ҚУЛЛАР
Кеча телефонда Тошкентдаги танишим билан анча гаплашиб қолдик.
-Рамазон қандай ўтмоқда?
-Тангри қулларини кам қилмайди. Ҳар кун ифторхўрлик!
-Қимматчилик қаҳатчиликка айланиб қолмаятими, ишқилиб?
-Олдингиларидан ўтса ўтмоқдаки, қолишадиган жойи йўқ. Сомсалар ўша ўша…шўрвалар ўша ўша… ёнига кабоб ҳам қўшилмоқда, ҳатто.
-Одамлар нега нолиб юришибди, бўлмаса?
-Фақат Рамазонда эмас, олдин ҳам тўйларда тўкинчилик, зиёфатларда
тўкинчилик, мен сендан қоламанми дегандек мусобақа давом этмоқда.
Аёлларни айтмайсизми, ҳар куни бир бошқасини кийишади. Эркаклар эса
шариатдан ҳам ўтиб кетишди. Росманасига 4-5 тадан хотинлари бор.
-Маош икки кило гўштга етмай турганда сиз лоф қилаясиз, шекилли?
-Ўлибманми, лоф қилиб. Рамазон кунларида ёлғон гапираманми?
-Балки жамиятнинг фақат бир қисми шундай яшаса керак?
-Кимнинг қули бўлса, ўша ана шундай яшамоқда.
-Қанақа қул?
-Бугун ўқидим 4,5 миллион одам ташқарида экан. Ўзингиз улар ҳақида
“Қуллар романи”ни бошлабсиз-ку! Ана ўша қуллар ишлаб-ишлаб бу ёққа
юборишади. Бу ёқдагилар ҳаллола ҳуштут, мазза қилиб яшашади. Қўшнимнинг
икки ўғли четда. Бири Россияда, иккинчиси Португалияда, учинчиси
менежер. Ҳеч қаерда ишламайди. Акаларидан пул келишини назорат қилади.
Агар биттасидан келмай қолса, ўша кун Интернет кафега кириб хат ёзади.
“Ойим касал бўлиб қолдилар. Қон босимлари чиқиб кетди. Юраклари
ўйноқлаб турибди. Дўхтир фалон пул. Дори дармон писмадон пул. Нима
қилайлик?” Қарабсизки узилиш тикланади.
-Аммо бу ёқларда ҳам пул топиш қийин. Меҳнат жуда оғир. Бечораларнинг дам олишга вақтлари йўқ.
-Биламан. Ўзим ҳам бориб келдим. Аввалига ўша ёқда яшаётган
қизимдан, кейин куёвдан хафа бўлгандим, мени ҳар куни томошаларга олиб
боришмади деб, бир муддат ўтгач, уларга қанчалик қийинлигини
тушунганман. Шунинг учун ҳам бу гапларни раҳмим келиб айтмоқда. Ўша
томондаги қулларга раҳмим келади. Бу ёқдаги қулдорларнинг улар билан
ишлари йўқ. Уйланганми, ўқиганми, турмушга чиққанми, соғми, касалми..
фарқи йўқ. Ҳар ой юборадиганини юбориб туришса, бас! Ҳукумат ҳам бундан
семирмоқда.
-Демак, “Қуллар романи” долзарб!.
-Э, шунча меҳнат қилиб ёзганингиз билан ким ўқирди?
КИМ ЎҚИРДИ?
Агар Америкада метро пездларига минган ҳамма одам нимадир ўқийди
десам ҳайрон қолмайсиз. Бу ёзилавериб, айтилавериб, сийқаси чиққан гап.
Касалхонага ёки бирор қабулхонага борган одамлар, умуман ҳамма кутиб
ўтирганлар нимадир ўқиб ўтиришган бўлишади. Шунинг учун ҳам
қабулхоналарда атайлаб журнал ва газеталар қўйишади. Бу - сиёсат, бўш
вақтни ўлдириш дейишингиз мумкин.
Тушлик пайти ошхонага борсам, ўтирганларнинг ярми ҳам овқат еб, ҳам китоб ўқиётган бўлади. Бунга нима дейсиз?
Буниси ҳам майли, уйга яқинлашган жойда катта чорраҳа бор. Шу жойда
қизил чироқ ёнса, анча туриб қоламан. Атрофга қарасам, икки кишидан
бири нимадир ўқиётган бўлади. Кўзи тўрттами, чироқ кўк ёниши билан
машинани ҳайдаб ҳам кетаверади.
Ишга бориш ва қайтиш вақтимни ўзим белгилаганим учун иложи борича
қатнов оз пайтида бориб келаман. Қайси кун бир таниш билан телефонда
кўпроқ гаплашиб қолибмиз, қатнов кучайган пайтда йўлга чиқишимга тўғри
келди. Машиналар деярли тўхтаб қолган. Жуда секин силжияпмиз.
Кўзларимга ишона олмайман׃ чап томонимдаги ҳайдовчи ҳам, ўнг
тарафимдаги ҳам нимадир ўқимоқда.
Дам олишга бордик. Ҳамма ўзи билан компютерини олиб борган. Эрталаб
дасталаб газета сотиб олишади. Кейин дарахтлар тагида, ҳовуз бўйида,
уммон соҳилида ётиб ўқишади. Булар дам олишга келганми, ўқишгами?
Кутубхоналар, китоб дўконларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади, одамлар бу жойларга махсус китоб ўқиш учун борадилар.
Спорт залларида машина устида юраётган одам ҳам нимадир ўқиб турган
бўлади. Бу эса спортдан зерикиб қолмаслик учун деб айтишингиз мумкин.
Мен бу ерда илк бор саунага борганимда ҳайрон қолганман. Ичкарида
қизиб турган тахталар устида қизиб турган газеталар. Кимдир унутган,
ёниб кетмасин дея тўплаб ташқаридаги ўтиргичга қўйсам, бошқа бир одам
ҳаммасини кўтариб ичкарига олиб кирди.
Саунада ҳар кунги газеталарни ўқиш билан одамлар иссиқ жойда кўпроқ ўтиришга муваффақ бўладилар деб асос кўрсатишингиз мумкин.
Кеча қарасам, иссиқ сув қайнаб турадиган ҳовузнинг ўртасида
“пиш-пиш”лаб турган одам журнал ўқимоқда. “Ёппирай!” дедим. У шу зайл
ўн минутлар чамаси ўқиб, кейин саунага бориб, “мутоала”сини давом
эттирди. Бу сизга бугунги Америка! Қулликдан озод бўлган Америка. Энди
ўзимизга қайтсак…
“Қуллар романи” битгач, бугунгилар ўқишмаса ачинмайман, чунки бугун
уни яшаб кўришмоқда. Аммо келажакда ҳам ўқишмаса унда, воҳ меҳнатим!.
Наҳотки унда ҳам қуллликни яшаб кўраётган бўлишади?