Ризобек Четверг, 2024-11-14, 20.54.34
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Октябрь » 4 » Чизгилар
    14.43.06
    Чизгилар
    Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?

    81.Янги олийгоҳ

    Наманган шаҳри водий шаҳарларига жўғрофий нуқтаи-назардан анча қулай манзилда жойлашган.

    Тожикистоннинг Хўжанд вилояти,Қирғизистоннинг Ўш,Жалолобод вилоятлари билан ҳам чегарадош.

    Шуларни ўйлаб Наманганда олийгоҳ ташкил этилса узоқ-яқинга қатнаб ўқиётган ёшларга қулайлик яратилади ҳамда аввалгидай совет давридан қолган бир қолипли ўқитиш эмас,замонавий касб-ҳунарли мутахассисликларга эга бўлишади,деган фикрга келгандим.

    Шу боис ҳам Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси воситачилигида Киевдаги Ҳалқаро ҳуқуқ ва бизнес бошқаруви институти билан алоқа боғладим.Мақсад ўша замонавий институтнинг филиалини Наманганда ташкил этиш эди.

    Кўп ўтмай институт раҳбариятининг розилиги ва олийгоҳнинг тўла ҳужжатлар пакетини олдим.

    Галдаги вазифа у жойлашадиган ҳудудда ўқув-машғулотлар ва олийгоҳга қабул қилинувчилар учун ётоқхона биноси керак эди.Шунингдек институт ҳуқуқий мақомга эга бўлишини расмийлаштириш.

    Наманган шаҳри Давлатобод тумани ҳокимлиги қарори билан институт ҳуқуқий мақомга эга бўлди.Шу туман ҳудудида жойлашган банкрот бўлган ва қаровсиз ҳолатга келган Наманган мебелсозлик корхонасининг тўрт қаватли "Мебелсозлар уйи" биносини кўз остимга олиб қўйгандим.

    У бинони ижарага олиш учун мебелсозлик корхонаси раҳбарига учрашдим.Ўша пайтлари улар Русиядан ёғоч материаллари келтирилиши тўхтаб аранг фаолият юргизаётган,бутун бошли корхонада буюртма бўйича кичиккина бир цех ишларди холос.

    Албатта бинони менинг ижарага олиш хусусидаги таклифим унинг раҳбарига маъқул келди.Бироқ унинг айтишича ўша пайт бинонинг биринчи қаватида бир нечта кичик корхоналар ўзларига офис очишгани ва уларнинг ҳам шартномаси борлиги учун чиқариб юборолмаслигини айтди.Мен эса уларни чиқариб юбориш керак эмас.Бизга бошланишига юқоридаги икки қават етарли эканини ва бундан ташқари ўша идораларда талабалар тўғридан-тўғри амалий машғулотлар ҳам ўтказишлари учун қайтангга тайёр шароитлигини айтдим.

    Кўп ўтмай бино таъмирланиб,айрим хоналар ўқув хоналари этиб мослаштирилди.Ўн иккита компьютерлар билан ва шунча лингофон билан ўқувнинг техника воситалари билан жиҳозланган хоналарни тахт қилдик.

    Бу ишларнинг ҳаммасида ўша пайт институт ўқитувчиларининг кўпчилиги маошсиз қолиб,тижорат билан шуғулланиб юрган ТошПИ Наманган филиалида танишганим техника фанлари доктори,профессор Пўлат Абдураҳимов кўмаклашарди.

    Ҳамма ишнинг бошида у.Мен асосан ташкилий ишлар билан банд эдим.Айтганимдай ўша бинода жойлашган тадбиркор хусусий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қилаётган ишимизга қизиқишиб хайриҳоҳлик қилишарди.

    82.Қабул

    Қўшни республикалар ва Фарғона водийсидаги ОАВда институтга тижорий асосда талабалар қабул қилиниши хусусида эълонлар бердик.

    Биз ҳали имтиҳонлар бошланмасдан туриб бўлгуси талаба ёшларнинг лаёқатлиларини танлов асосида ҳужжатларини қабул қилардик.Чунки хўжакўрсинга фалонча ҳужжат топширганлар бўлди,деган бефойда ҳисоботнинг кераги йўқ эди бизга.

    Ўшанда танлаб олганларимиз 120 абитуриентдан 110 таси имтиҳонларни ҳам муваффақиятли топшириб талаба бўлишди.

    Уларни аввалдан жиҳозлаб қўйилган бинонинг учинчи тўртинчи қаватидаги ётоқхонага жойлаштирдик.

    Олийгоҳ "яшил бозор",деб аталувчи бозорга яқин жойлашган ҳудуднинг маъмурий идоралари ҳам яқин ва сўлим хиёбонларга туташ эди.

    Асосийси эса ўша пайтда Намангандаги олийгоҳларда ном қозонган олимлардан иборат жамоа талабаларга сабоқ бера бошлашди.

    Бошқа олийгоҳларда ўқийдиган талабалар ҳам бизнинг олийгоҳга кириш орзусида ўқиб турган олийгоҳларини ташлаб қабул қилишимизни сўрашарди.
    Айрим ўта иқтидорлиларини имкониятимизга яраша қабул ҳам қилдик.Аммо ҳаммасига ўқув хоналаримиз етарли эмасди.

    Шу тариқа уч ой машғулотлар бўлиб ўтган,қилаётган ишимиздан ғоят мамнун эдик.Бироқ...

    Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиб қолди.Унга кўра биз ташкил этган каби бошқа давлатлар олийгоҳлари филиаллари фаолияти тўхтатилиши керак эди.

    Биз ахир талабалар қабул қилиб қўйганмиз улар қаёққа боришади,бунинг устига ахир улар ўқиш учун олдиндан пул ҳам тўлаб қўйишган, ҳеч бўлмаса биринчи қабулланганлар ўқишларини якунлаб олишсин,дея Олий таълим вазирлигидагиларга мурожаат этдик.

    Улар эса сизнинг институтингиз бизнинг тасарруфда эмас,ҳеч қандай ёрдам қила олмаймиз,дейишди.

    Бу ҳақда қарор чиққанидан хабардор бўлган айрим талабалар ва уларнинг ота-оналари фарзандлари биз туфайли бир йил йўқотишларида айблаша бошлади.Бу борада бизнинг айбимиз йўқлигини исботлаб ўтириш бефойда эди.Қандайдир чора топиб институтни сақлаб қолиш керак эди.

    Ризо Обид.

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz