Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.24.27
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 23
    Гостей: 23
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 20 » Чизгилар
    06.31.12
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    46.ЎЧ

    Менинг газета ходимлари билан пичан ўримига чиқишим,ундан кейин қайтишда автобус ҳайдовчиси билан можаро фавқулодда ҳодиса эди назаримда.Айримлар бу уюштирилган,деган гапни айтишсада бу воқеа менимча уюштирилмаган эди.Фақат менга "тиш қайраб юрганлар" учун ўч олишга ўз-ўзидан юзага келган имконият эди холос.Яна билмадим.

    Ўша пайт туман "казо-казолари" бўлмиш кишиларнинг менинг қаламим учига илинмагани қолмаганди ҳисоб.Тасодиф билан менинг милицияга тушиб қолганимдан улар "унумли" фойдаланишди чамаси.

    Чунки кейинчалик одамларнинг айтишича совхоз директори бўлган,менинг танқидим тиғига тушган Собиржон Тўйчибоев(раҳматли) туман биринчи котиби бўлган кезларда Учқўрғон туманида милиция муовини бўлиб ишлаган Дилмурод Азимовни:"сени бошлиқ қиламан",деган ваъда билан Янгиқўрғонга олиб келган.Лекин бу ваъдасининг уддасидан чиқолмаган экан.
    Чунки Учқўрғон туманида ўша пайт автомобилларга хизмат кўрсатиш тармоғида бошлиқ бўлган узоқроқ қариндошимиз Файзи Меҳмонов унинг порахўрлигини ошкор қилиб, лавозимидан ҳайдаттириш арафасида Тўйчибоев унинг "жонига ора кирган" экан.Лекин у бошлиқлик лавозимига қўя олмагани ва менинг Тўйчибоев обрўсига газетадаги танқидий чиқишим билан путур етказганимдан уларнинг нафрати,ўч олиш ниятлари бор экан.

    Ҳозир раҳматли бўлиб кетган ўшандаги туман ИИБ бошлиғи Турсунхон Валиев эса қаерда милициянинг бошлиқлари йиғилса ,мен ҳақимда гап очилиб:"ўша бола ноҳақ жувонмарг бўлди,бунга мен айбдор,лекин Дилмурод Азимовнинг ҳиссаси катта",деб айтаркан.

    Тўйчибоев менинг милицияга "ўз оёғим билан илинганим"ни эшитиб агар мени Дилмурод Азимов қамашга эришолса пишган ғиштдан ўн хонали уй қуриб беришга ваъда берибди.Ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай туман ИИБ бошлиғининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосарига("замполит",дейишарди ўша пайт) ваъда қилинган уй қуриб берилган ва бу юқори ташкилотлар текшируви натижасида уй Тўйчибоев директор бўлган жамоада қурилиши зарур бўлган болалар боғчаси маблағи ҳисобига қурилгани аниқланиб,Дилмурод Азимов лавозимидан ҳайдалган.Тўйчибоев эса юқоридаги гумашталари ёрдами билан сувдан қуруқ чиққан,лекин кейинчалик барибир бу ва бошқа қинғир ишлари фош бўлгач ишдан олинган.

    Туман умумий овқатланиш идорасининг фелъетонимдан сўнг сал бўлмаса қамалиб кетай,деган собиқ бошлиғи Раҳимжон Сўфижонов эса уни уйига қанча буюм-жиҳоз зарур бўлса таъминлашга қўл ташлашган экан.

    Хуллас кўпчилик бўлиб:" бир ёш болани қулатиш нима деган гап",дея астойдил "иш"га киришиб кетишган экан.Шунга ўхшаган ҳар-хил гаплару,тахминлар роса кўпайганди ўшанда.

    Ўша пайт туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Неъмат Ҳамидуллаев менинг "жиноий ишим"ни ўзи олиб борди.Терговни ниҳоялагунча янги "ГАЗ-24-Волга" машинасида ишга қатнай бошлади.

    Мени ҳар куни Ҳамидуллаев хонасига чақирар экан:"энди сиз тўрт йил машҳур "Ялла" эстрада ансамблиниг "Учқудуқ" қўшиғини куйлаб Навоийдаги кучайтирилган тартиб ўрнатилган қамоқхонасида,билагингизга думалоқ кўзмунчоқ осиб юрасиз",дея ҳазил-мутойиба қилар эди."Ахир бир куни ўша қамоқхонага тушсам сен билан ўша жойда кўришамиз",деб мен айтардим.Мен ноҳақ ҳибсдалигимдан куюнганимдан шундай дердимкуя,лекин ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай Ҳамидуллаев ички ишлар соҳасидан қувилиб,номаълум томонларга кетди.

    Ўша кунлари гўё тергов учун чақирган Ҳамидуллаев хонасининг деразаси қатнов йўлидагиларга кўриниб тургани учун ҳам олиб чиқиб,киноямуз кулиб турган Сўфижоновга кўрсатар эди.4800 рақамли "ВАЗ-2101" маркали "Жигули" машинасида ўша пайт вилоят прокуратурасида ишлайдиган ўғли билан ўзбекларда айтилишича "пес",териси оқариб кетган Сўфижонов дераза рўпарасига келиб, "қалайсан",дегандай ишшайишиб ота-бола туришарди ва томоша вақти тугагани боисми мени терговчи хонасидан олиб чиқиб яна КПЗга қамаб қўйишарди.

    Лекин мен бундай томошалар уюштирилаётганини сезиб қолганим учун ҳам бу ўйинни ўтказаётган ва томошабинларни- терговчи-ю,Сўфижоновни чиройли сўзлар билан сийлар эдим.
    Шундай қилиб тергов тугаб "иш"им судга ошириладиган бўлди.Лекин бунинг учун мени ҳибсга олиш ҳақида прокурор санкцияси керак эди.

    47.Прокурор фатвоси

    Гўё бир ой олиб борилган терговда ҳеч бир айб исботланмаган бўлсада,анча-мунча қоғозлар қораланиб, шишириб қўйилган менга тегишли "жиноий иш" папкасини кўтариб, қўлимга кишан уриб туман прокурорига олиб чиқишди.

    Аввал айтганимдай туман прокурори самарқандлик Салом Облоқулов милиция айбловномаси билан танишар экан,"бу нима масхарабозлик,ҳеч бир айби йўқ одамни қамашга фатво беришимни сўраб олиб келибсизлар,мен санкция беролмайман бундайин хом ишга",деди.

    Шундай гап-сўз бўлишини олдиндан билишган эканми,чорасини ўйлаб қўйишган экан милициядагилар.

    Ўша қўлимга кишан урилган ҳолатда қўшни Чортоқ тумани прокурорига олиб боришди.

    Чортоқ прокурори идорасида йўқ экан.Ўша пайт Чортоқдаги янги ташкил этилган ва район ижроия қўмитаси раислигидан ҳайдалган,Собиржон Тўйчибоевнинг яқин ҳамтовоғи Ҳакимжон Умрзоқов директор бўлган Ҳамид Олимжон номли совхозга туман масъули бўлиб ,ўша ёқда экан.
    Мени олиб борган милициянинг одатий сариқ рангдаги УАЗ автомобили ва Янгиқўрғон туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари кузатувида Ҳ.Олимжон совхози идорасига йўл олдик.

    Менга очилган жиноий иш папкасини тақдим этишар экан,Чортоқ тумани прокурори совхоз директори курсисида ялпайиб ўтириб,ўта совуққонлик билан "мен бунга қўл қўймайман",деди.Яъни мени қамоққа олиш тўғрисидаги қарорга имзо чекмаслигини айтди.Шу пайт Янгиқўрғон туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдухалил исмли(ҳозир оламдан ўтиб кетган)милиция майори кузатувчи милиционерларга мени ташқари қабулхонага олиб чиқиб туришларини сўраб,ўзи прокурор билан қолди.
    Орадан бир минут ё икки минут ўтди яна қайта прокурор ўтирган хонага чақиришди.
    Шунда Наримон исмли Чортоқ прокурори:"сен безори экансанку",дея бир варақ қоғозга нималарнидир ёзиб имзо чекди.
    Бу тергов тугаб айбимни прокурор тасдиқлаб,қамоққа олинишим тўғрисидаги санкцияга имзо чеккани экан.

    Тушунарсиз бўлган нарса шундаки,нега аввалига санкцияга имзо чекишга кўнмаган прокурор,кейин мени ташқарига олиб чиқиб туришгач, милиция бошлиғи ўринбосари яккама-якка қолиб гаплашгач осонгина қамоққа олиш тўғрисидаги санкцияга имзо чекди.

    Улар ўшанда нимага келишишганди ҳануз менга қоронғу.

    Ризо Обид.
    (Давоми бор).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz