"Муштум" журналида бир неча ёш журналистлар-Қулман Очил, Абдураззоқ Обрўев сингари қалами ўткир ижодкорлар аллақачон цензуранинг жиғига тегиб бўлишганди.
Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати ижодкорларга ўша пайтларда анчайин эркин фаолият юритишга йўл очиб берган бўлсада вақт ўтиб анча-бунча тўсиқлар пайдо бўла бошлади.
Бу пайтга келиб Қулман Очил Республика Болалар Фонди таъсисчилигида "Оила ва жамият" газетасини ташкил этиб,унга ёш журналистларни жалб этди.Мен ҳам унинг таклифи билан газетанинг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлиб ўтдим.
Газетада ҳамкорлик қилиш билан бирга "Чангак" газетасини чоп этиш йўлларини қидиришдан тўхтамадим.
"Чангак" идораси учун Намангандаги "Тўқимачилар" маданият саройидан ижарага иккита хонани олиб фаолият юргизардик.
Бу саройда тез-тез турли йиғин-тадбирлар бўлиб турар эди.Шу маданият саройи Намангандаги машҳур тўқимачилик комбинати ихтиёрида эди.Сарой жамоаси "Оила ва жамият " газетасига ҳомийлик ҳам қилар,унинг директори Баҳодир Эшонхонов газета маслаҳат кенгашининг аъзоси эди.
72."Истиқлол"
Ўша кезларда мавжуд ҳукуматга мухолиф бўлган "Бирлик" халқ ҳаракати одамлар орасида анчайин ишонч қозонганди."Бирлик"нинг Наманган вилоят Кенгаши раиси Носир Зокир ҳаракат фаолиятини кўп жиҳатдан ўша даврга нисбатан юқори поғонага кўтаришга эришганди.
"Тўқимачилар" саройидаги тадбирлардан бирида Носир Зокир билан кўришиб қолдик.Суҳбатимиз мавзуи ОАВга бурилди,шунда у "Бирлик"нинг Наманган вилояти газетасини биргаликда ташкил этсак,деб қолди."Чангак"ни чиқариш қийин бўлиб турган бир пайтда мухолифат газетини чоп этишга рухсат ола билармиканмиз,дедимку,лекин ҳаракат қилишга келишдик.
Наманган "Бирлик" ҳаракати жамиятда ўз мавқеига эгалиги ва Носир Зокирнинг жасорат ва журъати билан "Бирлик"нинг "Истиқлол" рўзномасини анча қийинчилик билан эсада рўйхатдан ўтказиб,гувоҳнома олишга эришдик.
"Чангак"ка оқ йўл тилаганлар "Истиқлол"дек мустақил газетага ҳайриҳоҳликларини билдириб қутладилар."Муштум" журналидан мерос бўлиб ўтган таъқиқланган асарларнинг айримлари "Истиқлол" туфайли ёруғлик кўрди.
Аммо "Истиқлол"нинг 2-сони дастгоҳдан чиқиши билан уни тўхтатиб қолишга расмий идоралар ҳаракат бошладилар.Лекин унинг кўп қисми газета дўконларига тарқатиб улгурилган,аммо унинг ҳар бир дўкондан хуфя ташкилот ходимлари кўтарасига сотиб олишга ҳаракат қилишарди.
Табиийки учинчи сони чиқариш йўлига ҳукумат тўсиқни маҳкам қўйиб улгурганди.
Биз босмахона ва газета ўртасидаги шартномалар,матбуот бошқармасининг қонуний рўйхатдан ўтказганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар билан тўсиқ бўлаётган ташкилотлар устидан судга мурожаат этгандик.
Судга раислик қилган Наманган шаҳар суди раиси ўринбосари Донохон Раҳимбоева вилоят босмахонаси ва матбуот бошқармаси "Истиқлол"нинг асоссиз тўхтатиб қўйгани, шартномада кўрсатилганидек газета чоп этилишини асоссиз ортга тортгани учун ўша вақтдаги миқдор бўйича 2 ярим миллион сўмдан кўпроқ жаримага тортди.
Бу пул миқдорини тўлаш учун босмахона бор бисотини берганда ҳам қарздан қутулмас эди.Матбуот бошқармаси эса давлатнинг боқиманда ташкилоти бўлиб ойлик маошини учма-уч оларди.
Жарима миқдори соат сайин ошиб бориши тўғрисида ажрим чиқди.Лекин босмахонадагилар жарима тўлаш тугул ўзларидан сотиб олганимиз бир тоннадан ортиқ газета қоғозни ҳам ўзлаштира бошлашди.
Кейинчалик маълум бўлдики "Бирлик"чи Хайрулла Қосимовнинг китоби шу қоғоз ҳисобига чоп этилибди.Ваҳоланки қоғоз "Чангак" газетаси мулки бўлиб у "Истиқлол"га ҳадя этилганди.
Буни "Бирлик"нинг вилоят раҳбари Носир Зокир яхши билар эди.
"Оила ва жамият"да эълон қилинаётган танқидий чиқишларим ҳам расмийларга тикон бўлиб санчиларди.
"Оила ва жамият" газетидагилар Тошкентга чақириб қолишди.
Уларга менинг "тикон"ли танқидларимми ёҳуд мен каби мухолифат газети муҳаррири билан ҳамкорлик қилмаслик айтилганми Қулман Очил ўз ҳоҳишимга кўра ариза ёзиб ишдан бўшашимни сўради.
Ҳамкасблар мен туфайли нохушликларга гирифтор бўлишмасин,деган ўй билан ариза ёзиб бердим.Улар хурсанд бўлишди.