Дилмурод САЙЙИД
 КЕЧИРИЛМАС ГУНОҲ
«У дунёнинг ишлари» туркумидан
«Қизим, сенга айтаман…» Халқона ибрат
«— Етар шунча кун аразлаб юрганинг, юр энди уйга
кетамиз, Бону! — деди эр жуфти ҳалолининг юзидан сийпаб.Аёл эри
палтосининг ёқасидан маҳкам ушлаб, бошини унинг кўксига қўйганча йиғлаб
юборди.
— Бўлди, бунча йиғладинг. Қани кетдик, — деди эр аёлини қучиб.
— Боролмайман хўжайин, иложи йўқ!
Эр ҳайратланди:
— Нега?
— Дадам… дадам жойнамознинг устида туриб: «Агар шу эр билан яшасанг, сендек қизим йўқ, оқ қиламан!» деганлар…
— Ҳей ўша дадангниям, ўзингниям оналарингни… — сўкинди эр, —
отанг жойнамозда туриб одам ўлдиришдан ҳам оғир гуноҳни бўйнига олиб
қўйибди-ку!.. Охирги марта сўраяпман, Бону, кетасанми мен билан?
Аёл ортига тисарилди.
— Минг лаънат сендек хотинга!..»
***
АШИР ОТА қабрга қўйилиб, тупроқ тортилгач, тиловат қилинди.
Қабристондаги маросим ниҳоясига етиб, тобутбардорлар тарқала
бошладилар. Шу чоғ қоронғу қабр ёришгандек бўлди. Ашир ота кўзини очди.
Унинг тепасида кимдир — кўриниши одамсифат, аммо нуроний юзларида жаҳл
асорати сезилиб турган ўрта яшар, қора ридо ёпинган кимса турарди.
— Эй ғофил банда, — деди нотаниш кимса гулдурос овозда, — мен сен
билан савол-жавобга келдим. Аммо аввалданоқ айтиб қўяй, сенинг дўзахга
ҳукм этилишинг муқаррар.
Ашир отага муздек танаси титраётгандек, вужудини ўраб олган кафани торлик қилаётгандек туюлди.
- Хўш, нега жимсан? — сўради сўроқ қилувчи кимса, балки ўзингни оқлашга далил изларсан?
Маййитга айланган чол ўзини тутиб олди:
— Янглишмасам, сен…
— Ҳа, ўша… — чўрт кесди сўроқ қилувчи.
— Ахир, мен фоний дунёда обрўли мўъмин, намозхон эдим, — деди маййит
дадилланиб, — Аллоҳ ҳар мўъминга фарз қилган намозу закотни, садақа,
рўзаю имонни тўлиқ адо этганман. Ҳатто икки бора Ҳаж қилдим.
Сўроқ қилувчи қаттиқ кулиб юборди:
— Ҳаж қилган эмиш! Икки бора ҳаж сафарига қандай маблағу қайси
мақсад билан борганлигинг бизга маълум… Гуноҳингни камайтириш учун
бўлак важ изла!
Ашир ота беихтиёр ўзи ўйлаганчалик пок, комил мўъмин эмаслигини тан олгандек бўлди.
— Маҳалладаги масжид қурилишига бошчилик қилганман, — деди журъатсиз овозда, — яна ифторликлар…
Сўроқ қилувчи бу гал кулмади. ғазабнок оҳангда жавоб қилди:
— Бир неча ночор оилани киндик қони томган ердан кўчиртириб,
қурилган масжидни айтаяпсан чоғи. Ёки бева-бечоралар, камбағалу юпунлар
қолиб, ўзига тўқ рўзасизлар учун берган ифторликларингни, ифторлик
ўтгач, Аллоҳнинг яратган неъматларини тоғора-тоғора қилиб жарликка
ташлатганларингни эслаяпсанми? Унутма, сен яшаган дунё — фоний, аммо
сарҳисоблидир!
Ашир ота мутлақо ҳолсизланиб қолгандек сезди ўзини.
— Ё, алҳазар, — деди паст, бўғиқ овозда, — билиб ё билмай қилган
гуноҳларим наҳотки кечирилмаса? Ахир, Аллоҳни ар-Раҳмон ар-Раҳим
дейдилар-ку!
Сўроқ қилувчи Ашир отанинг изтироб чекаётганлигини тушунди. Мулойим оҳангда сўз бошлади:
— Эй бандаи ғофил, ҳақиқатдан ҳам ҳақ Таоло меҳрибон, кечиримли.
Ҳатто жаҳолатга юз тутиб, Каъбани вайрон қилган, Қуръонни ўтга ташлаган
кишининг гуноҳидан ўтиши мумкин, агар ўша жоҳил чин дилдан узр сўраса.
Карами кенг Аллоҳ ҳатто маъжусий — оташпарастни жаннатга киритиб, эъзоз
кўрсатган. Негаки, ўша маъжусий ўз хизматкорини муборак Рамазон кунлари
кундуз вақти кўчада овқат еб турганлиги учун жазолаганди. Гарчи
маъжусий бўлатуриб, мусулмон фарзини ҳурматлагани учун ҳам у жаннатий
бўлди. Сенинг ҳам билиб-билмай қилган гуноҳларингни кечиришга Аллоҳ
қодир, лекин бир гуноҳинг борки, айнан ўша учун дўзахга буюрилишинг
тайин! Қара, Тангри нақадар улуғ — бир амал учун маъжусийни жаннатга,
бир гуноҳ учун сени дўзахга киритмоқда.
Ашир ота хаёлга чўмди: «Қайси гуноҳи учун Худо уни дўзахга
буюрмоқда?» Шу савол уни қийнар, аммо ҳаргиз жавоб топа олмасди,
Вазиятни идрок этиб турган сўроқ қилувчи унга ёрдамлашди:
—Кўп хаёл сураверма, қиёмат қадар ўйласанг ҳам топа олмайсан.
Маййит ҳайратланди:
— У қандай гуноҳ эканки, ўзимга тегишлию, лекин тополмасам?
Сўроқ қилувчи кескин овозда деди:
— СЕН — ОИЛАБУЗАРСАН!
Ашир ота қотиб қолди. Кейин бирдан ҳайқириб юборди:
- Ёлғон! Туҳмат! Мен ҳеч маҳал, ҳеч кимнинг оиласини пароканда қилган эмасман! Аниқ биламан!
Сўроқ қилувчининг кўзларидан учқун сачради:
—Ёлғон? Туҳмат? Билиб қўй, бу сўзлар сен яшаган дунёга хос. Аммо, дорулбақода ягона сўз — ҲАҚИҚАТ ҳукмрон!
Маййит бўғриқди:
— Исбот қил!
Сўроқ қилувчи босиқлик билан далилга ўтди:
— Сен — Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам умматиман, дея даъво
қиласан. Расулуллоҳ эса: «Хотин учун энг ҳақлиги — эридир, эр киши учун
энг ҳақлиги — онасидир!» , деб марҳамат қилганлар. Тўғрими?
Ашир ота боши билан «Ҳа» ишорасини билдирди.
- Жуда яхши, инкор этмайсан. Хўш, шуни била туриб, нега қизингнинг
турмушига ўринсиз аралашдинг? Охир-оқибат гоҳи чин, гоҳи ёлғон билан
куёвингни ёмонотлиғ кўрсатиб, турли маҳкамаларга қатнаб, улар турмушини
буздинг! Сен қанчалар диндор бўлмагин, аммо билиб қўй, қизингнинг
турмуши бузилиб, набираларинг тирик етим бўлган ўша кун — сенинг ҳам
икки дунёингга ўт кетганди! Бунга нима дейсан?
— Ахир, ахир куёвим ёмон эди, қизимни хўрлар экан, қизим доимо нолиб
келар эди, — деди Ашир ота титраб, — мен фарзандимга ачиндим. Ахир мен
— отасиман!
— Шундоқми? «Хотин учун ибодатларнинг энг афзали — эрига хизмат
қилишдир!» дейилган ҳадисни қизинг-ку унутган экан, оталик қилиб сен
буни эслатмадинг. Тўғри, сен — ота! Ўз фарзандингга ачинибсан. Хўш,
куёвинг ота эмасмиди? Унинг фарзандларини тирик етим қилиш эвазига сен
ўз фарзандингга бўлган меҳрингни исботлабсан-да, шундайми? Куёвинг ёмон
бўлса, вақти етиб ўз ёмонлигига мувофиқ жазосини топар эди…
Маййит Ашир ота баҳслашмоқ буткул бефойда эканини тўлиқ тушунди.
- Наҳотки.. наҳотки… бу ёғи энди абадий азоб, дўзах бўлса? - деди пичирлаб.
Сўроқ қилувчи унинг елкасига қўлларини қўйди:
- Куюнма эй ғофил, балки кўрадиган азобинг вақтинча бўлар…
Маййит энди каловланиб қолди:
- Ахир, ўзинг ҳозиргина менинг дўзахи эканлигимни айтдинг. Тағин
азоблар вақтинча бўлиши мумкинлигини гапираяпсан. Ё менга ачиниб,
тасалли бермоқчимисан?
Сўроқ қилувчи жилмайгандек бўлди:
— Тасалли бериш менинг вазифамга кирмайди. Шунингдек, бирор нарсага
маййитни ишонтириш ҳам. Тўғри, сенинг азобларинг чексиз бўлиши ҳам,
вақтинчалик бўлиши ҳам мумкин. Фақат бу сенга боғлиқ эмас. Боя
гаплашдик, Аллоҳ кечиримли, меҳрибон! Ажабмаски, қизингнинг шуури
эзгуликни истаб, оиласини тиклашга эришса. Фарзандларини ота бағрига
йўлласа. Фақат шундай ҳолдагина сенинг ҳам гуноҳинг ечилишига имкон
туғилиши мумкин. Унгача… гинанг ўзинг билан бўлаверади, эй ғофил
банда!..
Қабр ичи қоронғулаша бошлади. Ашир ота қандайдир умид билан қиблага юз тутганча кўзларини қайтадан юмди…
ДИЛМУРОД САЙЙИД.
Тошкент шаҳри.
|