Ризобек Среда, 2025-06-25, 11.02.13
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Сентябрь » 27 » Чизгилар
    09.33.29
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    63.Ғалаён

    Янгиқўрғон туман "Меҳнат байроғи" газетига Сожида Мамажонова муҳаррир бўлиб тайинланганига бир ой ҳам бўлмаганди.

    1988 йилнинг август ойида кўпчилик кутилмаган,десада аслида кутилган воқеа содир бўлди.Воқеа бўлганда ҳам тарихий воқеа эди.

    Эрталаб соат ўнларда туман марказидан бир чақиримча олисликда жойлашган газетамиз идорасига одамларнинг бақириқ-чақириқлари эшитила бошланди.Газета идораси эшигининг нари-берисида давлат рақамисиз машиналар ва унда кўринишидан кинолардаги изқуварларни эслатувчи кишилар ўтирганча кузатувчилар пайдо бўлди.

    Марказдан ҳаллослаганча ҳисобчи бўлиб ишлайдиган опа эри билан келишиб райком биноси олдида тўс-тўполон бўлаётгани хабарини айтишди.

    Ўша пайтларда СССР деб аталувчи Михаил Горбачев бошчилигидаги мамлакатда қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатининг эпкинлари эса бошлаган давр эди.Ҳамманинг оғзидан "ошкоралик,демократия",сўзлари тушмай қолганди.

    Аллаким ҳам айтган эди:"ҳамма янги мода тоғдан бошланади,ҳамма ўзгаришлар ҳам тоғда бўй кўрсатади",деб.

    Ҳақиқатан ҳам баланд-баланд тоғлар каби тоғликларнинг мағрурлиги ҳам бундан далолат эди назаримда.

    Тошкентдагиларга қиёсласам бизнинг тоғли тумандагилар кийинишда ҳам ҳатто пойтахтдан олдинда юрар эди.

    Ҳамма гап шундаки, ўша 1988 йилнинг августида олти йил аввал иккига бўлинган туманларни қайта бирлаштириш тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилинганди.Бирлаштирилаётган туманлар орасида Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари ҳам бор эди.

    Туманларни бирлаштиришдан мақсад маъмурий бошқарувдаги ортиқча ўринларни қисқартириш кўзда тутилган.

    Эҳтимол бу яхши қарор эди.Чунки қанча-қанча маҳаллий бюджетдан маош олиб юрган давлат қарамоғидаги боқиманда ташкилотлар ёпилиб давлат хазинасидан тежаларди.Лекин бирлаштиришда раҳбарлардан иккитасидан бирини қолдиришда адолатсизлик одамларнинг тоқатини тоқ қилганди.

    Давлат мулкини ўзлаштиришда ном қозонган Чортоқ тумани биринчи котиби Ҳакимжон Умрзоқов яна қайта бирлаштиришда икки туманга раҳбар этиб тайинланиши нафақат Янгиқўрғон балки ўша бошқа туманлик бўлган Чортоқликларга ҳам маъқул бўлмаганди.

    Одамлар  Ўзбекистоннинг билмадим неча йиллик тарихидан сўнг совет даврида биринчи бор Янгиқўрғонда норози бўлиб кўчаларга чиқишган эди.

    Одамлар тинч йўл билан туман раҳбарлигига Ҳакимжон Умрзоқов эмас балки Абдураҳимхон Жаъфаров тайинланишини талаб қилишаётганди.Қайсидир раҳбарнинг буйруғи билан норозиларни милиция кучлари билан тарқатишга киришишган.Бу эса тинч намойишчиларнинг ҳиссиётлари жунбушга келишига сабаб бўлиб, милиция машиналари ағдарилиб,ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини қува кетишган.

    Саросимага тушган туман раҳбарияти бу ҳақда вилоят раҳбариятига маълум қилгач кўп ўтмай ўшанда республикада энг ёш обком котиби Бўри Алламуродов Янгиқўрғонга етиб келган ва ўн мингга яқин йиғилган одамлар олдига чиққан.

    Одамлар "Жаъфаров,Жаъфаров",дея бир овозда ёш туман котиби номини атай бошлашган.Ҳақиқатан ҳам Жаъфаров туман биринчи котиби бўлгач Янгиқўрғонда ҳар соҳада анча-мунча муваффақиятлар қўлга киритилган эди.Боиси Жаъфаров ташаббускор ёшларга суяниб иш юрита бошлаганди.Қўшни Чортоқ тумани эса кун сайин ҳар соҳада ортга кетаётганди.Шу боис ҳам Чортоқ туманидагилар Янгиқўрғон тумани раҳбарининг ижобий ишларига юқори баҳо бериб:"қани эди бизда ҳам шундай раҳбар бўлса",дея ҳавас қилишар эди.

    Кўпчилик олдига чиққан Алламуродов сўз олди ва:"Сизларнинг талабларингизни албатта инобатга оламиз,фақат бизга кенгашиб олишга вақт керак",деди.У вақт ўтиб одамлар тинади ва билганимизни қиламиз,дегандай ваъдаси ғоят ишончсиз янгради.Шу боис ҳам кўпчилик бир овоздан:"нимани маслаҳатини қиласан кундай равшан нарсага, Жаъфаров туманга бош бўлиши керак",дея талаб қилишарди.Шу пайт Жаъфаров ўртага чиқиб:"мен ўзим раҳбарлик қилгим йўқ,илтимос тарқалинглар",деди.Лекин унинг гапига ҳам ҳеч ким қулоқ осмади.

    Шундан сўнг вазият қалтислигини ҳис этган Алламуродов:"ҳўп,сизлар айтгандай бўлади,Жаъфаров туман биринчи котиби бўлиб қолади",дея сўз айтди.Одамлар эса Алламуродовга:"Сизга ишонмаймиз,агар гапларингиз рост бўлса,чин коммунистча сўз бўлса,анови Ленин ҳайкали ёнига туриб қасамёд қилсангиз ишонамиз,рост айтаётганингизга",дейишди.

    Алламуродов Ленин ҳайкали ёнига "ҳозир ўтаман",дедида райком биноси ҳовлиси томонга ўтиб кетди.

    Одамлар унинг Ленин ҳайкали ёнида анча кутиб қолишди.Лекин Алламуродов ҳайкал ёнига чиқмади.У райком ҳовлисига девори туташ бўлган болалар боғчасининг кичиккина эшиги орқали вилоят маркази Наманганга қараб машинага ўтириб кетиб юборган эди.

    Кўпчилик:"Бўри бўри эмас қуён экан",дея қичқирарди.

    Шу чоқ райком биносига кириш зинапоясида кўкрагини чангаллаганча Жаъфаров пайдо бўлди.Зумда "тез ёрдам" машинаси етиб келди ва уни касалхонага олиб кетишаётган пайт шундай деди:"мени ёқласангизлар уй-уйларингга тарқалинглар!"

    Жаъфаровнинг ҳолсизланиб айтган шу сўзларидан сўнг ҳамма тарқалди.

    64.Ғаламислар

    Янгиқўрғон ғалаёни Жаъфаровнинг юраги хуруж қилиб касалхонага тушиши билан якун топди.

    Қолгани эса юқоридагилар нимани ҳоҳлаган бўлишса ўшандай бўлди.Яъни Ҳакимжон Умрзоқов бирлаштирилган икки туманга биринчи котиб ва унга яқин бўлганлар атрофига йиғилди.

    Жаъфаров эса партиядан ўчирилди.Ўша куни ғалаён чоғи видеокамераларда суратга олишаётганди.Туман марказидаги ғалаёнда айғоқчи ташкилотлар суратига тушиб қолганларнинг барчаси судга чақирилиб, тартиботни бузиб мавжуд ҳукумат қонунларига буйсунмай ғаламислик қилган,дея жаримага тортилдилар.

    Жаъфаров ғалаённи атайлаб ташкил этган,дея айбланиб вазифасидан бўшатилди.

    Аслида ғаламислар Ҳакимжон Умрзоқов ва унинг шериклари,ҳалқнинг молини кўпроқ ўмариш илинжида бир туман камлик қилиб икки туман молига кўз олайтирган кишилар эди.

    Бу ҳақда мақола ёзилган пайтда эса "Меҳнат байроғи" газетаси ҳам бирлаштирилиш сабаб тугатилганди.

    Энди тумандаги ҳар икки кишининг бири бекорчига айланди.Албатта шахсий садоқатига қараб Чортоқ ва Янгиқўрғон туманида аввал ишлаганлар яна ўз иш ўринларида қолишди.Айримлар эса амал илинжида иккиюзламачилик қилиб,Жаъфаровга қарши гувоҳлик беришди.Лекин: "уни сотган мени ҳам сотади",дейилганидай бундайлар на у,на бу мақсадларига етолмай аросатда қолишди.

    Янгиқўрғон тумани орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна аввалгидай ажратилди.Лекин бу бирлаштириш ўйини билан ўшандаги ҳокимият тепасидаги коммунистлар ўзларига ноқулай бўлган кишиларни ишдан четлатишга эришишди.

    Айниқса туманга биринчи котиб бўлган Жаъфаров гарчанд кейинчалик ҳеч бир айби йўқлиги тасдиқланиб бошқа туманга ижроқўм раиси этиб тайинланган бўлсада ,орадан мана йигирма йилча вақт ўтган бўлсада одамлар:"Жаъфаровдай раҳбар қайта келмади ва келмаса ҳам керак",деб эслаб юришади.

    Лекин ўшанда бу каби "ўйин" кўрсатганлар ҳам узоққа боришмади.Уларнинг аксарияти ҳаётда турлича зарбаларга учраб ўз нафсларининг қурбонлари бўлишди.

    Ўша Янгиқўрғон ғалаёнидан сўнг кўп ўтмай Норин ва Учқўрғон туманларини бирлаштириш қарори ҳам одамларнинг ғалаёнига сабаб бўлиб Ҳаққулободликлар кўчага чиқишди.Аммо у ғалаён ҳам Янгиқўрғонники каби якун топди.

    Ризо Обид.

    (Давоми бор).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz