Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.28.12
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 27
    Гостей: 27
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Сентябрь » 23 » Чизгилар
    14.34.18
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    56.Ҳақсизлар

    Олмалиқдаги мажбурий хизмат даврида бу шаҳар ва унинг одамлари билан яхши танишиб олдим.

     Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мисни бойитиш заводининг(аслида бу ерда олтин ишлаб чиқариларди-ю,номи мисни бойитиш эди нимагадир) навбатдаги босқичи қурилишида меҳнат қилдик.Бизнинг пардозлаш бригадаси қурилишдаги энг сўнгги юмушларни бажарар эди.

    Бу улкан завод қурилиш иншоотига қараб туриб ўшанда қуйидагича ўйлар кечганди кўнгилдан.

    Завод Олмалиқнинг Олтинкон,Қалмоққир табиий тоғ конлари этагида жойлашган бўлиб аста секин тоғ-кон бойликларини ютишга одимлаб бораётган аждарҳога ўхшарди.Ўша пайтлари Ўзбекистонда оғир саноат вазирлиги йўқ эди.Бу дегани конга тўғридан-тўғри Россия хўжайинлик қилар эди.

    Бир гал пайвандчилар бригадасида ишлайдиган ишчи йигит электрод қидириб жуда катта минг киловатт электр токи билан заводни таъминловчи станцияга кичик бир туйнук орқали киришга киради-ю, сўнг қайтиб чиқолмай қолади.У устига ҳимоя учун тахта ётқизилган сариқ,қизил ва яшил рангдаги уч фазали юқори электр токи юрувчи темир узатгичлар устидан юриб бораётиб, тахта сурилиб кетиб, темир узатгичларга кўндалангига йиқилади.

    Тасаввур қилинг 220 волтли ток одамни ўлдириши мумкин,бу узатгичларда эса минглаб киловат ток.Албатта ундан бир сиқимгина қурум қолади холос.Ток эса ўз ўзанида оқишда давом этаверади.

    Ўшанда йигитнинг яқинлари токни ўчириб ҳеч бўлмаса унинг қурумга айланган бир ҳовуч бўлса ҳам ҳокини олишни сўрайдилар.Лекин завод раҳбарлари бир минут ток узилиб заводдаги ишнинг тўхташи миллионлаб зиён келтириши ва Москванинг изнисиз ишни бирор дақиқа ҳам тўтата олмасликларини айтишади.Кўп тортишувлардан сўнг Москва заводни беш минут токдан узишга рухсат бериб, йигитнинг қурум-жасадини куракда темир ток узатгичлардан қирғишлаб  тозалаб олишади.

    Бу каби кўнгилсиз воқеалар тез-тез содир бўлиб турар эди.Шундай кезларда қандайдир комиссиялар тузилиб, фожеа сабаблари ўрганилгандай бўларди-ю,лекин ҳеч ким жавобгарликка тортилмасди.Сабаби бу муҳим объектнинг энг хавфли нуқталарида шартли равишда озодликка чиққан ҳақ-ҳуқуқсиз кишилар ишлашар эди.

    57.Қайтиш

    Менинг шартли озодликдаги муҳлатим ниҳояланиб борар,энди яна тўлақонли озод ҳаётга қайтиб нима қиларкинман,деган савол туғиларди.

    Очиғи мен озодлик пайтларимда,ҳали қамоқ нималигини билмаган кезларим бирор кишини кўрсатиб "анави киши қамалиб чиққан",дейишса менинг тасаввуримда ашаддий жиноятчи гавдаланарди.Шуларни ўйлар эканман мен ҳақимда ҳам шундай фикрга боришлари турган гап дея,кўнглимдан ўтказар эдим.

    Ҳеч қандай айбим йўқ дея ҳаммага тушунтириб бўлмайдику.Менинг қамоқхонада бўлганимнинг ўзи қайта маориф ёҳуд ижодий жамоаларда ишлашга маънавий ҳаққим йўқ,деган бир тўсиқни ўзимга-ўзим қўярдим.

    Лекин ҳаётда тасодифлар,яхши одамларнинг шундай кезларда қўл узатишлари фақат киноларда эмас ҳаётда ҳам бор воқелик экани яна бир бор тасдиғини топди.

    Олмалиқдаги шаҳар босмахонасига қурилиш идораси учун турли ҳужжатлар,бухгалтерия ҳисоб-китоблари нусхаларини тайёрлатишга бордим.Буюртмани олиб босмахонадан чиқаётганимда бир четда,сочларига оқ оралаган,қорачадан келган,35 ёшлар чамаси бир киши сигарета чекиб турган эди.Кириб кетаётганимда ҳам унга назарим тушганди.Кўнглимдан зиёли киши экан,деган ўй ўтганди.

    У кишига салом бердимда буюртмаларни машинага юклай бошлаган чоғим у  яқинимга келдида,"водийданмисиз",деб сўраб қолди.Мен :"ҳа, қаёқдан билдингиз",дея унга юзландим.У машинангиз номеридаги ҳарфлардан,деди.

    Ўша пайтлар Тошкент шаҳар машиналари ТН,Тошкент вилояти ТШ ёҳуд Андижон АН,Нманган НА каби ҳарфлари билан ажралиб турар эди.Мен ҳам у киши шунга қараб билган бўлса керак,деб ўйлагандим.

    Шу пайт у киши "мен ҳам ўша ёқданман,аниқроғи Учқўрғонданман",дея қўл узатиб ўзини Исматилла,дея таништирди ва  анча суҳбатлашиб қолдик.Мен қаерда ишлаганим ва кейин қамалиб қолганим,ҳозир бир неча кундан кейин озод бўлишимни айтдим.Энди анча яқиндай бўлиб қолган Исматилла ака: "агар истасангиз бизнинг газетага ишлашга келинг",дея таклиф қилиб қолди.

    -Сиз қайси газетада ишлайсиз?-сўрадим.
    -Оҳангарон туман газетаси бош муҳарририман-дея жавоб берди у.

    Менинг кўнглимдан ўзимга тўсиқ қўйиб юрганим маънавий ҳаққим борми,деган савол кечди-ю у кишига индамадим.

    Бош муҳаррир билан албатта яна кўришишга келишиб хайрлашдик.

    Ризо Обид.
    (Давоми бор).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz