҳафтада ё икки ёки уч марта ўзим севган ўша тоғ ва
ўрмон қўйнидан машинада бир неча соатлаб ўтиб боришим шарт.
Кеча машина рулини турмуш ўртоғимга бериб, ўзим табиатнинг
гўзалликларидан кўзимни уза олмай келар эканман, ана шу ҳақда ўйладим.
Яхши ният-ёрти мол деганлари бежиз эмас экан! Яратганнинг иноятига яна
бир марта қойил қолдим!