Ризобек Вторник, 2025-07-22, 11.45.34
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Октябрь » 1 » АДАБИЁТ
    11.32.59
    АДАБИЁТ
    Юсуф ЖУМА:Янги шеърлар

    Бир умрда бир кеча бахтли бўлай ҳеч бўлмаса

    Ёноғингдан жой берибсан кунларга
    Менга ҳам бир бўсалик жой берсанг-чи.
    Холларингдан жой берибсан тунларга
    Менга ҳам бир бўсалик жой берсанг-чи.

    Сочларингдан сунбулга жой берибсан,
    Қоматингдан бор гулга жой берибсан,
    Бўйларингдан бод елга жой берибсан,
    Менга ҳам бир бўсалик жой берсанг-чи.

    Гар қизғанса қошларингни янги ой,
    Пойинг борку, тўлин ойдан гўзал жой.
    Юсуфга бас бир бўсалик пойдан жой,
    Менга ҳам бир бўсалик жой берсанг-чи.

    XXX

    Дединг: қоронғулик, атроф зимистон,
    Еру кўк орасин босгандек қурум.
    Кўзимга кўринмас бирон бир инсон
    Ҳеч ким йўқ, ҳеч ким йўқ, ҳеч ким йўқ, ҳеч ким.

    Эй дўстим, наҳотки зулмат гуноҳкор,
    Зулмат айбдорми гар бўш бўлса хум?!
    Осмонга чиқса ҳам минг қуёш қатор,
    Инсон тополмайсан, топилмас ҳеч ким.

    XXX

    Одамзотни айлаган
    Бор тубанликдан бино.
    Қароқчидай тунайди
    Онасини ҳам ҳатто.

    Мен норизо эмасман
    Тубанликдан битгандан.
    Норизоман, норизо
    Уни бино этгандан.

    XXX

    Меҳр кўрмагандан меҳр кутманглар
    Қадр кўрмагандан қадр кутманглар.

    Ой қуёшни кўрган шу боис нурли
    Кўршапалаклардан ўт, нур кутманглар.

    Ота кўр, она кўр, халқ кўр, авлод кўр,
    Зинҳор кўзи очиқ бир эр кутманглар.

    Кўрсичқон туғилар кўрсичқонлардан,
    Арслон кутманглар, сор, шер кутманглар.

    Энг аччиқ нарсада – ҳақ сўзда меҳр,
    Юсуфдан бошқадан меҳр кутманглар.

    XXX

    Лахта қон бўлмасанг ошиқ эмассан,
    Лахта қон ичинда яшар муҳаббат.
    Устихон бўлмасанг ошиқ эмассан
    Устихон ичинда яшар муҳаббат.

    Қатим ўтган жойдан ўтади Мажнун,
    Қатимдай инжа бел ишқида дилхун.
    Гар хазон бўлмасанг ошиқ эмассан,
    Оҳ, хазон ичинда яшар муҳаббат.

    Жаннат таъмасида эмасман зинҳор,
    Дўззах ҳам ризвондир бирга бўлсак, ёр.
    Гар қурбон бўлмасанг ошиқ эмассан,
    Бил, қурбон ичинда яшар муҳаббат.

    Ёр деб бенишонлик севгидан нишон,
    Бенишонлик фақат менда намоён.
    Бенишон бўлмасанг ошиқ эмассан,
    Бенишон ичинда яшар муҳаббат!

    Юсуф, ўлмаганлар ошиқ эмасдир,
    Тупроқ бўлмаганлар ошитқ эмасдир.
    Шаҳид жон бўлмасанг ошиқ эмассан
    Шаҳид жон ичинда яшар муҳаббат.

    XXX

    Юздаги холинг билан ёлғиз қолайин бир кеча
    Лабдаги болинг билан ёлғиз қолайин бир кеча.

    Жонимни шабнам қилай, гул, барча япроқларига
    Қадди ниҳолинг билан ёлғиз қолай бир кеча.

    Бир умрда бир кеча бахтли бўлай ҳеч бўлмаса
    Толе—висолинг билан ёлғиз қолайин бир кеча.

    Ҳар кеча беишқларни фалак этади бахтиёр,
    Сийнанг—шафтолинг билан ёлғиз қолайин бир кеча.

    Бир куни кун бўлмаган қон Юсуфман, бир туним
    Кун бўлсин, холинг билан ёлғиз қолайин бир кеча.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz