Икки туман бирлашувидаги ноҳақликлар ва шу аснода кўпчиликнинг иккиюзламаликларини гувоҳи бўлиб анчайин руҳий азобда қолдим.
Газеталар
ҳам битта жамоага бирлашиши борасидаги тайинланган йиғилишда кимлар
ишда қолади,кимлар бошқа иш қидириши керак масаласи кўрилиши керак эди.
Мен у йиғилишга бормадим.Чунки у жамоада Умрзоқовга ҳайриҳоҳлар ишлаши аниқ эди.Мен эса бундай жамоада ишлай олмасдим.
Уйда уч-тўрт кун содир бўлган воқеалар тафсилотларини мулоҳаза қилиб дам олдим.
Ўзим
билан ўзим бўлиб ҳеч ким билан гаплашгим ҳам келмасди.Шундай кунларнинг
бирида дадамлар:"узоқ-яқиндаги оғайниларингникига бориб бир саёҳат
қилиб келсанг енгил тортасан,янги машинанинг ҳам оёғи чигилини ёзиб
келардинг",деб қолдилар.
Дарвоқе дадам жамоа хўжалигига раҳбар бўлган кезларда агроном бўлиб
ишлаган Ботирали Ҳакимов ўша кезларда вилоят ижроия қўмитаси раиси
бўлиб ишлаётганди.Ўшанда ёшлар бригадалари тузилиб, пахта майдонлари
бошқа экинлар билан алмашлаб экиш давлат миқёсидаги тадбирга айланган
эди.Шу боис ҳам ижроқўм раиси Ҳакимов гарчанд дадам нафақада бўлсалар
ҳам ёшлар ишига бош-қош бўлиб тажрибангизни ўргатсангиз,дея илтимос
қилган ва дадам унинг раъйини қайтара олмай бу вазифани зиммаларига
олгандилар.
Маккажўхори экилган 300 гектар майдондан ўша пайтда рекорд ҳосил
олишган ва Ҳакимов дадамга хизматларингиз эвазига дея "Волга-ГАЗ-24"
автомашинаси мукофот қилиб берган эди.
Дадамлар ўзлари отдан бошқа уловни тан олмасдилар,шу боис ҳам янги
машина узоқ вақт туриб қолганди.Мен дадамларнинг "машинанинг оёғи
чигалини ёзиш",деганларидан келиб чиқиб саёҳатга рози бўлдим.
Туриб қолган машинанинг у ёқ бу ёғини кўздан кечириб, қалин чанг босиб
қолган ғубордан тозалар эканман,кўнглимдаги ғашликлар ҳам тарқагандай
бўлди,лекин қаёққа,қайси оғайнимнинг ёнига борсамикан,дея ўй кечарди
кўнгилдан.Қаёққа бўлса ҳам узоқ-узоқларга кетгим келарди.
Хаёлимга келган режамдан хурсанд бўлиб кетдим.Қашқадарёнинг Нишон
туманидан бирга ўқиган бир қадрдоним бўлар эди.У жуда кўп марта: "юр
бизникига,бир чўлни ҳам кўриб келасан",дея таклиф қилган эди-ю,ҳеч
мавриди бўлмаганди.
Хуллас уни кўриб, ҳам саёҳат қилиб келаман,деб йўлга чиқдим.
Наманган-Тошкентга энг қисқа йўл бўлган Қамчиқ довони орқали ўтиб ундан
нари Сирдарёдан Қаршига йўл солдим.Кенг чўл қўйнидаги узун йўлда
қаймоқранг "Волга" худди саман той каби гижинглаб бораётгандай ҳузур
бағишлай бошлади.
Қаршидан Нишонга ҳам анчагина йўл экан.Туман эски Нишон,янги Нишон
аталиб иккига бўлинган,маркази Янги Нишонда экан.Чўл тумани марказидаги
йўл ёқасидаги идоралар пештоқига ёзилган лавҳаларга кўз югуртириб
борар эканман "Меҳнат байроғи" газета редакцияси деган ёзув битилган
жойда беихтиёр тўхтадим.Буни қарангки Нишон туманининг ўша пайтдаги
газетаси ҳам "Меҳнат байроғи",дея аталар экан.У жамоада ҳеч кимни танимасам
ҳам кириб танишгим келди.
Фақат айрим райком котибларидагина энди-энди урф бўлаётган "Волга"
редакция биноси олдида тўхтаганини кўриб,бирор юқори раҳбар келиб
қолдими,дея ичкаридан икки-уч киши шошиб чиқиб, мен томон кела бошлашди.
Машинадан тушиб улар билан саломлашар эканман,мен узоқ водийдан
келганим,Нишонда қадрдоним борлигини,лекин мен ишлаган тумандаги газета
номи ҳам "Меҳнат байроғи" эди,шу боис унинг номига кўзим тушиб
тўхтадим,дегач улар:"қани юринг меҳмон , оғайнингизни ҳам
топармиз,бир пиёла чой ичиб кетинг,ҳамкасб эканмиз",дея ичкарига таклиф
қилишди.
Газета биноси ҳам деярли ўша бизникидай мўъжазгина экан.Мен чой ичиб
ўтириб улар билан танишгач қадрдонимнинг исми-шарифини айтдим.Улар
бараварига:"ҳа,у кишини таниймиз 21-мактабнинг директори",дейишди.
Э,тавба ҳар онда бир хиллик,Мен ўқиган қишлоқ мактаби ҳам 21-сонли эди,қадрдоним бош бўлган мактаб ҳам шундай экан.
Газета ходимларидан бири ўша қишлоқдан экан,мен билан ҳамроҳ бўлиб
кетди.Йўл-йўлакай у Ҳазратқулова,деган қаҳрамон аёлни эшитганмисиз,дея
сўради.Мен Шароф Рашидов вафот этганда,отажон,дея изтироб билан йиғлаб
сўз айтган Ҳазратқуловани эсладим.Ҳамроҳимга "ҳа",дер эканман,унинг
ҳикоясини тинглашда давом этдим.
Ўн-ўн беш минутча чамаси йўл юриб
қадрдонимникига ҳам етиб келдик.Унинг уйи шундоққина ўзи директор бўлган
мактаб билан ёнма-ён экан.Лекин янги қурилгани учунми,ё умуман чўл
туманларда ҳовлиларнинг девор билан ўралмаганини кўп
кузатдим ва қадрдоним ҳовлиси ҳам тўрт томони очиқ бўлгани учун қандай
чақирамиз,деб тургандик мактаб томондан бизни кўриб унинг ўзи шошиб
кела бошлади.Мен ҳам у томон одим ташладим.
Кўришмаганимизга анча йил бўлиб кетганди.У:"тушимми ё ўнгимми,бормисан
оғайни",дея қучоқ очиб кутиб олди.Ҳамроҳ бўлган йигитни "қани,юр-юр
ичкарига",дея бирга-бирга хонадонига бошлаб кирди.
Хуллас икки қадрдон уч кун анча кўнгил ёздик.
Ҳамроҳ бўлган мухбир йигит ҳам кечки пайт уч кунгача бирга улфатчилик қилиб,у билан ҳам яқин бўлиб қолдик.
У ҳам менинг савдоларимдан хабардор бўлди.Қадрдоним "бизнинг мактабда
ишлаб қўя қол,ўқитувчилар бу ерда анқонинг уруғи,мутахассислар
етишмайди",деса газетадаги йигит "муҳарриримизга сиз ҳақда гапириб
бергандим,тайёр қаламкаш экан,ёзганларини марказий газеталардан ўқиб
кўрдим,бизда ишлаб қўя қолсин,деганди" каби таклифни айтди.
Лекин мен бу жойда қолгим йўқ эди ўша пайт,шу боис ҳам уйга қайтдим.
66.Тасодиф
Ўзи иши юришган одамни қанча йўлини тўсилмасин юришаверади.Омадинг чопмаса ҳар қадамда қоқилаверасан.
Менинг эса ўша пайтлари омадим чопган экан, деб қўяман ўзимча.Қаршидан
уйга қайтар эканман,Наманганга етишимга оз қолганди.Узоқ йўл босиб
ёлғиз зерикиб бораётгандим.Чуст шаҳрига киравериш чорраҳада икки йигит
ва бир қиз олиб кетинг,дегандай қўл кўтариб қолишди.
Умуман қўл силкиган
йўловчилар кўп бўларди ўша пайтлар.Чунки жамоат транспорти қатнови
анча ёмон давр эди.
Менга кўп қўл кўтариб олиб кетинг,дея белги беришларининг бошқа томони
ҳам бор эди.Чунки ўша пайтларда таксилар ҳам асосан "Волга" русумидаги
машиналар эди.Ҳа,майли шуларни ҳамроҳ қилиб олиб кетай,дея қўл
кўтарганларга улардан анча нари ўтиб тўхтадим.
Улар ҳадеганда келиб ўтиришавермади.Ихтиёрлари,дея энди жилмоқчи
эдим,улар машина томон интилишди.Келиб ўтиришар экан:"узр ака биз
такси,деб ўйлабмиз,ўтиб тўхтаганингиздан сўнг номерни кўриб такси эмаслиги
учун иккиланиб қолдик",дейишди.
Улар билан танишиб у ёқ бу ёқдан гаплашиб кетдик.Уччовлари ҳам Тошкент
Политехника институтининг Наманган филиалида ўқишар экан.Эртага 1
сентябрь янги ўқув йили,иккинчи курсга борамиз,дейишди.
Ҳамроҳлардан бири: "магнитофонингиз ишлайдими ака",сўраб қолди.Ҳа,дедиму
Шерали Жўраев қўшиқлари ёзилган магнит тасмани қўйдим.Улар ўзаро қайси
домла қанақа,қайси фандан дарс берувчи домла пулга ўч ўзаро суҳбатга
тушиб кетишди.
Шу аснода Намангандаги Дўстлик шоҳкўчаси ёқасида жойлашган институтга
ҳам етиб келдик.Улар тушишаётган пайт зиналардан бир-бир босиб институт
ректори Тоштурғун Эргашев тушиб келаётганди.У мен томонга қарагандай
бўлди.Кўзи тушган бўлса "кўриб туриб сўрашмай кетди",демасин дея бориб
саломлашдим.
У уйдагиларни ва бошқа қишлоқдагиларни сўрар экан охирида:"ўзингизнинг
ишларингиз қалай",деб сўраб қолди.Мен бекорчиман,туманлар бирлашиб
ҳозир таътилдаман,дедим.
-Унда бизга ишга келмайсизми,бекор юргунча-деб қолди у киши.
Мен эса:"яхши бўлардикуя,лекин мен эрталабдан кечгача хонада ишлаб ўрганмаганман,сабрим чидамайди",дедим.
-Кечгача бўлмаса,соатбай дарс олингда ҳафтада уч кун ишланг,кейинчалик
кўникма ҳосил қилгач тўла ишлайверасиз-деди Тоштурғун ака.
Мен ҳўп уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрай,дея домла билан хайрлашиб йўлга тушдим.