Ризобек Вторник, 2025-07-29, 04.40.32
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Сентябрь » 24 » АДАБИЁТ
    18.20.43
    АДАБИЁТ
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД:ИШОРАТЛАР

    КЎНГИЛ СУВРАТИ

    Ҳеч қачон кимдир ҳақида кимдандир эшитган гапларим асосида хулосага келган эмасман. Доим ўзим топган чизгилар, ўша одамнинг ҳаракатлари, фаолияти, сўзлари, мактубларидан келиб чиқиб, хулоса қиламан.

    Шунинг учун ҳам баъзилар ёмон деб турган одам ҳақида ҳам дарҳол фикрим ўзгармайди. Ёки кимдир ҳақидаги фикрим асосларга таянган ҳолда салбий бўлса, оломон ҳар қанча яхши демасин бирданига ўзгариб қолавермайди, уни кечиришим мумкин, аммо бу унинг кимлиги ҳақидаги фикрим ўзгарди дегани эмас. Бу балки яхши, балки ёмон фитрат, аммо бу менинг фитратим.

    Ана шундай у ҳақда ўз фикрим шаклланган кишилардан бири Самад Муроддир. Уни 1990 йиллар бошида Эрк демократик партиясида бирга ишлаганимизда таниганман. Юраги соф йигит. Гапнинг дангалини айтади, қўяди. Шунинг учун ҳам баъзиларга ёқмайди.

    Уни уриб-уриб беҳуш ҳолида ахлат уюмлари ичига ташлаб кетганларида “бу ишни ҳукуматдагилар қилди” деганимда, баъзилар “йўқ” деб туриб олишган. Бу “йўқ”ни шу қадар ишонч билан айтишган-ки, худди “Сен билмайсан буни мен уюштирганман” деган каби эди бу “йўқ”.

    “Америка овози”да ишлаганимда Самад Муроднинг янги тарафини кашф этдим. У ўзининг бир достонини юборди. Ўқиб “ваҳ” дедим. Унинг кўнглида буюк шоир яширин экан. Дарҳол мусиқага буркаб, ўзим ўқидим радиодан.

    Сизга унинг кўнгил сувратидан ишорат бергувчи бир мактубини ҳавола қилмоқчиман.

    “Ассалому алайкум Жаҳонгир ака!
    Бу асар мен уй қамоғида ётган ситамзада кунларимда ёзилган.
    Агар ўшанда ижодни касб қилмаганимда, билмадим, мудҳиш олти йилда ақлдан озармидим?!
    Ҳозир ҳам изтироблардан дил хунга тўлган чоғларда шу сатрларни ўқиб таскин топаман, яшагим келади.
    Шу юпанчимни сиз билан баҳам кўргим келди, Жаҳонгир ака. Балки яна кимгадир юпанч бўлар…
    Мен шоирлигидан ор қиладиган ягона шоир бўлсам керак?!
    Биласизми, шу пайтгача уч марта ёзган барча нарсаларимга ўт қўйганман.
    Аянчли сатрлардан қаттиқ ор қилганман.
    Бу менинг ижодий фаолиятимнинг уч даври ёки уч босқичини англатса керак?!
    Тўртинчи бор шу ҳолга тушганимда ёқишга журъат этолмадим. Бу мен 19 га тўлган, Данте Алигьерини ўқиганимдан кейин содир бўлганди.
    Ўшанда бир даста дафтарларни тоғдаги бир ғорга яширганман. Балки тургандир?!
    Салом билан САМАД”.

    Бу мактуб менга ўзбек кўнглининг сувратини чизиб берди. Сизгачи?

    “КИШТ”

    Университетда бирга ўқиган дўстлардан икки нафари Назарабекда қурилиш ётоқхонасида туришарди. Мен у ерга улар билан шатранж (шаҳмат) ўйнаш учун бориб турардим. Бир куни унча-бунча одамга енгилмайдиган ошнамни мот қилдим. У бирдан шаҳмат доналарини сочиб юборди ва тахтани тиззасига бир уриб синдириб ташлади. Шундан кейин орамизда бошланган совуқлик ҳеч йўқолмади. Шу нуқта дўстликнинг битиш нуқтасига айланиб қолганидан афсусландим. Орани тузатишга кўп уриндим, аммо салом-алигимиз илгариги самимият нуқтасига қайтмади.

    Шаҳмат қоидаси - бир томон мот қилдими, икинчи томон мағлубиятни тан олиб, ғолибни қутлайди ва навбатдаги ўйинга бошланади. Ҳаётда ҳам шундай. Бир нарсада ютқаздингизми, мардларча тан олиб, хатони таҳлил қилиб, ўйинга қайта кириш керак.

    Бизда эса ҳаётнинг мана шу қонуни бузилган кўринади.

    Чунки бизнинг ҳаётда ҳамма нарса мотдан кейин бошланади. Мот бўлган томон шаҳмат тошларини улоқтиради, тахтасини синдиради, рақибини ғирромликда айблайди ва ҳоказо.

    Балки қаердадир хато қилган бўлсам керак?

    Аспни бекордан-бекорга қурбон қилдимми?

    Сипоҳни яхши ўнатмадим, шекилли?

    Фил туриб қолди, уни ҳаракатга келтирмадим, балки шу мағлубиятга бошлагандур?

    Руҳ-чи, руҳ, у вазифасини бажардими?

    Вазирни алмаштириб юборганда энг катта хатони қилдимми ёки?

    Балки пиёдаларни асрамасдан майдонни очиб юбордимми?

    Ёхуд бутун хаёлим “кишт” дейишда бўлиб қолдими?

    Мағлуб бундай саволларни ўзига бериши учун аввало мағлублигини тан олмоғи керак. Лекин…

    Ривоят׃ Искандарга қарши Ҳиротда жанг қилаётган икки паҳлавон-Меҳмон ва Мезбон учрашиб, кучларни бирлаштириш режасини тузишибди. Кейин Меҳмон׃
    -Кеча менга Ҳинддан янги шатранж олиб келишди, тошлари фил суягидан қилинган, бир ўйнайлик,-дебди.

    -Душманимиз жуда кучли,-дея Меҳмон Отни олдинга сурибди.

    -Биргалашиб тор-мор қиламиз, у босқинчини,-деган Мезбон Филни ишга солибди.

    Анчадан кейин Меҳмон׃
    -Душманга мана бундай қилиб “Кишт” деймиз,-дебди-да Мезбонга мот қўйибди.

    Мезбон Меҳмонни кузатиб қўйиб, мот бўлганидан қийналиб, ухламай чиқибди. У Меҳмон ғирром экан, бунинг устига менга душман дея киноя қилди, деб ўйлаб чиқибди. Асабларини идора эта олмай, интиқом руҳига таслим бўлибди ва белгиланган пайтда жангга қўшилмабди.

    Якка жангга кирган Мезбон сипоҳларини йўқотиб, мағлуб бўлибди. Бир неча кундан кейин Меҳмоннинг уйига келибди.

    -Нега келмадинг?-дея сўрабди ундан.

    -Душманга мана шундай қилиб “Кишт” деймиз,-деган жавоб олибди.

    -Биз “Кишт”га “Кишт” деб жавоб қиламиз,-деган Меҳмон ёпиниб турган сипоҳга ишора қилибди. Сипоҳ ниқобини олиб ташласа, Искандар экан.

    -Ҳар иккалангизни ҳам аслида мен мот қилдим,-дебди Искандар уларнинг кўксига қилич санчар экан.- Ўша шатранжни мен юборгандим…


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz