Райкомнинг биринчи котиби Жаъфаров ҳузуридан чиқиб тўппа-тўғри редакцияга йўл олдим.
Яна Жума Мусаев пешвоз чиқди.Унинг юзи ўта қийшайган ҳолда бўлса
демак у кулимсираётган бўларди.У мени худди неча йил кўришмаган
қадрдонидай қучоқ очиб кутиб олди.
-Жўрабоева қачон келаркан?-сўрадим ундан.
-У узоқ хўжаликлардан бирига чиқиб кетибди,кечгача бориб
қоламан,деб айтди.Лекин менга Абдураҳимхон ака ҳам телефон қилиб ҳамма
ҳолатни тушунтирдилар-деди у.
Мени шу куни икки ходим ўтирадиган хонадан бош муҳаррир йўқлиги
учун бўш турадиган хонага кўчиришди ва Жўрабоевани кута бошладик.Лекин
у келмади.
Аммо шуни айтиш керакки ҳар-бир хат-хабарнинг эълон қилинишини
назорат қиладиган Жўрабоева умуман газета ишларига аралашмай қўйди. Мен эса аввалдан гиламлар тўшалиб,ҳамма шароитлар муҳайё этиб қўйилган бош муҳаррир хонасида ишимни давом эттирдим.
Жаъфаров эса туманга оид ёритилиши зарур бўлган долзарб мавзулар
ҳақида менга қўнғироқ қилиб айтар эди.Мен бир-икки бор у ўзини
таништириши билан ҳозир муҳаррир вазифасини бажарувчи Мусаевни чақириб
бераман,деганимда Жаъфаров:"йўқ мен сиз билан гаплашмоқчиман бу
борада,бундан кейин газетадаги ҳамма масалалар бўйича фақат сиз билан
гаплашсам,нима,дейсиз",деб қолди.
Шундай қилиб Жаъфаров Жўрабоева ҳамда Мусаевларга нима деган
билмадиму мен норасмий муҳаррирга айлангандим.Жамоанинг ҳамма бўладиган
йиғилишлари ўз-ўзидан менинг бошчилигимда бўлиб,мен берган топшириқлар
асосида иш юритила бошланди.
Мусаев муҳаррир ўринбосари ва бошланғич партия ташкилоти котиби
бўлгани учунми бир куни мени партия сафига кириш учун ариза ёзишимни
таклиф қилиб қолди.Мен эса:"йўқ,мен партияга аъзо бўлгим йўқ бундан
ташқари мен судланганман",дея унинг таклифини рад этдим.
Худди комсомол каби компартияни ҳам амалга миниш учунгина аъзо бўлинадиган ташкилот ҳисоблар эдим.
Айримлар фирқа аъзоси бўлиш учун таниш-билишларини ўртага
қўйиб,ҳатто пул беришларини эшитганим бор эди.Мен эса бундай ноҳалол
фирқага аъзо бўла олмасдим.Умуман менинг ишим оддий қаламкашлик,дея
ҳисоблаб бошқа ҳеч қандай ташкилот ёҳуд фирқаларга аъзоликни тан
олмасдим.Ҳозиргача ҳам шундай ҳисоблайман.
Мен бошқа ҳар қандай яхши ишлар бошлаган ташкилот,ҳаракат ё
фирқанинг адолатли фаолиятига хайриҳоҳ бўлишим мумкин лекин унга
тўлақонли аъзо бўлиб кирмаганман,кирмайман ҳам.
Жаъфаров фирқа аъзоси бўлмасам ҳам газетага бош муҳаррирлик
лавозимига таклиф қилиб қолди.Лекин бу таклифни ҳам рад этдим.Чунки мен
ўзим севган касбимни ҳозирда йўқотиб қўядигандай туюлди.
Мен ахир оддий қаламкашман,бошқача бўлиши мумкин эмас.
62.Янги муҳаррир
Ижодий жамоамизга расман янги муҳаррир керак эди.
Чунки у туманда ўтказиладиган турли тадбирларда иштирок этиши,туман
миқёсида қабул қилинаётган қарорлар,чора-тадбирлар асосида иш юритши
керак эди.
Шу боис ҳам "Меҳнат байроғи" газетасида анча йил аввал уч ой котибалик
қилиб, сўнг ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирган ва қайта
газетачиликда умуман ишламаган,лекин яқинда олий партия мактабини
тугатиб келган Сожида Мамажонова,деган аёл бош муҳаррир этиб тайинланди.
Худди ҳозирги Ўзбекистондаги диктатура шароитида юқоридан тайинлаш каби
ўша пайтда ҳам янги муҳаррир вилоят партия ташкилоти тавсиясига кўра
муҳаррирликка тайинланганди.
Ижодий жамоамиздагилар очиғини айтиш керак анчайин иқтидорли
ходимлардан иборат эди.Шу боис ҳам бу соҳани яхши билмайдиган Сожида
Мамажонова кўп ҳолларда жамоа ходимлари орасида кулгули ҳолатларга
тушиб қоларди.Кимдир:"ўзи тўрт қатор ёзишни билмайди-ю яна
ёзганларимизга у ё бу ,деб баҳо беради",дея бошқа бир ҳамкасбга нолибди.
Бу гап Сожидахонимнинг қулоғига етиб бориб,йиғилишларнинг бирида:"тўғри мен ёзишни билмайман,аммо ёздиришни биламан",деб қолди.
Ўша пайтда у умуман ҳақ эди.Чунки компартия режими учун ҳозирги
диктаторлик режими каби ишнинг кўзини биладиган,ўз фикри бор раҳбарлар
эмас балки аксинча ҳеч нарсани билмайдиган,қай томонга етакласа ўша
ёққа кетаверадиган номигагина раҳбарлар керак эдида.Шу боис ҳам менинг
назаримда ўзбек жамияти ҳанузгача илгари силжиш ўрнига таназзулга юз
тутди.
Бечора Мусаевни эсласам ҳозиргача ачиниш ҳисси туяман.У ўз орзусига
ета олмади.Ўринбосар эди,ўринбосар бўлиб қолди ва Сожида Мамажонованинг
партия билан боғлиқ бемаза топшириқларини бажариб юрди.
Аввалги муҳаррир
Абдураҳмон Насриддинов бу пайт корректорликдан масъул котибликка
ўтди.
Мусаев даврида гоҳ у,гоҳ бу ходим хонасига кириб сақич чайнаган
кўйи гап йиғиб ташийдиган Дилбар Асқарова қишлоқ хўжалик бўлимига ходим
қилиб ўтказилгач даладан бери келмайдиган бўлди,гап ташишга вақти ҳам
қолмаганди.