Институтдаги
дарслар тугади,газетадан таътилга чиқдим.Шу боис ўша йилларда СССР
таркибидан чиқиб мустақилликни ёқлаётган Болтиқбўйи Республикаларига
дам олишга бордим.Ҳам дам олдим,ҳам кўп нарсаларни ўз кўзим билан
кўриб,билиб келдим.
Ўша йиллари аниқ билмайман Ўзбекистонда реклама нашрлари бормиди-йўқми,аммо вилоятда аниқ биламан йўқ эди.
Шу боис бизда ҳам кўп идора,ташкилот,корхоналар ва одамлар ҳам ўз
эълон ҳамда хабарларини бир реклама газетида эълон қилинишига
эҳтиёжлари бор эди.
Шу мулоҳазалар билан "Камалак" номи билан реклама-тижорат газетини
ташкил этдим.Бу реклама газетидан келадиган моддий даромад яхши
эди,бироқ атрофдаги воқеликни акс эттиролмасди.
Ўша пайтларда ҳамма ОАВ ҳам "қайта қуриш" шарофати билан анча-мунча
дадил чиқишлар қилаётганда реклама газети чиқариб ўтириш ҳам менга эриш
туюлди.
Шу боис уни бирга ишлайдиган ҳамкасблардан Мирзааҳмад Мирзаабдуллаевга
топширдимда ўзим ҳамкорлик қилаётган "Муштум" журнали билан ижодий
муносабатларимни кучайтирдим.
Ҳар қалай ўша йилларда унча-бунча қаламкаш ёзишга журъат
этолмайдиган мавзуларда мақолалар ёздим.Улардан бири ҳатто СССР Бош
Прокуратурасини ҳам саросимага солгани боис анча шов-шувга сабаб
бўлганди.У "Муштум"нинг 1990 йил май ойи иккинчи ярмидаги сонида эълон
қилинган "Ҳақиқат йўли узун ёҳуд ўзбеклар иши ҳамда Аҳмаджон Одилов
тақдири" номли мақола эди.
Ўша мақоладан сўнг СССР Бош Прокурори ўринбосари бўлган ва
Ўзбекистонда Гдлян,Иванов,Юмашколар тергови устидан назорат қилган
Борис Свидерский ўз имзоси билан "Куда ведёт дорога Ризо Обидова"("Ризо
Обидовнинг йўли қаёққа олиб боради?"тарж.Р.О.)сарлавҳали раддия ва
ҳибсга олиш санкцияси билан тўппа-тўғри "Муштум"нинг ўша пайтдаги бош
муҳаррири Неъмат Аминовга кириб келган.
Неъмат Аминов анча пайтгача ҳамкасбларга Свидерский билан даҳшатли
учрашув ҳақида ҳикоя қилиб юрди.Бу ҳақда Ўзбекистон ТРК мухбири Маҳкам
Рихсиев ҳам "Покланиш" дастури орқали эшиттиришлар тайёрлаганди. Мен эса бу пайт бошқа бир лойиҳамни амалга ошириш устида ишлаб юргандим.
Ўшанда "Муштум"нинг бош муҳаррири Неъмат Аминов ҳам ўзига ўринбосарлик қилишимни таклиф этганди.
1990 йилларда Шуҳрат Жабборов муҳаррир ўринбосари эди.У кейинчалик
"Ўзбекистон овози" газетига муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга ўтадиган
экан,бу кейинчалик маълум бўлди.
-Ҳазиллашмаяпсизми-дедим Неъмат Аминовга.
-Йўқ,жиддий айтяпман-деди у киши.
-Шундоқ нуфузли журналга бутун Ўзбекистонда қанчадан-қанча "ман" деган журналистлар туриб мендан бошқаси йўқми?
-Сиз ҳам бошқалардан кам эмассиз,муносиб бўлмасангиз айтмасдим.
Неъмат Аминов таклифи бир томондан ўша пайтда машҳур журналда ишлашга
қизиқиш уйғотарди,лекин менда очиғи раҳбарликка рағбат йўқлиги учун ҳам
ўйлаб кўришни ортга суртмай рад жавобини айтдим.
Кўп ўтмай ёш рассом ва шоир Илҳом Зоир,деган унчалик таниқли бўлмаган ижодкор "Муштум" бош муҳаррири ўринбосари бўлди.
70."Чангак"
Неъмат Аминов таклифини рад этгач Наманганга қайтиб келиб, Янгиқўрғон
туман ижроқўм раиси Баҳодир Аҳадов,деган кишига учраб газета ташкил
этмоқчилигимни айтдим.
У мен тақдим этган ҳужжатларни кўриб чиқдида,аризамга имзо чекиб берди.
Ҳаш-паш,демай "Чангак" адабий-бадиий сатирик газетасига асос солинди.У
ўз муҳри ва банкда ўз ҳисоб рақамига эга бўлди.Галдаги иш "Чангак"ни
босмадан чиқариш қолганди.
Албатта бу газетани чиқариш шунчаки хом хаёл эмас эди.Шундай газета чиқариш
ғоясини бир йил аввал Неъмат Аминовга айтгандим.
"Чангак" заҳирасида
"Муштум"даги касбдошларнинг ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган ҳажвий
асар,фелъетон,карикатуралари бор эди.Айниқса цензура йўл бермаган
компартияни фош этувчи бир чемодан карикатурани ўша пайт "Муштум" бош
рассоми Эмил Рўзибоев ҳадя этганди.
Лекин қайси босмахонага бормайин уни чоп этишни: " ишларимиз кўп
бошқа босмахонага олиб борсангизчи" ва шунга ўхшаган баҳоналар айтиш
билан рад этиша бошлади.
Босмахонадагилар туман ва вилоят компартиялари нашри бўлган расмий
газеталардан бошқа газета бўлиши мумкинлигини ўша пайт тасаввур ҳам
қила олмасдилар.
Ниҳоят уни чоп этиш учун салкам қирқ километр олисдаги вилоят
босмахонасига олиб боришга мажбур бўлдик.Аммо улар ҳам вилоят матбуот
бошқармасидан рухсат олинг,кейин босамиз,деб қолишди.
Бу мустақил газета,мана муҳри,банкда ҳисоб рақами,мана давлат
рўйхатидан ўтгани ҳақида гувоҳнома,дея "Ударник"(ҳозир Ибрат
номли)босмахона директорига ҳарчанд тушунтиришга уринмайин бари бефойда
бўлди.У " йўқ",дея оёқ тираб туриб олди.
Шундан сўнг вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи Омонулло Қамбаровга учрашдим.Лекин у бундай газетага камида вилоят миқёсидаги бирор-бир ижодий жамоа муассис бўлиши керак,деб қолди.Хусусий газета бўлиши мумкин эмас,деди у.
Қайтиб келиб яна Омонулло Қамбаров ҳузурида бўлдим .
-Мана айтганингиздай ижодий жамоа муассис бўлди,бўлгандаям "Муштум" журнали,дедим хурсандлигимни яширмай.Аммо Қамбаров ҳужжатлардаги ҳар бир варағида "Муштум" муҳрини кўриб чиқар экан,афти ғалати бужмайиб кетди.
Оббо,яна нима керак экан-а,деб тургандим у:"Ўзбекистон журналистлар уюшмаси билан келишилган,деган розилик керак",деб қолди.
У билан тортишув бефойда эди.Самолётга ўтириб Тошкентга учиб келдим. Ўша пайтдаги Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Лутфулло Кабировга учрашдим.
У "жуда зўр бўлади шундай газета бўлса",дедида уюшма муҳрини босиб розиман,дея имзо чекиб берди.
Аммо Омонулло Қамбаров эса...
-Нега улар мени ёмонотлиқ қилиб кўрсатмоқчи бўлишади-а?Ўзлари чамбарагулчин қилиб имзо чекиб,муҳр босиишади-да,ортидан рухсат берманг,деб қўнғироқ қилишади-дея фиғони фалакка чиқди.
Хуллас "Чангак" ка йўл берилмади.Кимлар унинг чоп этилишидан чўчир эди,кейинчалик маълум бўлди.
Аммо ўша пайт "Чангак" адабий-бадиий сатирик нашр бўлиб, унинг низомига кўра нафақат газета чоп этиш, бошқа фолият турларини амалга ошириш ҳам назарда тутилгани боис ноширлик ишлари билан анча шуғулланиб юрдик.